Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 апрел, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

10.08.2023


Ситуацион марказ - тадбиркорлар ва инвесторлар кўмакчиси

Фармон ва ижро

Вилоятимиздаги "лойиҳа гуруҳлари" фаолиятини янада жадаллаштириш мақсадида шу йил 25 август кунига қадар вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси биносида  ситуацион марказ ташкил этилиши шарт.

Бу қатъий талаб вилоят ҳокимининг жорий йил 8 августдаги қарорида қўйилган.

Мамлакат Президентининг "Маъмурий ислоҳотлар доирасида инвестициялар, саноат ва савдо соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлашга қаратилган мазкур ҳужжатда ситуацион марказда инвесторларга "ягона дарча" тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатишда амалий ёрдам бериш мақсадида тегишли идора, ташкилот, корхона ва тижорат банкларининг малакали вакиллари (жами 15 киши)дан иборат ишчи гуруҳи фаолияти йўлга қўйилиши ҳам белгиланган. Зарурат туғилганда, ситуацион марказ фаолиятига бошқа тегишли соҳа масъуллари ҳам жалб этилиши мумкин.

Фармон талабидан келиб чиқиб, вилоятимиздаги ситуацион марказ инвесторларга давлат хизматлари, рухсат берувчи ҳужжатлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш ва қурилиш ишларини амалга оширишга доир ҳужжатларни олишда беғараз ёрдам беради ҳамда тадбиркорларга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида тадбиркорлик фаолиятини ва эскпортни молиявий қўллаб-қувватлаш жамғармалари ҳисобидан олинадиган имтиёзлардан фойдаланишда кўмаклашиб боради. Айни пайтда янги марказ "лойиҳа гуруҳлари" томонидан ишлаб чиқилган истиқболли лойиҳаларни инвесторларга таклиф этади, муаммоларни "24 соатлик" режимда фаолият юритувчи "Call-марказ" орқали қабул қилиш ва уларни оператив тарзда ҳал этиш бўйича ишларни ташкиллаштириш юзасидан амалий ёрдам кўрсатади.

Шунингдек, вилоят ҳокимининг мазкур қарори билан инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича вилоят ҳудудий комиссияси таркиби ҳамда Европа Иттифоқининг "GSP+" тизими доирасида имтиёзга эга бўлган маҳаллий маҳсулотларнинг Европа бозорларига экспортини кенгайтиришга оид халқаро стандарт тизимларини ишлаб чиқариш жараёнига жорий этиш бўйича вилоят чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Report typo