Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

14.03.2017


ПИНҲОНЛИКДА БИР АСР

Мамлакатимиздан олиб чиқиб кетилган санъат дурдоналарининг бир қисми ҳозир дунёнинг энг машҳур музейлари ва шахсий коллекцияларда сақланмоқда. Улар орасида Амир Темур ва темурийлар даврига оид ашёлар, жумладан, Соҳибқироннинг севимли набираси, ҳукмдор ва олим, буюк астроном Мирзо Улуғбекка тегишли осори атиқалар ҳам бор.

2015 йилнинг 23 октябрида Россия Федерацияси Екатеринбург шаҳридаги Свердловск ўлкашунослик музейида Амир Темур мақбарасидан олиб кетилган мармар панжаранинг илк намойиши бўлиб ўтди. Тақдимотнинг шов-шувга сабаб бўлгани бу ноёб экспонатнинг кейинги юз йилда жамоатчиликка биринчи марта кўрсатилаётгани билан боғлиқ эди.

Маълумки, Соҳибқирон Амир Темур абадий қўним топган қабр атрофини ўраб турган мармар панжаранинг бир бўлаги музей тарих экспозициясининг фахри ҳисобланган. Советлар ҳокимиятни қўлга олгач, коммунистик мафкура томонидан Амир Темурга таъқиб қўйилгани учун бу ноёб экспонат экспозициядан олиб ташланди. У 1898 йилда Урал табиатшунослик ҳаваскорлари жамиятининг каталоги (рўйхати)га киритилганди. 2014 йилнинг кузида музей ходимлари Александр Фроленко ва Константин Аникин шу каталог билан танишаётганида мармар панжара ҳақидаги ёзувга кўзлари тушади. Шундан сўнг бу ноёб экспонатни излашга киришилди. Музей хазинасида олиб борилган икки ҳафталик қидирув ишлари муваффақиятли якунланиб, узунлиги 96, эни 15 ва қалинлиги 5 сантиметр, оғирлиги 20 килограммга яқин мармар панжаранинг бир бўлаги топилди.

Хўш, у Екатеринбург музейига қандай бориб қолган? Мармар панжарага рус армияси генерал-лейтенанти, Туркистон ўлкасига қаратилган ҳарбий юришлар иштирокчиси Александр Евтафьевич Баранов (1837-1905) эгалик қилган.

Баранов XIX асрнинг 60-йилларида Самарқандда ҳарбий хизматни ўтаган ва шу даврда ноёб мармар панжаранинг бир бўлагини қўлга киритади. Уни ўзи билан Уралга олиб кетган ва 1887 йилда Урал-Сибир кўргазмасига қўйган. Урал табиатшунослик ҳаваскорлари жамияти томонидан “Тарихийлик жиҳатидан ноёб ёдгорлик учун” катта кумуш медали билан мукофотланган. Кўргазмадан сўнг генерал мармар панжарани ўлкашунослик музейига туҳфа қилади.

Мармар панжара ҳақида баъзи мавҳум далилларни аниқлаш мақсадида ураллик музейшунослар тошкентлик тарихчи ва шарқшунос Рубен Назарьянга мурожаат қилишади. Назарьяннинг фикрича, Екатеринбургдаги музей хазинасида сақланган мармар панжаранинг бир бўлаги Амир Темур сағанаси атрофини тўсиб турадиган панжаранинг шу кунгача сақланиб қолган ягона парчаси ҳисобланади.

Шу ўринда, Назарьян келтирган маълумотга бир қўшимча киритиш мақсадга мувофиқ. Маълумки, Мовароуннаҳр ҳукмдори Мирзо Улуғбек 1425 йил февраль ойида Мўғулистон хони Шералихонга қарши ҳарбий юриш бошлайди. Узоқ давом этган урушдан  улкан  нефрит тошини пойтахт Самарқандга олиб келади. Биламизки, Мирзо Улуғбек бобоси Амир Темур турбатини обод қилиш учун катта ишларни амалга оширган. Сағана атрофида мармар панжара қурдирган. Мўғулистондан олиб келинган нефрит тошининг бир бўлаги тарошланиб, Соҳибқирон қабри устига қўйилади.  Кейинчалик Амир Темур сағанасини ўраб турган мармар панжара талон-торож қилингач, XX асрнинг 50-йилларида у аввалги кўринишида қайта тикланади.

Қайд этиш жоиз, Мирзо Улуғбек номи билан боғлиқ ёдгорликларнинг чет элларга тарқалиб кетгани юқоридаги ашё билангина чекланмайди. Ёш олима Дилафрўз Қурбонова хорижий музейларда сақланаётган темурийлар даврига оид тарихий ва маданий ёдгорликлар бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борган ва бу соҳада матбуотда мақолалар эълон қилган. Унинг тарих фанлари номзоди Н.Ҳабибуллаев ҳаммуаллифлигида 2016 йили нашр эттирган “Темурийларга оид дурдоналарнинг дунё бўйлаб тарқалиши” монографиясида ушбу мавзу янги маълумотлар билан бойитилди. Жумладан, Мирзо Улуғбек номи билан боғлиқ жаҳонгашта ашё, осори атиқалар ҳақидаги маълумотлар ҳам жонкуяр олимлар изланишларининг самарасидир.

Маълумки, устурлоб ва глобус Мирзо Улуғбек расадхонасидаги осмон жисмларини ўрганишда асосий астрономик асбоблардан саналган. Бугунги кунда Даниядаги Дэвид фонди ва коллекцияларда ҳижрий 830 (1425-1427) йилда Жаъфар ибн Умар ал-Устурлобий Улуғбек расадхонаси учун ясатган, баландлиги ҳалқаси билан 33,5 сантиметр бўлган устурлоб сақланмоқда. Устурлоб мис ва кумушдан ишланган, айланаси бўйлаб турли даража ва дақиқаларга бўлинган. Мирзо Улуғбек буюртмаси билан  машҳур уста кумуш билан зийнатланган глобус ҳам ясаб берган. У ҳозир Британия музейи экспозициясида турибди. Шу музейда сақланаётган қора, яшил нефритдан ясалган пиёлалар ҳам Мирзо Улуғбек бисотидан. Буюк аждодимизнинг исм-шарифи ўйиб ёзилган нефрит идишини айнан шу музейда томоша қилиш мумкин.

Мирзо Улуғбекнинг ўйма нақшли сандиқчаси бўлган. У ёғочдан ишланиб, рангли қопламалар билан безатилган, олтин тошлар қадалган, ичига ипак мато тўшалганди. Улуғбекнинг исм-шарифи қопқоқ қисмига ўйиб ёзилган ва қопқоқнинг ўрта қисмида тўрт панжали аждаҳо тасвири туширилган. Ташқи қисмини олтин тутқич ва илгаклар безаб турган бу сандиқча темурийлар давридан бизгача сақланиб қолган ёғоч буюмлар ичида энг нафиси ҳисобланади. Бундан ташқари, Берлин шаҳрининг этнография музейида томошабинларга ҳавола этилаётган ўйма нақшли кошин Самарқанд шаҳрининг Регистонида қад ростлаб турган Улуғбек мадрасаси деворидан кўчириб олинган.

Мирзо Улуғбекнинг Самарқанддаги расадхонасида олиб борган илмий тадқиқотлари маҳсули бўлган “Зижи жадиди Кўрагоний” асари дунё астрономия фанининг машҳур асарларидан бири. 1435 йилда асарнинг Мирзо Улуғбекка атаб олтин суви югуртириб кўчирилган, 26х17,5 сантиметр ҳажмли бир нусхаси сақланиб қолган. У ҳозирда Франциядаги Лувр музейида турибди. Шунингдек, Португалия пойтахти Лиссабон шаҳридаги марказий музейда ҳам Мирзо Улуғбекка тегишли осори атиқаларни учратиш мумкин. Хусусан, музейда иккита нефрит кўза намойиш этилмоқда. Иккаласига ҳам улуғ олимнинг номи ўйиб ёзилган.

АҚШнинг Вашингтон шаҳридаги эркин санъат асарлари галереясидан кўплаб Шарқ миниатюра асарлари жой олган. Улар орасида муаллифи номаълум бўлган “Улуғбек ибн Шоҳруҳ гилам устида” миниатюрасини ҳам кўриш мумкин. Миниатюра аслида икки қисмдан иборат бўлиб, унинг фақат чап қисми ҳозирги даврга қадар етиб келган. Суратдаги томлик айвон пештоқида “Буюк султон улуғ Кўрагоний, унинг ҳукмдорлигига шарафлар бўлсин” деган ёзув мавжуд. Миниатюрачи рассом Улуғбекни оила аъзолари ва мулозимлари билан қуш ови пайтида тасвирлаган. Асарнинг марказий қисмида Улуғбек шарқона тарзда тахтиравонда ўтирибди. Сўл томонида юлдузлар туркуми харитаси чизилган.

Бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетган бундай ноёб осори атиқаларнинг айримларидан фотонусхалар олиш имкониятига эгамиз. Ўзбекистон тарихига оид ноёб дурдоналар чет эллардаги музейларда намойиш этилишининг ўзи ҳам миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини оширишга хизмат қилади. Агар бу осори атиқалар музейларимизда сақланиб, улардан баҳраманд бўлганимизда нур устига аъло нур бўларди.

Мўмин АЗИЗОВ, тарихчи-журналист

Report typo