Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 сентябрь, чоршанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

02.06.2023


Оёқчи, Саройлик ва Яккатутда янги МТТ очилди

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида Китоб туманидаги учта қишлоқда учта янги давлат  мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Ҳар бири 150 ўриндан иборат бўлган ушбу масканларда 450 нафар бола тарбияланиши учун барча шароитлар яратилди.

Бу билан Китоб туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 32 тага етди. Бундан ташқари, туманда 7 та давлат хусусий шериклик, 3 та нодавлат, 158 та оилавий МТТ фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда тарбияланувчилар сони 11 минг 350 нафар бўлиб, болаларни боғчага қамраб олиш 50 фоизни ташкил этмоқда.

Аммо бу кўрсаткич ҳали мактабгача таълим ходимларини қониқтиргани йўқ, улар йил охиригача қамровни 57 фоизга кўтаришмоқчи. Бунинг учун имкониятлар ҳам бор. Иккита боғча мукаммал таъмирланаяпти. Янгидан давлат хусусий шериклик ҳамда оилавий мактабгача таълим ташкилотлари очилади. Масалан, кўп йиллар мактабгача таълим соҳасида ишлаб, мудиралик қилган Мунаввар Турсунова давлат хусусий шериклик асосида ташкил этган 125 ўринли боғчаси ёнида тадбиркор фарзандлари ҳомийлигида 150 ўринли боғча бунёд этди. Бундан аввал ҳам у давлат хусусий шериклик асосида иккита боғча ташкил этган эди. Айни пайтда М.Турсунова ташкил этган мактабгача таълим ташкилотларининг ўзи қарийб 400 нафар болани қамраб оляпти. Булар айни пайтда янги иш ўрни дегани ҳам...

...Янги қурилган боғчалар эса туманнинг тоғли Оёқчи, Саройлик қишлоқлари ҳамда Яккатут шаҳарчасида жойлашган. Эътиборли томони шундаки, мазкур мактабгача таълим ташкилотлари ушбу аҳоли пунктларидаги биринчи боғчалар ҳисобланади. Шунинг учун аҳолининг қувончи чексиз, кайфияти баланд. Боғчаларнинг очилиш маросимига ёш-қари, катта-кичик йиғилиб келган.

- Икки қаватли янги боғча биноси 27 асрлик тарихга эга Саройлик қишлоғимизга кўрк бағишлади, - дейди  таълим фахрийси Қўчқор Номозов. –Бугун, назаримда, қишлоғимиз ёшариб кетгандай туюляпти. Ҳамма хурсанд. Болалар байрамида болаларимиз учун муносиб совға бўлди.

Ҳа, бундай фикрларни бошқа қишлоқлардаги отахон ва онахонлардан ҳам эшитдик. Муҳими, қурилаётган  бу кошоналар таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш билан бирга юртни обод қилиб, одамларни мамнун этмоқда.

 Лола ЎРОҚОВА,

Китоб тумани

Report typo