Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
15 август, шанба. 2020 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • ОЛИЙ ҲАРБИЙ АВИАЦИЯ БИЛИМ ЮРТИ БИТИРУВЧИЛАРИГА ДИПЛОМ ВА КЎКРАК НИШОНЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

НАСРИДДИН

30.06.2020


ОЛИЙ ҲАРБИЙ АВИАЦИЯ БИЛИМ ЮРТИ БИТИРУВЧИЛАРИГА ДИПЛОМ ВА КЎКРАК НИШОНЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Хабарингиз бор, Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 28-30 январь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Қарши туманидаги Хонобод ҳарбий аэродромида ҳам бўлиб, ҳарбий учувчилар тайёрлаш, уларнинг амалий машғулотлар олиб боришида объектнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида 1994 йилда асос солинган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртини Қарши шаҳрида қайта ташкил этиш таклифини берганди.

Шундан сўнг Қарши сержантлар тайёрлаш мактаби негизида олий ҳарбий авиация билим юрти ташкил этилиши белгиланиб, бу ерда кенг кўламдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари бажарилди. Ажратилган 73 миллиард сўм маблағ эвазига ўқув корпуси ва ёрдамчи бинолар замонавий кўринишга келтирилиб, энг сўнгги русумдаги тренажёрлар, ўқув-услубий қўлланмалар, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди.

Муассаса ҳаво ҳужумларидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари учун 7 та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрлайди. Олий ҳарбий авиация билим юртининг айнан Қарши шаҳрида ташкил этилиши аввало курсантларга мамлакатимиздаги энг йирик ҳарбий аэродромлардан бири - Хонобод аэродромида ҳарбий ҳаво кемаларини бошқариш, уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича машғулотлар олиб бориш, бевосита ўқув полигонларида иштирок этиш  имконини бермоқда.

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилишни мақсад қилган олий ҳарбий таълим муассасалари курсантларининг тантанали битирув маросимлари бўлиб ўтмоқда. Шундай тадбирлардан бири - Қарши шаҳридаги олий ҳарбий авиация билим юртида ҳам ташкил этилди. Унда билим юртининг 42 нафар ёш лейтенантига диплом ва кўкрак нишонлари топширилди, шулардан 7 нафари имтиёзли диплом билан ўқишни тамомлади.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Зайнобиддин Иминов ва бошқалар бугунги кунда давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини янада такомиллаштириш, замонавий армияни шакллантириш, ҳарбий хизматчиларга яратиб берилаётган имконият ва қулайликлар, интеллектуал салоҳиятли курсантларни тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлашди.

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo