Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
12 июль, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

27.06.2024


ЖУРНАЛИСТИКАНИНГ ЁЗИЛГАНИДАН КЎРА ЁЗИЛМАГАН ҚОНУНЛАРИ КЎП

Сараланган сатрлар

Газета ишидан бохабар кишилар билади: ҳар қандай материал омма эътиборига етиб боргунича ўзига хос йўлни босиб ўтади: аввал муҳаррир, сўнг масъул котиб, охирида бош муҳаррир кўриб маъқуллаган мақола газета саҳифаларидан жой олади. Бошловчи журналистга ҳар не ёзгани шедевр бўлиб туюлса, соҳада суяги қотганлар ўзига маъқул келмаган мақола бошқаларга ҳам ёқмаслигини тушунади ва саралаб, танлаб халққа тақдим этади. Ўзганинг нигоҳи билан ўзига баҳо бера олиш учун эса одам кўп ўқиган, тажриба тўплаган, холис бўла олиши даркор.

Юртимиздаги кўп журналистларнинг устози Аҳмаджон Мелибоев янги китобини "Ўзимдан ўтганлари" деб номлабди. Эътироф этилишича, ушбу тўпламдан юздан ортиқ мақола жой олиши керак бўлган ва уларнинг аксари муаллифнинг ўзидан ўтмаган. Ўтганларида эса бугуннинг нафаси: юртда ва дунёда кечаётган воқеаларга тезкор муносабат ва теран нигоҳ, қолаверса, кўп китоб ўқиган журналист қалами яққол кўзга ташланиб туради.

* * *

Прагадаги муҳташам магазиндан болаларимга пойабзалчалар сотиб олдим. Бошқа бўлимга ўтгандим, у ерда янада чиройлиларини сотишаётган экан. Икки жуфтини танлаб, кассанинг олдига келгандим, сотувчи аёл қўлимдаги харидимни кўриб, йўқ, сизга сотилмайди, дегандай совуқ муомала қилди. Таржимон аёл бу ерда болалар кийимлари асосан ички талаб учун тайёрланишини қулоғимга шивирлади.

Бу мамлакатда "Аввал ўзимиз, кейин ўзгалар", деган мақол бор экан. Биз эса, Фарида Афрўз куюнганидай, "мезбон қолиб, меҳмон билан оворамиз..."

* * *

Парижнинг Версал саройида Жанна д'Арк суратига узоқ вақт тикилиб қолганимни эслайман. Бу тикилиш яна такрорланди. Сиз ҳам бир тикилинг-чи Усмоннинг бу асарига: "Рауф Парфи "Қаердасиз?" деган жуда нодон саволга табассум билан: "Шу... шу... Халқ эшигида..." деб жавоб берарди. Одамлар кулишарди... Пулни писанд қилмайдиган одам эди. Пул нима, хазон нима - унга барибир эди...

Шоирнинг ҳаёти муаммолардан иборат эди... Оқибат, буюк шоир охирги йўлга ўз уйидан чиқмади. Унинг тобути бировнинг уйидан кўтарилди. Бунга ҳеч ким айбдор эмас. У эпланиши қийин одам эди... У мутлақ эркинликни истарди. Шеъриятдан бошқа иш унинг учун ножиддий эди. Рауф Парфи парвоз учун яратилган қушга ўхшарди. Аммо ерга қўнмасдан бўладими?"

* * *

Шу одатимдан воз кечмадим. Ҳар куни бир нима ўқимасам бўлмайди, ўзимни зўр бир янгиликдан қолиб кетаётгандай ҳис этаман. Яна бир одатим - ҳаво айниб, самолёт уч-тўрт соат, баъзан бундан-да кўп вақт кеч учса, поезд кечикса, амалдорларнинг қабулхонасида қолиб кетсам, ҳокимбуваларни уззу-кун кутишга тўғри келса, олди-қочди тадбирларда зериксам, мутлақо асабийлашмайман, шовқин солмайман - портфелимдан китоб, журнал ёки ҳафталик газета олиб, ўқишга тутинаман, қоғозга бир нималарни ёза бошлайман. Бунинг роҳатига нима етсин.

