Қашқадарё ҳокими вилоятда келгуси йил учун белгилаб олинган устувор вазифалар муваффақиятли ижроси учун масъулларда ана шу айтилганлар мужассам бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Халқ депутутлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳоким Зойир Мирзаев Қашқадарёнинг 2020 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда келгуси йил учун белгиланган устувор вазифалар юзасидан вилоят аҳолисига мурожаат қилди.
Аввало жорий йилнинг оғир синов ва машаққатлар билан кечганини қайд этган вилоят ҳокими сарҳисоб доирасида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига оид қатор рақам ва таҳлилларга эътибор қаратди.
Жумладан, жорий йил 1 декабрь ҳолатида ялпи ҳудудий маҳсулот ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 100,6 фоизни, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 102,4 фоизни, хизмат кўрсатиш 102,5 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 102,7 фоизни, пудрат ишлари 103,1 фоизни ташкил қилгани, лекин саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш (99,7 фоиз) ва чакана савдо (97,5 фоиз) ҳажмларида камайиш кузатилганини маълум қилди.
Шу даврда аҳоли жон бошига халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 26 минг сўмга, хизматлар 270 минг сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 730 минг сўмга, пудрат ишлари 124 минг сўмга, марказлашмаган инвестициялар ҳажми 140 минг сўмга ошгани, аҳолининг реал даромадлари бир кишига ўртача 1 миллион 987 минг сўмни ташкил қилиб, 121 минг сўмга ўсгани айтилди.
Шу билан бир қаторда саноатда Қарши (74 фоиз) ва Муборак (71 фоиз) туманларида, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш йўналишида Муборак туманида (98 фоиз) пасайиш кузатилгани, хизмат кўрсатиш соҳасида Шаҳрисабз шаҳри ҳамда Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмагани кўрсатиб ўтилди.
Таъкидланишича, ҳисобот даврида иқтисодиётнинг барча йўналишлари бўйича 1 триллион 508 миллиард сўм инвестициялар ҳисобига 809 та лойиҳа ишга туширилди. Хусусан, саноат соҳасида 148 та (умумий қиймати 508 миллиард сўм), хизмат кўрсатишда 406 та (615 миллиард сўм), қишлоқ хўжалигида 255 та (385 миллиард сўм) лойиҳа муваффақиятли ишга туширилди ва ана шулар эвазига 7 минг 540 та янги иш ўрни яратилишига эришилди.
Иқтисодиётга 1 миллиард 9 миллион доллар хорижий (шундан 256 миллион доллари тўғридан-тўғри инвестициялар) жалб қилинди.
Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 30 та лойиҳа доирасида 54 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва натижада 5,2 миллион доллар валюта тежалди.
Мавжуд 10 та кичик саноат зонасида жойлаштирилган 67 та лойиҳадан 45 таси ишга туширилиб, 27 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва 475 та иш ўрини яратилди.
Бу натижаларга тасанно айтган ҳолда, Шаҳрисабз шаҳри, Косон, Касби, Миришкор туманларида бирорта маҳаллийлаштириш лойиҳалари мавжуд эмаслиги, вилоятда ишлаб чиқарилиши мумкин бўлган кафель ва ёғоч қириндили плиталар (ДСП) каби маҳсулотлар ҳам четдан импорт қилинаётгани, Чироқчи эркин иқтисодий зонасини ташкил қилиш 2019 йилда бошланган бўлса-да, бугунги кунга қадар бирорта арзирли лойиҳа таклиф этилмагани ва иш бошламагани, умуман, кичик саноат зоналарида 62 та лот ҳанузгача лойиҳа ташаббускорларига берилмаганини назардан қочирмаслик лозим.
Қўшимчасига, саноат зоналарида жойлаштирилган 6 та (Китоб туманида 3 та, Қарши туманида 2 та, Шаҳрисабз шаҳрида 1 та) корхона 1 йилдан буён фаолиятини тўхтатганини масъуллар қандай изоҳлайди? Лот ажратиб берилганига бир йилдан ошган бўлишига қарамай, қиймати 103 миллиард сўмлик 15 та лойиҳа (Китоб туманида 7 та, Чироқчи туманида 3 та, Қарши туманида 2 та, Қамаши, Муборак туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида 1 тадан) ишга туширилмаганини-чи?
Маълумки, камбағалликни қисқартириш бўйича саъй-ҳаракатлар бошлаган мамлакатлар талай. Улар қаторида Ўзбекистон ҳам бор ва жаҳон тажрибасига таянган ҳолда халқи турмуш тарзини юксалтириш учун тадбиркорликни ривожлантириш йўлини устувор тутган. Натижада ялпи маҳсулотда кичик бизнес улуши йилдан- йилга ортиб бораяпти. Жумладан, вилоятда бу кўрсаткич 69 фоизни (2019 йил якунида 60,1 фоиз) ташкил этса, саноатда 34 фоизга, хизмат кўрсатиш йўналишида 70 фоизга, бюджет тушумида эса 57 фоизга етди.
Вилоятда айни пайтга қадар 54 минг 569 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтган бўлса, улардан 4 минг 725 таси 2020 йилнинг ўтган 11 ойида янгидан иш бошлаган. Аммо бу рақам ўзида ўсишни акс эттирмайди, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 77 фоиз. Бу борада Шаҳрисабз шаҳри (53 фоиз), Касби (63 фоиз), Шаҳрисабз (64 фоиз) ва Қарши (65 фоиз) туманлари вилоят кўрсаткичидан ҳам ортда. Демак, ушбу ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка фаол жалб этиш бўйича ишлар етарли даражада олиб борилмаган.
Шу ўринда 2019 йилда янги ташкил этилган корхоналар ҳисобига 9 минг 863 та янги иш ўрни яратилганини эътироф этган ҳолда, жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатида 4 минг 343 та кичик бизнес субъектининг фаолиятсиз тургани оқибатида қанча одам ишини йўқотганини ҳам ўйлаб кўриш керак.
Айниқса, Қамаши (26 фоиз), Қарши (25 фоиз), Муборак (25 фоиз) ва Ғузор (24 фоиз) туманларида фаолиятсиз субъектларнинг улуши юқорилигича қолмоқда.
Умуман, расмий маълумотларда вилоятда ҳисобот даврида барча манбалар ҳисобидан 27 минг 231 та янги иш жойлари яратилгани ва шунга оид прогноз кўрсаткичи 197 фоизга бажарилгани қайд этилади. Бироқ, ҳудудда ишсизлик даражаси йил бошидаги (9,3 фоиз)га нисбатан ошиб, 11,4 фоизни ташкил қилаётгани кишини ўйлантириб қўяди.
Ҳоким мурожаатида қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даврида ишламай турган 889 та субъектнинг фаолияти тикланган. Жумладан, Қамаши туманида138 та, Нишонда 62 та, Чироқчида 60 та, Қарши шаҳрида эса 136 та корхона қайта ишга туширилган. Лекин, Қарши (фаолияти тўхтаб қолган субъектларнинг 90 фоизи иши тикланмаган), Деҳқонобод (88 фоизи), Косон (85 фоизи) туманларида бу йўналишда ишлар етарлича ташкил этилмаган.
Биламизки, экспорт салмоғи ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Вилоятда жорий йилнинг 11 ойида бу борадаги кўрсаткич 117 миллион долларга етгани ҳолда, йиллик прогнозга нисбатан 58 фоизни ташкил қилган. Катта эҳтимол билан йилнинг қолган қисқа вақтида экспорт бўйича 100 фоизлик натижага эришиш амри маҳол бўлиб қолаяпти.
Кўриниб турибди, жорий йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича натижалар бор. Шу билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ҳам оз эмас. Худди шундай ҳолатни аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш, таълим, тиббиёт соҳалари, коммуникация, коммунал тизимлар ва бошқаларда ҳам кузатиш мумкин.
Ютуқлар вилоятники, камчиликлар ҳам. Шундай экан, олдинга силжиш учун аввало мукаммал ва пухта ўйланган режа, камчилик ва орқада қолишлардан холи бўлиш учун эса аниқ ҳисоб-китоб керак.
