Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 октябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

10.11.2022


ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР - ИНСОН ҚАДРИ УЧУН

 

13 ноябрь - тиббиёт ходимлари куни

Юртимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонланадиган тиббиёт ходимлари куни муносабати билан мазкур соҳада эришилган ютуқларни яна бир бор назардан ўтказдик. Дарҳақиқат, кейинги йилларда давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналган соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида катта ишлар қилинмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур ТЕШАЕВ вилоятимизда ана шу йўналишларда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритди.

- Тинчлик ва соғлик - инсон ҳаёти учун энг керакли неъматдир. Бу икки йўналиш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим негизлари этиб белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси асосида соҳа босқичма-босқич такомиллаштириб келинмоқда. Айни пайтда Қашқадарё вилоятида 299 та давлат, 622 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатмоқда. 

2022 йилда Инвестиция давлат дастури доирасида 12 та, "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" давлат дастури доирасида 12 та, Президент ташрифи доирасида берилган топшириқлар бўйича 19 та тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиш белгиланган. Яъни жами 43 та тиббиёт муассасасида 170,238 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.

Хусусан, энг йирик тиббиёт муассасалари ҳақида тўхталадиган бўлсак, Кўкдалада тиббиёт бирлашмаси ва кўп тармоқли марказий поликлиникаси биноси қурилмоқда. Нишон ва Косон туманлари тиббиёт бирлашмалари бинолари тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилиш арафасида. 

Шунингдек, республика ихтисослаштирилган наркология ҳамда дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказлари ва суд-тиббий экспертиза маркази вилоят филиаллари, вилоят ОИТС маркази, Шаҳрисабз тумани болалар шифохонасида кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Жорий йилда 2 та оилавий поликлиника, 8 та оилавий шифокор пункти фаолияти қайта тикланди. Косон туманида эндокринология бўлими ташкил этилди, Чироқчида ҳам бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда.

3 та ҳудудда - Шаҳрисабз шаҳри, Ғузор ва Касби туманларида  туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон томир касалликлари маркази фаолияти йўлга қўйилди. Улар энг ноёб тиббий ускуналар билан таъминланди. Хусусан, бу марказларда иш бошлаган гемодиализ бўлимларида беморлар учун катта қулайлик яратди. Янги очилган Кўкдала туманида ҳам худди шундай 4-муассаса - туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон томир касалликлари марказини очиш мўлжалланмоқда.

Айни пайтда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида жами 930 ўринга мўлжалланган "Она ва бола" кластери фаолиятини йўлга қўйиш бўйича иш олиб борилмоқда. Мазкур кластер болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидан ташқари перинатал марказ, туғруқ комплекси, скрининг маркази, репродуктив саломатлик маркази, болалар онкогематологияси, болалар кардиохирургияси, кардиореанимация бўлимларидан иборат бўлиши кўзда тутилмоқда.

 "Қишлоқ шифокори" дастури асосида олис ва чекка ҳудудлар 11 нафар олий маълумотли шифокор билан таъминланди. Уларнинг ҳар бирига 30 миллион сўмдан рағбат пули тўлаб берилди. Олис ҳудудларда шифокорлар учун 7 та хизмат уйи ташкил этилди.

Соҳада рақамлаштиришга алоҳида  эътибор қаратилаётгани тиббиёт ходимлари ва беморлар учун катта имкониятлар яратмоқда. Тизимдаги 222 та муассасага оптик толали кабель киритилган ва юқори тезликдаги интернет билан таъминланган. Тизим ходимлари компьютер саводхонлиги бўйича IT-марказларда ўқитилмоқда. Тиббиёт муассасаларида босқичма-босқич "Электрон поликлиника", "Электрон ҳужжат алмашинуви" тизимлари йўлга қўйилмоқда. Республика ихтисослаштирилган радиология ва онкология ҳамда эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказлари вилоят филиаллари сингари бир қатор муассасаларда "Электрон шифохона" тармоғи ишлаётгани беморларимиз учун катта қулайликлар яратди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 24 мартдаги фармойиши билан тасдиқланган "йўл харитаси" асосида ишни қандай ташкил этиш бўйича аниқ йўналишларни белгилаб берди. Вилоятимизда "Йўл харитаси" ижросини, энг аввало, пилот ҳудудлар сифатида Чироқчи тумани ва Қарши шаҳри,  сўнг бутун Қашқадарё вилояти миқёсида намуна сифатида кўрсатиш кўзда тутилди.

Шу мақсадда апрель ойидан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев, Президент маслаҳатчисининг ўринбосари Лазиз Тўйчиев раҳбарлигида вазирлик мутасаддилари ҳамда республиканинг барча ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари вакилларидан иборат 150 кишидан ортиқ гуруҳ бевосита амалий ёрдам учун вилоятга келиб жуда кенг миқёсдаги соғломлаштириш акцияси ташкил этишди.

Акция доирасида Чироқчи тумани марказида ва янги ташкил этилаётган Кўкдала тумани ҳудудида тиббий кўриклар ҳамда вазирнинг "Тиббиётдаги ислоҳотлар - инсон қадри учун" шиори остидаги сайёр қабуллари ташкил этилди.

Акция давомида жами 10 минг 331 нафар бемор кўрикдан ўтказилди. Шундан 1507 нафари оператив давога муҳтож деб топилди. 102 нафарида акция жараёнида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу каби тиббий кўрик ва скрининглар ҳудудларда изчиллик билан давом эттирилмоқда. Ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари вилоят филиалларида жорий йилда қуйидаги юқори технологик операциялар ташкил этилди: яъни 28 нафар беморга эндопротез қўйилди, 30 нафарда нейрожарроҳлик, 32 нафарда ошқозон-ҳазм тизими, 28 нафарда урологик, 93 нафарда офтальмологик, 448 нафар беморга кардиожарроҳлик бўйича юқори технологик  амалиётлар ўтказилди.

Тиббиётда халқаро ҳамкорлик катта аҳамиятга эга. Айниқса, кардиология йўналишида тиббий хизмат сифатини ошириш, замонавий ва илғор даволаш усулларини амалиётда кенг қўллашда бу жиҳат муҳим роль ўйнайди. Шу мақсадда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида жойлашган нуфузли кардиохирургия ва трансплантация илмий-амалий маркази клиникаси билан юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш бўйича меморандум имзолади.

Инсон қадрини улуғлаш, тиббиёт соҳасини халққа янада яқин қилиш мақсадида жойлардаги тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати муассасалари фаолиятини чуқур ўрганиб чиқиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган вилоятда тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш ҳудудий дастури бўйича "йўл харитаси"ни белгилаб олдик.

2022-2023 йилларга мўлжалланган мазкур дастур ижроси учун маҳаллий бюджетдан жами 26,6 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.  Унинг доирасидаҚарши шаҳар тез тиббий ёрдам маркази негизида Республика тез тиббий ёрдам маркази Қашқадарё ҳудудий филиали жойлаштирилади. Бу ерда таъмирлаш-реконструкция, қўшимча бинолар қуриш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Филиал замонавий талаблар асосида жиҳозланади, ягона "Call-марказ" ва ситуацион мувофиқлаштирувчи бўлим фаолияти йўлга қўйилади.

Бир сўз билан айтганда кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш йўлида бир қатор амалий чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Соҳада фаолият юритаётган 5069 нафар шифокорлар ва 37 минг 734 нафар ўрта тиббиёт ходимларига зарурий шарт-шароитлар яратиш, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш чоралари кўрилиб, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришилмоқда.

Президентимиз "Халқ тиббиёт соҳасига қанчалик ишонса, давлатга ҳам шунчалик ишонади. Халқ кўрсатилаётган тиббий хизматлардан рози бўлса - давлатдан, бугунги юритилаётган сиёсатдан ҳам рози бўлади", деб бир неча бор такрорлаб келмоқда. Бундай улкан вазифалар ва масъулият олдида турган сиз азизларни, ўз касбига фидойи бўлган касб эгаларини "Тиббиёт ходимлари куни" байрами билан самимий табриклаб, халқ саломатлиги йўлидаги ишларингиз ҳамиша бардавом бўлишини тилайман!

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

     Суратларда: Республика ихтисослаштирилган радиология ва онкология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятидан лавҳалар.

 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo