Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

27.03.2017


САҲНАДА – ҲАЁТ АКСИ

"ТЕАТР - БУ ИБРАТХОНАДУР..."

Шу ўринда жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси, мутафаккир бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг машҳур сўзлари ёдга тушади: "Театр - бу ибратхонадур..." Инсониятнинг илғор фикрли вакиллари бу ибратхонани жуда қадимданоқ кашф қилишган ва унинг дарси асрлар оша ҳамон энг таъсирли сабоқ бўлиб келаётир. Ҳар йили байрам қилинадиган Халқаро театр кунида эса театрнинг маданият ўчоғи, тарбия маскани экани яна бир бор таъкидланади. У турли миллатларнинг тилмочсиз ҳам бир-бири билан мулоқот қила олишини таъминловчи восита экани исботланади.  

Театрнинг вужудга келиш, шаклланиш босқичи жуда қадим замонларга бориб тақалади. Манбаларда илк театр намойишига оид маълумотлар эрамизгача бўлган 2500 йилга бориб тақалади. Илк томошалар Мисрда қўйилган бўлиб, уларнинг асосий сюжетини мисрликлар мифологиясидаги маъбуд Осирис ҳақидаги афсоналар ташкил қилган. Кейинчалик  театр Қадимги Юнонистон ва Римда шуҳрат топди. Ғарбий Европа давлатларига бирмунча кейинроқ кириб келган бўлса-да, Мольер каби тили ўткир сатирикларнинг комедияларию, Шекспир каби даҳо  фожианависларнинг трагедиялари туфайли театр кишиларни ўзига оҳанрабодай тортди. Ҳатто театрга бориш аслзодалар учун олийнасаблик белгиси сифатида қилиниши шарт бўлган амалга айланди.

Бизда ҳам театр санъатининг илк куртаклари қадимий чодирхаёл томошалари, халқ орасида "қизиқ" ёки "масхара" номи билан танилган артистлар томонидан тўй-сайилларда, подшолар саройида қўйилган саҳнавий кўринишларга бориб тақалади. ХIХ аср охири - ХХ аср бошларига келиб, Ўзбекистонда театр жадидлар учун ўз ғояларини халқ онгига тушунарли ва таъсирчан усулда етказиш воситасига айланди. Беҳбудий, Авлоний, Фитрат, Мунавварқори сингари маърифатпарварлар театрга катта эътибор ва ҳурмат билан қараганлар, мактабни ислоҳ қилиш, дарсликлар яратишу газета-журналлар ташкил қилиш ишлари билан бир қаторда театрнинг ривожига ҳам улкан ҳисса қўшганлар. Шоир Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат Тошкентда янги ташкил этилган театр томошаларида иштирок этиб, улардан катта завқ олганини ёзади. Беҳбудий қаламига мансуб "Падаркуш" драмасининг саҳналаштирилиши эса ўша даврдаги энг катта ҳодисалардан бири сифатида тилга олиниб, томошабинларда ҳам катта таассуротлар қолдирган. Шу каби саъй-ҳаракатлар боис равнақ топган ўзбек театри кейинчалик жаҳон театр санъатида ўз ўрни, нуфузига эга бўла борди. Санъатимизнинг кўплаб ёрқин намояндалари шакллантирган театр мактаби ҳамон ўз сўзини айтиб келмоқда.

Маълумот ўрнида:

Халқаро театр куни (World Theatre Day)ни байрам қилиш ғояси илк маротаба 1961 йилда Халқаро театр институтининг IX конгрессида илгари сурилган. Ҳар йили 27 мартда нишонланадиган байрам анъанага кўра "Театр - халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва тинчликни мустаҳкамлаш воситаси" шиори остида ўтказилади. 

80 ЙИЛЛИК ТАРИХ

Ҳозирги кунда эса республикамизда 37 та профессионал давлат театри фаолият кўрсатмоқда. Шулардан бири Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номидаги Қашқадарё вилоят мусиқали драма театридир. У ўтган асрнинг 30-йилларидан шакллана бошлаган. Театрнинг ташкил топишида Қарши шаҳрилик машҳур мусиқачи ва соз устаси Абдулла Қодиров - Танбурийнинг ҳиссаси катта бўлган. Унинг ташаббуси билан 30-йиллар бошида Қарши ва Шаҳрисабз ёшларини бирлаштирган ҳаваскорлик тўгараги фаолияти йўлга қўйилган. 1932 йил 2 августда эса Қарши-Шаҳрисабз ҳаваскорлик  жамоалари асосида Қарши туман маориф мудири А.Шоибзода ва А.Қодиров ташаббуси билан вилоят мусиқали театри ташкил этилди. Дастлаб театр жамоаси "Ҳалима" спектаклини саҳналаштирган. Унда Ҳалима ролини иқтидорли актриса Зайнаб Самиева ижро этгани маълум.

Театр 1936 йилдан давлат театри деб атала бошланган. 1943 йилда унга Ўзбекистон халқ ҳофизи Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номи берилган. 80 йилдан зиёдроқ тарихга эга бу маскандан кўплаб истеъдодли артистлар етишиб чиққан. Иккинчи жаҳон уруши йилларида  "Фарҳод ва Ширин", "Тоҳир ва Зуҳра", "Лайли ва Мажнун", "Алпомиш",  "Нурхон", "Гулсара" каби асарлар саҳналаштирилиши театрнинг катта ютуғи бўлди. Ҳам актёр, ҳам режиссёр, созанда, хонанда сифатида фаолият юритган Баҳром Камолов раҳбарлигида Икрома Болтаева, Муҳтарама Носирова, Мажид Маматов сингари актёрлар уста санъаткор даражасига кўтарилганлар.

Ўтган асрнинг 50-йилларида театрда Шекспир қаламига мансуб машҳур "Отелло"  трагедиясининг саҳналаштирилиши  катта шов-шувга сабаб бўлиб, томошабинлар томонидан қизғин кутиб олинди. Бу вақтда театрда олий маълумотли, профессионал актёр ва созандалар труппаси шакллана бошлади. Жумладан, Суръат Пўлатов, Алиқул Тўлаев, Аъзам  Ражабов раҳбарлигида "Равшан ва Зулхумор", "Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам", "Гулисиёҳ" каби спектакллар саҳналаштирилган бўлса, 60-йилларда театрда Одилжон Исмоилов, Лола Холиқулова, Омон Беганжиев, Йўлдошали Раҳимов каби Тошкент санъат олийгоҳини тамомлаган бир гуруҳ ёшлар билан янги ижодий жараён бошланди. Режиссёр Бўрон Муқимов раҳбарлигида "Тошболта ошиқ", "Майсаранинг иши", "Жон қизлар" каби асарлар намойиш этилди. 70-80-йилларга келиб эса театр том маънода ўзининг профессионал қиёфасига эга бўлди. Шу даврда "Олтин девор", "Ўжарлар", "Ғариблар", "Зўраки табиб", "Келинлар қўзғолони", "Лайли ва Мажнун", "Суқрот" каби асарлар саҳнага олиб чиқилган.

Мустақилликдан сўнг барча соҳаларда бўлгани каби театр соҳасида ҳам янгиланиш, ўзгариш жараёни кузатилди. Вилоят театрида Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 670 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов қаламига мансуб "Соҳибқирон" драматик достони янгича талқинда қайта саҳналаштирилиб, томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди.

Устоз санъаткорлар - Ўзбекистон Республикаси Санъат арбоби Исоқ Тўраев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Одилжон Исмоилов, Эркин Шодиев, Саъдулла Қорабоев, Ойгул Халилова, Раъно Мустафоева, "Шуҳрат" медали соҳиби Қурбон Бердиев кабилар ўз меҳнатларининг самараси ўлароқ давлатимизнинг юксак унвонларига эга бўлишди. Театрда бугунги кунда улар билан бир қаторда умидли ёшлар ҳам самарали ижод қилмоқдалар. Улар эришаётган ютуқлар чакки эмас.

- Республика миқёсида ўтказилган бир қанча  фестиваль ва кўрик-танловларда театримиз ижодий жамоаси фахрли ўринларни қўлга киритганлигини таъкидлаш ўринли, - дейди театр адабий бўлим мудири Шодия Худойназарова. - Жумладан, 2010 йилда бўлиб ўтган "Дебют-2010" Республика ёш режиссёрларининг III кўрик-фестивалида Фарҳод Бойназаров саҳналаштирган Анвар Обиджон қаламига мансуб "Қўнғироқли алдоқчи" мусиқали эртак томошаси учун Гран-при совринига сазовор бўлган бўлса, режиссёр Акбар Бердиев саҳналаштирган Нафас Шодмонов асари асосидаги "Юрт қадри" спектакли "Актёр билан ишлаш маҳорати" номинацияси ғолиблигини қўлга киритди. 2011-2012 йилларда режиссёр Авлиёқули Хўжақулиев томонидан саҳналаштирилган "Лайли ва Мажнун" миллий мусиқали драмаси ва Акбар Бердиев саҳналаштирган "Бобомнинг орзуси" мусиқали фольклор томошалари  билан халқаро театр  фестивалларида  фаол иштирок этдик. 2012 йилда "Дебют-2012" Республика ёш режиссёрларининг IV кўрик-фестивалида ёш режиссёр Ориф Маматов Тавфиқ ал-Ҳаким асари асосидаги "Бехато отилган ўқ" спектакли учун "Актёрлар билан ишлаш маҳорати" номинациясида ғолиб бўлди. 2015 йилда "Сени куйлаймиз, замондош" Республика 3-театр фестивалида режиссёр Фарҳод Жумаев саҳналаштирган "Танҳо қайиқ" спектакли билан иштирок этиб, 1-ўринни эгалладик.

- Бугун театримизда 80 га яқин кишидан иборат ижодий жамоа фаолият юритмоқда, - дейди труппа бошлиғи, "Шуҳрат" медали соҳиби Қурбон Бердиев. - Томошабин кўзига кўп ҳам чалинавермайдиган  саҳна ортида ишловчилар - декорация рассомлари, гардероб ходимлари, маъмур, чироқ усталари, овоз созловчилар билан қўшиб ҳисоблаганда, 100 дан ошиқ ходим меҳнат қилади. Саҳнага олиб чиқилаётган барча спектаклларда уларнинг баб-баравар ҳиссаси бор.

Бир қарашда у қадар сезилмаса-да, бугунги кунда ҳам вилоят  театрида спектакллар саҳналаштирилмоқда, ижодий жамоа изланишдан тўхтагани йўқ.

- Режаларимиз кўп, - дейди  театр бош режиссёри Фарҳод Жумаев. - Яқинда Абдулла Авлоний асари асосида "Адвокатлик осонми?" спектаклини саҳналаштириб, томошабинлар эътиборига ҳавола этдик. Нафас Шодмонов асари асосидаги "Нажот дарвозаси", Нурулло Аббосхоннинг "Боғбон қиз" асарлари саҳналаштирилди. Абдулла Қаҳҳорнинг "Аяжонларим" пьесасига мурожаат қилинди. Элимизнинг севимли шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан унинг асари асосидаги "Иккинчи тумор" спектаклини қайта тикладик. Ёш режиссёримиз Акбар Бердиев эса Софоклнинг "Шоҳ Эдип" фожиасини янги талқинда саҳналаштирди. Айни кунларда эса Нафас Шодмонов ва Исоқ Тўраев ҳамкорлигидаги "Оқсарой" спектакли саҳналаштирилмоқда. 

Хуллас, Халқаро театр куни арафасида вилоят театрида бўлиб, сиз билан ўртоқлашмоқчи бўлганларимиз шулар. Қолган таассуротларни эса саҳна қаршисида ўтириб, олиш мумкин...

Маълумот ўрнида:

"Театр" сўзи қадимги юнон тилида "томошагоҳ" маъносини англатади. Анъанага кўра, аввалбошиданоқ театрда икки жанр - комедия ҳамда трагедия жанрларида асарлар намойиш этилган. Театр рамзи ҳисобланган икки хил кайфиятни акс эттирувчи (табассум ва ғамгинлик) ниқоб ҳам айни шу икки жанрга ишора сифатида олинган. 

ТЕАТР ЯНА ГАВЖУМ БЎЛАДИМИ?

Мақолани тайёрлаш жараёнида  театр труппа раҳбари Қурбон Бердиев, адабий бўлим мудири Шодия Худойназарова, бош режиссёр Фарҳод Жумаев, тажрибали актёр Ўткир Бойқобилов ва бошқа ходимлар ўзларини ўйлантираётган масалага эътибор қаратишди. Бу - томошабинни театрга қайтариш масаласи. Баҳолиқудрат асарлар яратилаяпти, бу ижод маҳсуллари республика, ҳатто халқаро миқёсда эътироф этилаяпти. Аммо нега театр гавжум эмас?

- Жамоамиз ҳозирда асосан талаб ва истакларга кўра томошалар намойиш этаяпти, - дейди Шодия Худойназарова. - Туманларда томошалар қўямиз. Ташкилотлар, ўқув муассасалари талабидан келиб чиққан ҳолда белгиланган кундагина театрда спектакль намойиши ўтказилаяпти. Афсуски, пойтахтдаги сингари ҳар куни ёки ҳафтанинг маълум кунларида томоша қўя олмаяпмиз.

- 90-йилларнинг бошида бир анъана йўлга қўйилганди, - дейди Қурбон Бердиев. - Бир йиллик театр абонементи чиқарилар ва одамларга тарқатиларди. Шу орқали кишилар театрга томоша кўргани келишарди. Балки яна шу усул билан томошабинни жалб қилиш мумкин бўлар? Реклама, тарғиботга ҳам катта эҳтиёж сезаяпмиз.

Эҳтимол. Биз ҳафтанинг бир кунини театр куни деб эълон қилиш ва вилоят жамоатчилигини шу куни театрга таклиф қилиш ҳам бу ишда самара беради, деган ўй-дамиз. Бу эса фақат театр маъмурияти ё жамоасининг иши эмас, балки шу соҳага мутасадди бўлганларнинг, театр жонкуярларининг зиммасидаги вазифа. Қолаверса, барчамиздан ташаббус сўраб турган даврнинг талаби ҳам - шу.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

Report typo