Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
13 ноябрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • Педагогика институтининг янги ўқув биноси ва ётоқхонасини қуришга 90 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади

Ўз мухбиримиз

05.10.2023


Педагогика институтининг янги ўқув биноси ва ётоқхонасини қуришга 90 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади

Электрон тендер

Ўтган ҳафтада Шаҳрисабз давлат педагогика институтининг 1 минг 500 ўринли янги ўқув корпуси ва 500 ўринли ётоқхона биноси қурилиши бўйича электрон тендер ўтказилиб, ушбу муҳим объектларни барпо этадиган пудрат ташкилоти аниқланди.

Очиқ манбаларда эълон қилинган маълумотларга кўра, ушбу электрон тендерда 13 та оферент (савдога таклиф киритган иштирокчи) - Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган, ҳар бири BB (2-ўрта) ёки B (3-ўрта) даражали соҳавий электрон рейтингига эга қурилиш-пудрат ташкилотлари қатнашди. Тендер предмети бўйича энг яхши шартларни таклиф этган қатнашчи - Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги "Fayz Binokor Oltiariq" хусусий корхонаси танловда ғолиб, деб эътироф этилди ва у билан Шаҳрисабз давлат педагогика институти янги ўқув биноси ва ётоқхонасини 630 кунда қуриб битказиш бўйича 91 миллиард 322,4 миллион сўм ҳажмда битим имзоланди.  Эътиборлиси, объектнинг тендер нархи буюртмачи - "Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси" ДУКнинг бошланғич нархи (96 миллиард 128,8 миллион сўм)дан 5 фоиз паст бўлди. Иморатларнинг ишчи чизмаларига қараганда, ушбу маблағ эвазига институтнинг мавжуд 3 қаватли ўқув биноси ва 2 қаватли ётоқхонаси яқинида 7 қаватли янги ўқув корпуси ва 5 қаватли ётоқхона, шунингдек, замонавий спорт зали, модулли қозонхоналар, электр энергияси ва сув таъминоти объектлари, бошқа иморатлар бунёд этилади. Жорий йилнинг охиригача мазкур қурилишга 32,5 миллиард сўм ажратиш режалаштирилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Шаҳрисабз давлат педагогика институтининг 1 минг 500 ўринли янги ўқув корпуси ва 500 ўринли ётоқхона биноси бугунги кунда вилоятимизда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган энг йирик объектлардан саналади. Шунингдек, бундай улкан қурилишлар қаторидан Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиалининг 1000 ўринли ўқув биноси ҳам жой эгаллаган. Жорий йил июнь ойининг охирида ўтказилган электрон тендер натижаларига кўра, ушбу объектни 600 кунда барпо этиш учун Шаҳрисабз шаҳридаги "Hisorakgidroqurilish" масъулияти чекланган жамияти билан 34,2 миллиард сўмлик пудрат шартномаси имзоланган.

Ўз мухбиримиз

Report typo