* * *

"Шавла кетса кетсин, обрў кетмасин", деган гап бор. Эндиликда қаерда сўров ўтказилмасин, амалдор, тижоратчи, солиқчи, божхоначи, ҳуқуқ-тартибот соҳаси ходими - аксарият улус ўқиган китоблари рўйхатига "Ўткан кунлар"ни, албатта, киритади. "Бу китобни ўқимаганман", дейиш карьера йўлига тўсиқ бўлиши мумкин. Сиҳатгоҳ шифокорларидан бирининг айтишича, яхшигина лавозимга ўтиш учун суҳбатга келган номзод: "Ўзбек ёзувчиларидан кимларни биласиз, қайси асарларини ўқигансиз?" деган саволга: "Абдулла Қодирийнинг "Меҳрибон чаён" китобини ўқиганман", деб жавоб берган экан.

Майли, бу ҳам бир уриниш-да, қолаверса, бир раҳбарнинг Абдулла Орипов ижодини узоқ мақтаб, пафосли сўзлар айтиб бўлганидан кейин шоирнинг елкасига меҳрибонларча қўлини қўйиб, "Ака, хафа бўлманг, ким нима деса десин, аммо сиз "Сен етим эмассан"ни, барибир, зўр ёзгансиз", деганидан анча енгил.

* * *

Матбуотга қўрқув кўзи билан қарайдиганлар (якка шахслар, раҳбарлар), биринчи навбатда ўзини (ташкилотини, соҳани, хусусий фаолиятини) матбуотдан иҳота қилишга киришади. Тегишли чора-тадбирлар кўрилади. Бир вақтлар адабиёт газетасида мевани қайта ишлайдиган қалдирғоч корхона қурган тадбиркорга нисбатан адолатсизлик бўлаётгани ҳақида ёзганимизда, биринчи котиб газетанинг шу сонини вилоят ҳудудида тарқатмасликка буйруқ бергани, "Ўзбекистон овози"да эълон қилинган танқидий мақола учун туман ҳокими "Бундан буён бу газетага бир нусха ҳам обуна қилинмасин", дегани ёдимга тушади. Бундай ғаройиб мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Танқиддан холи соҳалар, мавзулар, ҳудудлар, баъзи ҳолларда - "алоҳида  шахслар" шундай пайдо бўлади.

* * *

Сўз ўз ҳолича яшамайди. У фикрга айлансагина, маълум таъсир кучига эга бўлади. Фикрлаётган одам яшашда давом этади. "Фикрлашдан тўхтаган одамнинг умри тўхтайди, энди у фақат мавжуд бўлиб қолади". Фикр жамиятни ҳаракат ҳолатида, ривожланишда ушлаб туради.

* * *

Германияда ҳар йили ўтказиладиган йирик халқаро китоб кўргазмасининг расмий шиори "Бугунги дунёни фақат китоб қутқариши мумкин", деган таъсирчан жумладан иборат. Шундай, аммо, бефарқ бўлинса, китоб дунёни бузиши, инсон руҳий оламини булғалаб ташлаши ҳам мумкин. "Ишонч" газетасида "Китобдан қўлингни торт, саводсиз", деган мақола чоп этилди. Бир тадбиркор ношир Чингиз Айтматов асарларига тўлдириш ва изоҳлар кирита бошлабди...

* * *

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов бир гапни айтиб берган эди. У кишининг танишлари бошқа тилда сўзлашишга шу қадар берилиб кетган эканки, телефон жирингласа, гўшакни кўтариб, беихтиёр "Да-да", дер экан. Неъмат ака ҳар гал шу танишига қўнғироқ қилганида, навбатдаги "Да-да"ни эшитиб, "Дадангмасман, Неъмат акангман", дер экан.

* * *

Денгизга ғарқ бўлган киши амаллаб кимсасиз оролга етиб олганида ҳам, "Э, қаранг-а, уйсиз-жойсиз, кийим-кечаксиз, маош-машинасиз яшаса бўлар экан-ку", демайди, уйга қайтиш йўлини қидиради. Босма матбуот ғарқ бўлганича йўқ, муҳтарам биродарлар, унинг бугунги ўктам овозини эшитса бўлади, бунинг учун вақти-вақти билан лор врачнинг кўригидан ўтиб туриш талаб этилади, холос.

* * *

Жамият қандай бўлса, унинг матбуоти ҳам шунга яраша: очиқ бўлса, очиқ, танқидни кўтара олиш даражасида бўлса, танқидий фикрларга бой, мақтовни ёқтирадиган бўлса - ҳайбаракаллачи ва ҳоказолар. Жамият ўз матбуотини ўзи яратади. Буюк Наполеон ҳар гал ҳокимият тепасига келганида: "Бугундан бошлаб менга француз газеталарининг кераги йўқ, мени қўшни давлатларнинг матбуоти мен ҳақимда нималар ёзаётгани қизиқтиради", дер экан.

