Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 апрел, чоршанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

06.04.2021


"ТУЯ КЎРДИНГМИ, ЙЎҚ..."

Муаммо ва муносабат

Ёхуд нега очиқ-ошкора бузиб ташланган объектлар Нишон тумани мутасаддилари кўзига "кўринмаяпти"?

Кейинги пайтларда бирор тадбиркорга тегишли бино ҳокимлик манфаатларига кўра бузиб ташланиши, устига-устак компенсация пули тўлаб берилмаётгани ҳақидаги хабарларга қулоғимиз ўрганиб қолди. Ҳайтовур бу борадаги бебошликни Яккабоғ воқеаси анча тартибга киргизди. Бироқ шундан кейин ҳам ўзбошимчалик билан бузиб ташланаётган объектлар йўқ эмас, деб бўлмайди. Қуйида сўз юритадиганимиз воқеалар Нишон туманида юз берди. Аммо бу гал бино бузилишининг тепасида ҳокимият вакиллари тургани йўқ - уларнинг айтишича, ҳеч нарсадан, ҳеч қанақанги "буз-қур"дан хабардор эмаслар. Аллақандай дами баланд киши ўз билганича ўзгаларга тегишли дўконларни бузиб ташлаганмиш.

Ғалати, тўғрими?

Биласиз, қурилиш қилишнинг ўзи бўлмайди. Дейлик, биргина тандир айвон дейсизми, борингки, оддий товуқ катак қуриш учун ҳам бирмунча харажат, бирмунча ҳаракат талаб этилади. Тасаввур қилинг, чоғроққина савдо дўкони - катта сармоя сарфлаб, тиклаб олдингиз, ишингиз юришиб, рўзғорнинг камини шу ердан келадиган фойдадан тўлдираяпсиз. Аммо кун келиб корингизга яраб турган ўша дўконни ҳе йўқ, бе йўқ бузиб ташлашса ва бунга масъул идоралардан лом-мим деган жавоб бўлмаса, додингизни кимга айтасиз?

Гап шундаки, Янги Нишон шаҳридаги Пахтакор маҳалласида жойлашган, Қарши-Талимаржон автойўналишидаги мол бозори ҳудудида 1997 йилнинг январида туманнинг ўша вақтдаги ҳокими томонидан, қурилиш бўйича ўринбосари тавсияси асосида 22 фуқарога 24 квадрат метрдан ер майдони ўлчаб берилган. Шулар қаторида Қулмаҳмат Чориев ҳам дўкондорга айланган ва шохобчани турмуш ўртоғи  Ҳалима Муҳаммадиева номига расмийлаштириб, 2000 йилдан бери савдо фаолияти билан шуғулланиб келишган.

Энди, савдоям қўл қўлга тегмайдиган даражада бўлган, десак чин бўлмас. Ҳафтанинг ҳар шанба кунлари мол бозор, якшанба куни деҳқон бозори бўлганида, бир-икки сўм даромад келиб турган. Кўплаб ташкилотларда беш кун иш, икки кун дам бўлса, Пахтакордаги дўкондорлар учун икки кун иш, беш кун дам бўлган, десак тўғрироқ бўлади. Демакки, ҳафтанинг қолган пайтлари мижоз бўлмагани учун сотувчилар ҳам дўконга келмаган ҳисоб. Шу тарзда 20 йилдан ошиқ вақт давомида ишлаб келган сотувчилар 2019 йилнинг октябрь ойида бозор бўладиган кун келиб қарашсаки, бир нечта дўкон бузиб ташланган.

- Суриштириб билсак, бузувчи ҳам бегона эмас, шу ерда 2019 йилдан савдо билан шуғулланаётган "Бойқўрғон Шаҳрисабз" МЧЖ вакиллари экан, - дейди Қулмаҳмат Чориев. - Улар бу ерни ҳокимликдан олгани, шунинг учун бузиш-қуришга киришганини айтишди. Ҳокимлик номи билан бузаяптими, демак, тайинли асоси бор, деб ўйладик. Қолаверса, шу орада янги бозор қуриларкан, деган миш-мишлар бўлаётганди. Шунинг учун ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида туман архитектура бўлимига бордик. Масъуллар эса бозордаги дўконларни бузиш бўйича ҳеч қандай кўрсатма бўлмаганини айтишди.

