Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Спелеотуризм (ғор туризми)ни ривожлантириш бўйича ўзаро келишувга эришилди

14.07.2023


Спелеотуризм (ғор туризми)ни ривожлантириш бўйича ўзаро келишувга эришилди

Қашқадарёда туризмнинг бошқа кўплаб турлари (эко, астро, этно, агро ва гастрономик туризм) сингари экстремал  туризм ва, хусусан, спелео туризмни ривожлантириш борасида қулай имкониятлар мавжуд.

Бу ҳақда Ярослав Викторович Шеломенцев бошчилигидаги Ўзбекистон экстремал ва тоғ туризми федерацияси вакилларининг "Ҳисор" давлат қўриқхонасига қилган ташрифи чоғида сўз юритилди.

“Ташриф маркази”да бўлиб ўтган учрашув давомида меҳмонларга Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамаши туманлари ҳудудида, Ҳисор тоғ тизмасининг ғарбий ёнбағирларида, денгиз сатҳидан 1750 метрдан 4421 метргача баландликда жойлашган Ҳисор давлат қўриқхонасида атроф-муҳит муҳофазаси йўлида олиб борилаётган ишлар ва уларнинг самараси тўғрисида батафсил маълумот берилди.

- Учрашувда қўриқхона ҳудудида ўзига хос жозиба ва такрорланмас манзараларга бой бўлган ғорлар негизида спелеотуризмни ташкил этиш бўйича қулай имкониятлар борлиги таъкидланди, - дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши  вазирлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи Бобур Язданов. – Ҳамкорлик самараси ўлароқ катталиги икки метрдан ошиқроқ динозавр излари сақланиб қолган ноёб гўша, Тошқўрғон яқинидаги Амир Темур ғори ҳамда Ҳўккиз бурун шаршарасида экотуризм ва спелеотуризмни ривожлантириш учун давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш мақсадида кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш бўйича ўзаро келишувга эришилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo