Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 февраль, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маданият
  • “Шаҳрисабз” ва “Ўзган” музей-қўриқхоналари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди

12.05.2023


“Шаҳрисабз” ва “Ўзган” музей-қўриқхоналари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди

Вилоятимиздаги “Шаҳрисабз” давлат музей-қўриқхонаси ва Қирғиз Республикасидаги “Ўзган” давлат тарихий-маданий музей-қўриқхонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Маълумотларга кўра, мазкур ҳужжатга музей-қўриқхоналарнинг раҳбарлари Наби Хушвақтов ва Султанбек Абдиракманов Қирғиз Республикаси расмий делегациясининг вилоятимизга қилган ташрифи чоғида имзо чекишган.

Яқинда Гулистонда бўлиб ўтган III Халқаро бахшичилик санъати фестивалига келган Қирғиз Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирининг биринчи ўринбосари Қайрат Иманалиев раҳбарлигидаги делегация аъзолари вилоятимизда ҳам меҳмон бўлишди ва ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Шаҳрисабз тарихий марказини кўздан кечириб, у ердаги музейлар ва тарихий меъморий ёдгорликлар билан танишишди. Шунингдек, келгусида ҳамкорликни амалга ошириш учун воҳамиздаги яна бир қатор туризм ва маданий мерос объектлари, тарихий ва маданий обидалар, туризм инфратузилмаси ҳамда яратилган шарт-шароитлар ҳақида аниқ таассурот ва маълумотларга эга бўлдилар.

Эслатиб ўтамиз: “Шаҳрисабз” давлат музей-қўриқхонаси 2019 йилда Қашқадарё вилояти Амир Темур номидаги Шаҳрисабз шаҳар моддий маданият тарихи музейи негизида ташкил этилган. Музей-қўриқхонага оператив бошқарув ҳуқуқи асосида шаҳар қальа деворлари (IХ-ХII асрлар), Оқ Сарой мажмуаси (ХIV аср), Чубин мадрасаси (ХVI аср), Кўк Гумбаз (ХV аср), Арслонхон (ХV аср), Ҳазрати Имом (ХIХ аср), Кунчиқар (ХIХ аср), Кундузак (ХIХ аср), Малик Аждар (ХХ аср), Абдишукур Оғалик (ХХ аср) масжидлари, Гумбази Сайидон (ХV аср), Шайх Шамсиддин Кулол (ХIV аср) ва Жаҳонгир (ХIV-ХV асрлар) мақбаралари, Амир Темур ер ости даҳмаси (ХIV-ХV асрлар), ўрта аср ҳаммоми (ХV аср), Чорсу Гумбази (ХVI аср), Маҳмуд ибн Аминбой уйи (ХIХ-ХХ асрлар) ҳамда Узунқир (милоддан аввалги IХ-III асрлар), Сангиртепа (V-VI асрлар) ва Сийпантош (IХ-ХIV асрлар) археология ёдгорликлари тегишли. Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳридаги мақом музейи “Шаҳрисабз” давлат музей-қўриқхонасининг филиали ҳисобланади.

Қирғиз Республикаси Ўш вилоятида жойлашган “Ўзган” давлат тарихий-маданий музей-қўриқхонаси эса 2022 йилда мамлакат ҳукуматининг қарорига асосан тузилган. Илгари унинг ҳудудидаги меъморий ёдгорликлар – XI-XII асрларга мансуб минора ва учта гумбазли мақбара ҳамда учта шаҳристон вайроналари “Сулаймон-Тоо” миллий тарихий-археология музейи мажмуаси таркибида бўлган.

Report typo