Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
6 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

23.05.2024


ШАҲРИСАБЗ ТУМАНИ УЛОЧ МАҲАЛЛАСИДА ТЕЗ ОРАДА "IT-ШАҲАРЧА" ҚУРИЛАДИ

Ёшлар ва давр

Президент қарорига асосан юртимиз ҳудудларида ёшларни рақамли технологиялар ва хорижий тилларга ўқитишга йўналтирилган 15 та "IT-шаҳарча" ташкил этилар экан, улардан бирини яқин тўрт ой ичида Шаҳрисабз туманидаги Улоч маҳалласида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 15 майда қабул қилинган ушбу қарор ёшларни замонавий касб ва хорижий тилларга ўқитиб, уларда рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда, шу жумладан, халқаро миқёсда хизматлар кўрсатиш орқали юқори даромад топиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган. Шу билан бирга мазкур ҳужжатда жойларда рақамлаштириш соҳасидаги мутахассислар тайёрлаш фаолиятини кенгайтириб, экспорт салоҳиятини ошириш ҳам мақсад қилинган. Бунинг учун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Самарқанд вилояти Нуробод туманида амалга оширилган тажриба асосида 15 та "IT-шаҳарча" ташкил этилиб, ҳар бирининг фаолиятини йўлга қўйиш учун 0,2 гектардан 0,7 гектаргача майдонга эга ер участкаси ажратилмоқда.

Вилоятимиздаги "IT-шаҳарча"ни барпо этиш учун Шаҳрисабз тумани Улоч маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 0,2 гектар ер ажратилиб, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қурилишини амалга ошириш учун 1 миллиард сўм, мебель, компьютер техникаси ва  бошқа воситалар билан жиҳозлаш учун 800 миллион сўм йўналтириш назарда тутилган. Бу ишларнинг барчаси маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бажарилади, "IT-шаҳарча"ни электр энергияси ва қайта тикланувчи энергия манбалари, телекоммуникация тармоқлари,  бошқа зарур инфратузилмалар билан таъминлашга эса "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, "Ўзбектелеком" АК, Энергетика вазирлиги ҳамда вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан пул ажратилади. Қарор билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, Шаҳрисабз туманидаги "IT-шаҳарча" жорий йил сентябрь ойи якунигача қурилиб, жиҳозланиши ва барча зарур инфратузилмалар билан таъминланиб, 1 октябргача фойдаланишга топширилиши шарт. Айрим маълумотларга кўра, ёшларни рақамли технологиялар ва хорижий тилларга ўқитишга йўналтирилган "IT-шаҳарча"лар катта эҳтимол билан  Самарқанд вилояти Нуробод туманидагидек замонавий дизайн асосида темир йўл контейнерларидан ёки енгил конструкцияли сендвич панеллардан барпо этилади.

Президент қарорида "IT-шаҳарча"ларнинг асосий фаолият йўналишлари ҳам белгиланиб, уларга кўра, ушбу масканлар ёшларни рақамли технологиялар соҳасига йўналтириб, уларни мазкур соҳада билим эгаллаш бўйича интилишларини рағбатлантиради. Шунингдек, семинарлар, менторлик дастурлари ва онлайн таълим ресурслари орқали ёшларда уларнинг меҳнат бозорида муваффақиятга эришишига ёрдам берувчи рақамли технологиялар соҳасидаги кўникмаларни шакллантириш ва ривожлантириш билан шуғулланади. Айни пайтда "IT-шаҳарча"лар дастурлаш, рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатиш йўналишларида таълим бериш, хорижий тиллар, шу жумладан, инглиз тилига ўқитиш орқали ёшларнинг билим ва салоҳиятини оширади. Ёш авлодни замонавий касбларга ўқитади, шунингдек, унинг табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш кўникмаларини юксалтиради.

Қарорга мувофиқ, ҳудудларда ташкил этиладиган "IT-шаҳарча"лар Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Рақамли таълимни ривожлантириш маркази" давлат муассасасининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган бўлинмалари ҳисобланади. Ушбу марказ ёшларнинг   "IT-шаҳарча"ларда бепул таълим олиши учун қулай шароитлар яратиб, мазкур тузилмалар  фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича яна бир қатор муҳим вазифаларни амалга оширади.

Ўз мухбиримиз

 

Report typo