Дарҳақиқат, шундан сўнг тинчи бузилган дўкондорлар кўмак сўраб,  тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинган Бош вазир қабулхонаси Нишон тумани вакили Тўйчи Хатамовга учрашишади. Вакил туман архитектура, кадастр хизмати ва ҳокимлик қурилиш бўлимига телефон қилиб гаплашгач, уларнинг ҳам хабари йўқ эканини билдиради.

"Бойқўрғон Шаҳрисабз" хусусий корхонаси раҳбари Гулмурод Бердиев билан учрашгани боришганида эса у ўша вақтда Қозоғистонда экани маълум бўлади. Телефонда гаплашишганида, Г.Бердиев "Туман прокурори А.Муҳаммадиев ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти туман бўлими бошлиғи ушбу дўконлар муддатини ўтаб бўлган, бемалол зовурга суриб ташлаб, ўрнига ўзинг янги дўкон қуришни бошла, деган топшириқ олганман, ҳеч қайси дўкон эгаларига бир сўм пул тўлаб бермайман, мен бир тадбиркордан сотиб олганман, хоҳлаган жойга мурожаат қилаверинглар", деб айтади.

Асл ҳолат қандай бўлган - буниси бизга қоронғи, аммо бир гуруҳ дўкон эгаларининг чеккасига "нусхалари Президент, Бош прокурор, вилоят ва туман ҳокимига", дея тиркалган аризасида шулар баён этилган.

2020 йил 20 январь куни Нишон тумани прокурори А.Раҳимов номидан Гулзор маҳалласида яшовчи Н.Рўзиев ва бошқаларнинг савдо дўкони ноқонуний бузиб ташланганидан норози бўлиб ёзган хатига жавоб келади. Унда қайд этилишича, Президентнинг 2017 йил 27 мартдаги "2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш Дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимининг 2019 йил 3 августдаги қарорига асосан "Нишон деҳқон (озиқ-овқат) бозори" МЧЖ тасарруфидаги мавжуд савдо дўконларининг олд қисмидан замонавий бозор қуриш учун ер майдони ажратилган. Бу ер майдони тадбиркорга тегишли савдо дўкони ёнидан ажратилган ва савдо дўконини бузиш ҳақида туман ҳокимининг қарори қабул қилинмаган.

Прокурорнинг билдиришича, ўрганишда савдо дўкони "Бойқўрғон Шаҳрисабз" МЧЖ ишчиси Г.Бердиев томонидан бузилгани маълум бўлган ва унинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 200-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли унга нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар Нишон тумани маъмурий судига юборилган.

Шундан кейин тадбиркор Н.Рўзиев етказилган моддий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилади ва зарар қоплаб берилади.

Ўз-ўзидан қизиқ ҳолат юзага келади: бозор ҳудудида бир эмас, етти дўкон буздирилган, аммо фақат биттасининг зарари тўлаб берилган, холос. Суддагилар ҳам масаланинг шу жиҳатига эътибор қаратмагани қизиқ. Тўғри, прокурорга ёзилган аризада Н.Рўзиев номи кўрсатилган, аммо "ва бошқалар" - дўкони бузилган яна 6 тадбиркор эканини  англаш учун одам қанчалик даражада эътиборли бўлиши керак?

Бу орада яна ёзув-чизув кўпайиб, айни масала бўйича туман прокурори номидан 2020 йил 19 февраль куни маҳаллий ҳокимликка хат юборилади. Ҳокимлик эса мурожаатни қонуний кўриш муддати тугашига 1 кун (!) қолганда, яъни 18 мартда жавоб йўллаб, унда савдо дўконларини бузиш тўғрисида туман ҳокимлиги томонидан ҳеч қандай кўрсатма берилмагани Қ.Чориевга тушунтирилгани таъкидланган.

Яна нима эмиш, ҳақиқатан ҳам ушбу савдо дўконларини шу ерда  фаолият олиб бораётган тадбиркор буздириб ташлабди ва бу бўйича судга мурожаат қилса бўларкан.

Савол туғилади: фуқаро ариза ёзиб нимага эришди? Судга мурожаат қилиш кераклигини ўзи билмасмиди? Ким буздиргани ва қайси идора номидан фойдаланилгани аниқ экан, нега бузувчини ҳокимликка чақириб масалага ойдинлик киритилмади? Нега шу ҳолат прокурорга йўлланган жавоб хатида акс этмади?

