Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 апрел, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

09.11.2023


ТЎҚСОНБОСТИ ЭКИНЛАРИ - МЎЛ ДАРОМАД МАНБАИ

Тажриба

Эрта кўклам, иликузилди кезларида аҳоли дастурхонини сабзавот ва сервитамин кўкатлар билан тўлдириш, бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, қолаверса, ердан унумли фойдаланиш, қўшимча даромад манбаларини яратишда тўқсонбости экинларнинг аҳамияти беқиёс.

Шу боис ҳам мамлакатимизда деҳқончилик маҳсулотлари етиштиришнинг бу усулига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, ҳозир вилоятимизда ҳам боғ ва токзорлар оралари, дала четларидаги бўш майдонларга тўқсонбости экинларини экиш ишлари авжида.

Қамаши туманидаги Сарбозор маҳалласи аҳли ҳам тўқсонбости усулда кўкат ва сабзавотлар етиштиришнинг ҳадисини олган. Эртачи пиёз ва сабзи етиштириш маҳалланинг "ўсиш нуқтаси" сифатида белгиланиб, бу фаолиятни янада ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.

- Маҳалламиз деҳқонлари айниқса, эртачи пиёз етиштиришда катта тажриба тўплаган, - дейди маҳалла фаоли Мусурмон Сатторов. - Биз пиёз уруғини октябрь ойида исталган бўш майдонга тиғиз ҳолда экамиз. Уруғ ўниб чиқиб, майса олгунига қадар, асосий экин майдонларимиздан ҳосилни йиғиб олиб, ерни тайёрлашга улгурамиз. Шундан сўнг, яъни ноябрь ойи охири, декабрь бошларида эса уни кўчат қилиб, далага ўтқазамиз. Бу ердан самарали фойдаланиш билан бир қаторда ҳосилни анча эртачи бозорга олиб чиқиш имконини беради. Масалан, бир неча йилдан буён май ойининг бошлариданоқ бозорда янги пиёз етказиб беришни уддалаяпмиз.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, вилоятимизда 2024 йил ҳосили учун деҳқон ва фермер хўжаликларининг 22 минг 844 гектар боғ ва токзорлари қатор ораларига, шунингдек, дала четидаги майдонлар, аҳоли томорқаларида тўқсонбости усулда пиёз, саримсоқпиёз ва бошқа кўкатлар ҳамда айрим совуққа чидамли сабзавот маҳсулотлари экилмоқда.

Ўз мухбиримиз

Муаллиф олган суратлар.

Report typo