Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
2 май, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • Талабалар институтни тугатмасиданоқ доимий иш ўринларига эга бўлишди

Абдураззоқ МУРОДОВ

19.04.2024


Талабалар институтни тугатмасиданоқ доимий иш ўринларига эга бўлишди

Карьера куни

Бугун Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида “Карьера куни” ва “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” тадбирлари ўтказилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйишлари, ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш, доимий иш ҳамда муносиб даромад билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришдан иборатдир.

Тадбирнинг очилиш маросимида институт ректори Орифжон Бозоров сўзга чиқиб, юртимизда Президентимиз раҳбарлигида ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Шунингдек, “Uzbekistan GTL” МЧЖ бош директори Алишер Баҳодиров, вилоят ҳудудий инновацион ривожланиш бошқармаси бошлиғи Олимжон Мавлонов ҳам ўз мулоҳазаларини билдиришди.

- Жорий ўқув йилида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг бакалавр ва сиртқи таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликларини 3691 нафар битирувчи тамомлайди, - дейди институт маркетинг ва талабалар амалиёти бўлими бошлиғи Дониш Одилов. -  Ҳозирда битирувчилардан 997 нафари ўз иш ўрнига эга. Бундан ташқари, қуйи босқич талабаларидан 650 нафари ҳам ишли бўлган. Бугунги тадбирда эса талабаларимиздан яна 558 нафари муддатидан олдин ишга қабул қилинди.

Тадбирлар доирасида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамда акциядорлик тижорат Халқ банки ва “Ипотека банк” АТИБ вилоят филиаллари билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Институт бош биноси фойесида ёш олимлар томонидан илмий-тадқиқот ишлари намойиш этилди. Шунингдек, факультетларда талабалар ва битирувчилар учун иш берувчи корхоналар ходимлари, турли соҳа мутахассислари иштирокида давра суҳбати, маҳорат дарси ҳамда семинар-тренинглар ўтказилди.

- Тадбирда асосий халқаро ҳамкорларимиздан бири – Беларусь миллий техника университети билан телекўприк ташкил этилди, - дейди институт қўшма таълим дастурларини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Феруза Темирова. - Унда мазкур университет профессор ва ўқитувчилари ҳамда “2+2” дастури доирасида таҳсил олаётган ҚарМИИ талабаларининг мулоқоти ташкил этилди. Бу йилги ўқув йилида ушбу хорижий университетни 38 нафар талабамиз тамомлаб, қўшалоқ дипломларга эга бўладилар.

Бир сўз билан айтганда, бугунги тадбир фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни янада ривожлантириш, талаба-ёшларнинг бандлигини таъминлашда белгиланган давлат сиёсатининг амалдаги ифодаси бўлди.

Абдураззоқ МУРОДОВ

Суратларда: карьера куни тадбиридан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo