Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 октябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

12.10.2023


Туман ҳокимлари ва бошқа мутасаддилар нега огоҳлантирилди?

Маҳаллий Кенгашларда

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ўз қарори билан вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси, автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси, "Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти ва "Ҳудудгаз Қашқадарё" газ таъминоти филиали раҳбарлари ҳамда Деҳқонобод, Китоб ва Қарши туманлари ҳокимларини огоҳлантирди.

Бунга Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Қашқадарё вилоятида истеъмолчилар кайфияти индексини таҳлил қилиш натижалари, шунингдек, мутасаддиларнинг аҳоли томонидан паст баллда баҳолангани ҳамда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда масъулиятсизликка йўл қўйганликлари сабаб қилиб кўрсатилди.

Вилоятимизда истеъмолчилар кайфияти индексини таҳлил қилиш натижаларига кўра аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унда келтирилган маълумотларга қараганда, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўтказган сўровда вилоятимизда аҳоли томонидан ҳокимлар фаолияти 10 баллик шкалада ўртача 6,1 балл билан баҳоланган. Нисбатан пастроқ балл Қарши (5,9), Китоб (5,5), Чироқчи (5,5) ва Деҳқонобод (4,9) туманлари ҳокимларига берилган.

Айни пайтда сўровда иштирок этганларнинг муайян фоизи Қарши (34 фоиз), Китоб (14 фоиз), Яккабоғ (21 фоиз) туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида (24 фоиз) ички йўллар таъмирталаблиги,  Қамаши (23 фоиз), Китоб (25 фоиз) ва Муборак (20 фоиз) туманларида газ таъминотида муаммолар мавжудлиги хусусида фикр билдиришган. Ичимлик суви таъминотидаги муаммоларни Муборак (38 фоиз), Нишон (31 фоиз), Ғузор (29 фоиз) ва Деҳқонобод (29 фоиз) туманларидаги респондентларнинг кўп қисми қайд этган.  Электр энергияси таъминотидаги муаммолардан эса Чироқчи туманидаги сўровда иштирок этганларнинг 21 фоизи ташвишда эканлигини билдирган. Иш ўринлари сони пасайиши билан боғлиқ муаммолар борлиги, айниқса, Касби (27 фоиз), Миришкор (22 фоиз), Шаҳрисабз шаҳри (15 фоиз), Китоб (14 фоиз) ва Косонда (14 фоиз) туманларида кўп таъкидланган.

Депутатлар шу ва бошқа бир қатор рақамларга ўз муносабатларини билдиришар экан, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Қодировга вилоят ҳокимининг ўринбосари М.Азизов ҳамда алоқадор ташкилотлар билан биргаликда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан вилоятимизда истеъмолчилар кайфияти индексини таҳлил қилиш натижалари (респондентлар жавоблари)га кўра аниқланган кўрсаткичларни қайтадан таҳлил қилиш вазифасини юклатишди. Шунингдек, тасдиқланган чора-тадбирларни белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлаб, бу борада масъулиятсизликка йўл қўйиб келаётган мутасадди раҳбарларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш бўйича таклифлар киритиб бориш зарурлигини ҳам уқтиришди.

Истеъмолчилар кайфияти индексини таҳлил қилиш натижаларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли доимий комиссиялари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликларига ҳам бир қатор топшириқлар берилди.

Шу ўринда аниқлик киритиш жоизки, истеъмолчилар кайфияти индекси - бу турли ижтимоий мавқега эга кишиларнинг ўзларининг ҳозирги ҳолати ва келажакдаги истиқболлари ҳақида билдирган фикрларидан келиб чиқиб шакллантириладиган кўрсаткичдир.

Ўз мухбиримиз

Report typo