* * *

Дунёни бефаросат одамлар бузганчалик бошқа ҳеч ким буза олмайди.

* * *

Журналистиканинг ёзилганидан кўра ёзилмаган қонунлари кўп. Бу соҳани танлаганларнинг вужуди ҳамиша уйғоқ, қалб кўзи очиқ бўлиши, бошқалар эътибор бермаган, сезмаган ҳолатларни аниқ-тиниқ кўра олиши керак. Илмийроқ қилиб айтганда, журналист жамиятнинг олд қатламидан жой эгаллаши, шу мавқега доимо муносиб бўлиши, фикрини бошқалардан кўра аввалроқ, кифтини келиштириб айтиши, журъати, дадиллиги билан бошқалардан ажралиб туриши талаб этилади.

* * *

Қизларнинг баъзилари оналарига хат ёзишибди. Улардан бирини ўқиб, ўзимни қўйгани жой топа олмай қолдим. Тўрт вараққа сиққан жароҳат вужудимни титратди. Ушоққина қизча ёшлигида ташлаб кетган онасини тушуниш учун қанча вақт ўзи билан ўзи курашибди, гоҳ нафрат устун келиб, ғазаб отига минибди, гоҳ бугун қаерлардадир сарсон-саргардон юрган, эҳтимол виждон азоби юрагини пора-пора қилаётган онасига раҳм кўзи билан қараб, ахир у менинг онам-ку, деган мушоҳадага борибди, охир-оқибат кечиримлилик туйғуси ғолиб келибди. Бу қизча шу кунгача мен учун оддий талаба эди, энди бўлса, фарзандимдай азиз бўлиб қолди.

* * *

Голсуорсининг "Осмонни тинч қўяйлик" сарлавҳали публицистик мақоласида "Туғилмаган болалар дунёдаги энг бахтли болалардир", деган хулоса бор. Шу бир жумла моҳиятан уруш ҳақида ёзилган том-том китоблардан устунлик қилади, назаримда. Негаки, унда урушнинг қонли юз-қўли ғоят аниқ кўриниб турибди. Туғилган болаларнинг кўпи уруш оловида ёнади, майиб-мажруҳ бўлади, уй-жойини, ота-онасини йўқотади. Туғилмаган болалар эса...

* * *

Жаноза маросимларида баъзан ноқулай ҳолатлар ҳам юз бериб туради. Бадиий адабиётимизни ўзининг гўзал тарихий романлари билан безаган устоз адибларимиздан бири жанозасида масжид имоми "Бу биродаримиз жуда кўп шеър ёзган экан", деди. Бошқа бир жанозада саккиз фарзандини ёлғиз ўзи тарбиялаб, ҳаммаларини олий маълумотли қилган муаллима онахон ҳақида ёш имом бир оғиз гапирмади, таҳорат қоидаларидан сўзлай кетди. Юрак ютиб, ҳар иккала имомга бу ҳолатдан таажжубланганимни айтдим. Анвар қори бундан хабар топган экан, бир йиғинда: "Аҳмаджон ака, имомларимиз ичида тажрибасизлари ҳам бор, тўғри танбеҳ берибсиз, бизга ёрдам қилибсиз", деди. Кўнглим жойига тушди.

* * *

Кулги тиши борга ярашади, куламан деган киши тишлари бутунлигида кулиб қолиши керак. Кейин кеч бўлади. Хо-холаб куламан, дейдию, ҳи-ҳилаб қолади.

* * *

Қочсанг, энди йўлга кирган кучуквачча ҳам қувишга тушади. Майли, шу ҳам бир хурсанд бўлсин, дея гоҳо қадамни тезлаштирамиз-да, ука.

* * *

Бу одамнинг фикрича, мушт деганлари одамга муштлашиш учун берилган. Фикринг нотўғри, деб кўринг-чи.

* * *

Бировнинг оти, бойлиги, ҳовли-жойи, овози ва ҳатто фикрини ҳам ўзлаштириш мумкин. Аммо бировнинг фаросати билан яшаб бўлмайди. Бунинг иложи йўқ.

* * *

Ғаразли ёлғон хамирга ўхшайди: ҳаш-паш дегунча кўпчийди, тоғорадан ошиб чиқади ва.. оширилган ёлғонга айланади.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

Report typo