Туман адлия бўлими бошлиғи   М.Абраев номидан 2019 йил 29 октябрда келган жавоб хати ҳаммасидан ҳам ошиб тушади. Фуқаро кўмак истаб 19 октябрь куни адлия бўлимига мурожаат қилгандан сўнг улар туман қурилиш бўлимига хат билан чиқишибди. Натижада савдо дўкони туман ҳокимлиги томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилмагани ёки бузиб ташланмагани маълум бўлибди.

Кейинги жумла эса янада ғалати: "Келгусида Сизга тегишли савдо дўконини ўзбошимчалик билан бузиб ташлаган шахсга нисбатан ўзингизга етказилган зарар ўрнини қоплаш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига мурожаат қилишингиз мумкинлиги тушунтирилади".

Адлия бўлимидагиларнинг воқеа жойини ҳатто бориб кўрмагани бошқа масала, бироқ кимга мурожаат қилсанг, судга бор, дейишдан осони йўқ экан чамаси.

Ҳамма идорадан "судга бор, судга бор" деб жавоб келавергани учунми, Қулмаҳмат Чориев ахийри қозибувалардан кўмак сўрашга аҳд қилади. Аммо фуқаролик судларида жараён йўғон ичакдек чўзилиши боисми, икки томонни муросага келтирар, деган умидда вилоят ҳакамлик судидан мадад сўрайди.

Текинга мушук офтобга чиқмайди, деганларидек, ҳакамлик суди ҳам шунчаки раҳматга ишламас экан, 600 минг сўм йиғим тўланаркан. Хуллас, ўша айтилган 600 минг сўм тўланганидан бери ҳам 1 йилдан ошибдики, ҳакамлик судидан заррача наф бўлмаган.

Мазкур воқеаларга "Нишон саховати" деҳқон бозори МЧЖ раҳбари Икром Исматовнинг муносабатига қизиқдик.

- Дўконлар қачон ва нега бузилгани бўйича ҳеч қандай маълумотга эга эмасман, - дейди у. - Бу бўйича ҳокимнинг аввалги муовини Шуҳрат Норқобилов, кадастр бўлимидагилар шуғулланган. Мен 60 сотих жойда павильон қурдирганман, у дўконлар эса бизга қарамайди - "қизил линия"даги жойда ноқонуний равишда қурилган. Ўша жойдан коллектор - зовур ўтган, шунинг техника ўтадиган қисмида дўкон тиклаб олишган.

"Бозорқўм"га туман ҳокимининг дўкон учун ер ажратиш ҳақидаги қарорини эслатганимизда, эҳтимол қалбаки ҳужжат тайёрлаб олган бўлишлари мумкин, деган жавоб бўлди.

Шу ўринда бир мулоҳаза: бордию ҳужжат қалбаки бўлса, унда нега фуқаролик суди Н.Рўзиевнинг бузилган дўкони зарарини қоплаш бўйича ажрим чиқарди? "Бозорқўм" ўз ҳудуди яқинида 20 йилдан бери турган "ноқонуний" қурилишларни била туриб, нега буни бартараф этиш чорасини кўрмай томошабинлик қилиб келди?

Бу борада Нишон тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Усмон Набиев билан суҳбатлашганимизда, у ҳолатдан мутлақо бехабарлиги маълум бўлди.

Боз устига ҳамма идорада бузувчи кимлигини жуда яхши билишса-да, ҳеч ким уни чақириб, масалага ойдинлик киритиб олишни "истамагани" учунми, бизнинг ҳам "Бойқўрғон Шаҳрисабз" МЧЖ вакиллари билан боғланишга уринишларимиз бесамар кетди. Мавжуд ҳужжатлар, ўрганишлар эса 20 йил олдин дўконлар қурилишида эмас, бузилишида ғайриқонуний ҳолатлар мавжудлигини тасдиқлаётгандек.

Ўйлаймизки, туман мутасаддилари масалага аниқлик киритишади. Ҳар ҳолда очиқ-ошкор бузиб ташланган ўша шохобчалар ортидан қанча рўзғор юриб турганди. Янаям ким билади...

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo