Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 апрел, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Наврўз фалсафасида янгиликка интилиб яшаш, тафаккурни чархлаш ва ҳаётни гўзал қилиш аҳди мужассам

Ўз мухбиримиз

20.03.2024


Наврўз фалсафасида янгиликка интилиб яшаш, тафаккурни чархлаш ва ҳаётни гўзал қилиш аҳди мужассам

Байрам тадбири

3 минг йилдан буён инсон ва табиат уйғунлиги рамзи бўлиб, эзгулик ва тараққиётга хизмат қилиб келаётган Наврўз байрами юртимизнинг барча ҳудудлари қатори вилоятимизда ҳам "Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!" деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада кенг нишонланмоқда.

Қашқадарёда баҳор айёмига бағишланган асосий байрам тантаналари Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида ўтказилди. Эрта тонгдан боғнинг ранг-баранг безатилган йўлаклари бўйлаб миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, баҳорий таомлар ҳамда тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари ташкил қилиниб, шу ернинг ўзида барпо этилган кичик саҳналарда ёшлар бадиий жамоаларининг чиқишлари уюштирилди.   

"Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!" деб номланган театрлаштирилган байрам тадбири боғдаги муҳташам амфитеатрда, вилоят фаоллари ва меҳмонлари, фахрийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов тантана қатнашчилари ва улар орқали бутун Қашқадарё аҳолисини, кўп миллатли   халқимизни шарқона янги йил - Наврўз байрами билан самимий табриклар экан, "Замин ва табиатга яшариш, тароват ҳамда инсон қалбига уйғониш туйғуларини олиб келган Наврўзи олам муборак бўлсин" дея изоҳ билдирди.

- Албатта, халқимизга хос бўлган меҳр-муҳаббат, саховат ва мурувват, бунёдкорлик ва олижаноблик каби эзгу фазилатлар энг қадимий байрам - Наврўз тимсолида асрлар давомида улуғланади, - деди вилоят раҳбари. - Бугун юртимизда инсон қадри юксалди. Бебаҳо бойликларимиз ва она табиатга эътибор кучайди. Неча минг йиллик тарихга эга анъана ва қадриятлар бу байрамнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини оширмоқда.

Вилоят ҳокими қашқадарёликлар бу йилги Наврўз шодиёналарига ўзига хос тайёргарлик билан келишганини алоҳида қайд этиб, барча соҳа ва тармоқлар кесимида сифат кўрсаткичи таъминланаётганини аниқ мисоллар, факт ва рақамлар асосида кўрсатиб берди.

- Буюк аллома Ҳаким ат Термизий бобомиз ўзининг "Наврўзнома" китобида "Наврўзи олам пайшанба куни кирса, неъматлар мўл бўлади, қор, ёмғир кўп ёғади, ҳосил мўл бўлади - йил тўқчиликда ўтади", деб ёзганлар, - деди Муротжон Азимов ўз табригида. - Бу йил йилимиз баракали бошлангани эл-юртимизнинг орзу-истаклари билан ҳамоҳанг десак, тўғри айтган бўламиз. Яна бир муҳим жиҳати, бу йил Наврўз байрами  қутлуғ Рамазон ойида нишонланмоқда. Бу хосиятли ойда қилинган дуолар ижобат бўлади. Албатта, Наврўз фалсафасида янгиликка интилиб яшаш, тафаккурни чархлаш ва ҳаётни гўзал қилиш аҳди мужассам.  Бу эса Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт шиддатига мос ва хос. Биз ундан куч олиб, янги ташаббус ва лойиҳалар учун интиламиз.

Юртимизга кириб келган баҳор ва Наврўз айёмининг ўзига хос шукуҳи, халқимизнинг гўзал урф-одатлари ва анъаналари, Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва ўзаро аҳиллик, ватандошларимиз қўлга киритаётган улкан ютуқ ва муваффақиятлар тадбир доирасида ташкил этилган катта концерт дастури чиқишларида ҳам ўз ифодасини топди. Масалан, санъаткорларнинг деҳқонларимиз меҳнатини улуғлаб айтган қўшиқлари ва намойиш этган композициялари воҳамизда илгари сурилган ҳар бир оила томонидан 20 туп кўчат экиш ва парваришлаш ташаббуси, қолаверса, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида бир ярим йил ичида вилоятимиз бўйлаб 40 миллион тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилгани билан ҳамоҳанг бўлди.

Ўз навбатида дастурдаги "Маҳаллам" қўшиғи тадбирда 22 март - Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан айтилган табрик сўзлари ва илиқ гапларни янада тўлдирди. Зеро, эътироф этилганидек, маҳалла еттилигининг самарали фаолияти натижасида, вилоятимизда маҳалла муаммони ечадиган макондан юксалиш маконига айланди.

Концертда ёшлар ижросидаги ва ёшликни тараннум этувчи қўшиқларга ҳам кенг ўрин берилган экан, улар юртимизда Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида ўсиб келаётган авлод вакиллари учун яратилган шароит ва имкониятлар  ҳақида билдирилган фикрлар билан уйғунлашиб кетди. Дарвоқе, Наврўз байрами нишонланаётган шу кунларда ёш воҳадошимиз халқаро даражада эришган навбатдаги ютуқ ҳақида хабар келди. Китоб туманидаги 96-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Мадина Суюнова 11-16 март кунлари Россия Федерацияси Адигея Республикасида ўтказилган IX халқаро математика олимпиадасида муваффақиятли қатнашиб, бронза медалига сазовор бўлди.

Наврўз, Ватан, Қашқадарё ва халқимизнинг эзгу фазилатлари ҳамда гўзал қадриятларини тараннум этувчи куй-қўшиқлар, бахши ва фольклор термалари, мақомлар, мумтоз опера қўшиқлари, чиройли рақслар ва спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари тадбирнинг барча иштирокчиларига ажойиб  кайфият бағишлади.

Баҳор айёмида борлиқнинг уйғониши, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътиборни акс эттирадиган, юртдошларимизни бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга ундайдиган байрам тадбирлари воҳамизнинг барча шаҳар ва туманлари маҳалла ва қишлоқларида давом этмоқда.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo