Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 апрел, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

03.08.2023


Замонавий отеллар, экобоғ ва очиқ осмон остидаги ресторан

Туризм истиқболлари

Қарши шаҳрида тез орада бешта замонавий меҳмонхона мажмуасини барпо этиш бўйича умумий қиймати 6,7 миллион долларга тенг инвестиция лойиҳалари рўёбга чиқарилади.

Янги отелларнинг биттаси ҳузурида очиқ осмон остидаги ресторан, яна биттаси қошида эса экобоғ ташкил этилади. Меҳмонхоналар қурилиши қарийб 330 та янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Вилоятимизда туризм йўналишида амалга ошириладиган шу ва бошқа йирик инвестиция лойиҳаларига доир асосий маълумотлар давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 июлдаги қарори билан тасдиқланган рўйхатда қайд этилган. Вилоят марказидаги отеллардан ташқари, бу рўйхатдан кейинги вақтда тез-тез тилга олинаётган Китоб туманидаги дор йўли ва меҳмонхона (лойиҳа қиймати 15 миллион доллар) ҳамда Шаҳрисабз туманидаги замонавий аквапарк, кемпинг, меҳмонхона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларидан иборат туризм мажмуаси (2 миллион доллар) ҳам ўрин олган.

Умуман олганда, Президентнинг мазкур қарорида туризм йўналишидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳада давлат бошқаруви тизимини самарали ташкил қилиш билан боғлиқ яна кўплаб чора-тадбирлар жамланган. Уларнинг бир қисми туризм соҳасига қўшимча инвестицияларни жалб қилиш ва хусусий сектор учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали тармоқ инфратузилмасини такомиллаштириш, шу жумладан, ҳудудларда янги меҳмонхоналар барпо этилишини рағбатлантиришга қаратилган. Хусусан, 2024 йил 1 январдан бошлаб 2026 йил 31 декабрга қадар беш қаватдан паст бўлмаган меҳмонхона фойдаланишга топширилган тақдирда, инвесторларнинг янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун кетган харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тизими жорий қилинади. Бунда меҳмонхона 3 юлдузли тоифа учун 60 та хонадан кам бўлмаган, 4 ва 5 юлдузли тоифа учун 120 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга бўлиши керак. Янги объектни қуриш ва жиҳозлаш харажатлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан уч юлдузли меҳмонхонага ҳар бир хона учун 40 миллион сўм, тўрт ёки беш юлдузли меҳмонхонага 65 миллион сўм миқдорида қоплаб берилади. Республика бўйича меҳмонхоналар мавжуд бўлмаган туман (шаҳар)ларда янгидан қуриладиган дастлабки иккита 4 ёки 5 юлдузли ҳамда дастлабки учта 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналарга юқорида кўрсатилган харажатлар 50 фоизга оширилган миқдорда қопланади.

Шунингдек, 2026 йил 31 декабрга қадар дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан фойдаланувчи Ўзбекистон резидентлари бўлган ташкилотларнинг роялти харажатларини франчайзинг тўғрисидаги шартнома кучга кирган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида ҳар битта хона учун йиллик эквивалентда уч юлдузли тоифага эга меҳмонхона учун 200 АҚШ доллари, тўрт юлдузли тоифага эга меҳмонхона учун 400 АҚШ доллари, беш юлдузли тоифага эга меҳмонхона учун 600 АҚШ доллари миқдорида қисман молиялаштириш назарда тутилмоқда.

 

Report typo