Хўш, 2021 йил учун қандай мўлжал олинаяпти?
Вилоят ҳокимининг Қашқадарё аҳлига қилган мурожаатида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича келгуси йилга мўлжалланган прогноз кўрсаткичлар ва устувор вазифалар ҳақида ҳам батафсил гапирилди.
Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулотда 103,4 фоизлик, саноат маҳсулотлари ҳажмида 106,1 фоизлик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 102,7 фоизлик, пудрат ишларида 106,2 фоизлик, хизматлар ҳажмида 105,6 фоизлик ўсиши таъминланади.
Бунда асосий ёндашув ҳудудлар ихтисослашувидан келиб чиқиб, тадбиркорликни ривожлантириш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, шу асосда камбағалликни қисқартириш ҳамда ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилади.
Шу йўсинда тадбиркорлар томонидан амалга ошириладиган 805 та (қиймати 5,1 триллион сўмлик), хусусан, 190 та саноат (2,8 триллион сўмлик), 299 та хизмат кўрсатиш (1,1 триллион сўмлик), 316 та қишлоқ хўжалиги соҳасидаги (1,2 триллион сўмлик) янги лойиҳалар тўлиқ ишга туширилади.
Ҳар бир шаҳар ва туманларда лойиҳа қиймати 100 миллиард сўмдан юқори бўлган 2 тадан йирик ва қиймати 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган 10-15 тадан ўрта саноат лойиҳалари амалга оширилади.
5 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан 292 миллион долларлик 43,1 минг тонна толани қайта ишлаш имконини берадиган лойиҳалар амалга оширилади. Шунинг ҳисобидан вилоятда пахта толасини қайта ишлаш даражаси амалдаги 46 фоиздан 77 фоизга етказилади, камида 5 мингта янги иш ўрни яратилади.
Шунингдек, 5 та (Қамаши, Яккабоғ, Чироқчи, Китоб ва Шаҳрисабз) туманда мева-сабзавот кластерлари ташкил этилиб, 28 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватлари ишга туширилиши ҳисобидан бу борадаги кўрсаткич 8 фоиздан 12 фоизга етказилади.
Ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, вилоятда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда қўл келадиган 261 миллион тонна цемент, 19 миллион тонна гипс, 5 миллион тонна шиша хом ашёси, 16 миллион куб метр табиий қопламабоп тошлар, 64 миллион куб метр қум-шағал материаллари, 20 миллион куб метр қурилиш тошлари, 18 миллион куб метр керамзит захиралари мавжуд. Шулардан келиб чиқиб, Китоб туманида 3 та, Косон, Қамаши туманлари ва Қарши шаҳрида 1 тадан қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашадиган йирик корхона ишга туширилади.
Кичик саноат зоналари ташкил этиш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, маҳсулотлар хилма-хиллигини оширишга шароит яратиш, иш ўринларини кўпайтиришда қўл келадиган яхши амалиёт эканлиги бугун ўз исботини топди. Шунга кўра, вилоятда келгуси йилда яна 26 та кичик саноат зонаси ташкил қилинар экан, уларнинг 15 таси (ҳар бир ҳудудда биттадан) фақат ёшларни иш билан таъминлашга мўлжалланиши кўзда тутилаяпти.
Умуман, ҳоким мурожаатида келтирилганидек: вилоятда туризмни, хизматлар соҳасини ривожлантириш, иши тўхтаб қолган субъектлар фаолиятини тиклаш, аҳолини тадбиркорликка ўргатиш ва ўқитиш, уй-жой қуриш, эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, газ, сув, электр энергияси таъминотини яхшилаш, таълим ва тиббиёт муассасаларини талаб даражасига келтириш, кредитлар ажратилишини кўпайтириш масалалари каби ўнлаб йўналишлар бўйича 2021 йилга мўлжалланган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Шулар билан обдан танишиб чиқиб, яқин келажакда Қашқадарёда амалга оширилиши кўзда тутилган кўпгина лойиҳа ва режаларнинг аксари Президент ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тегишли ҳужжатларда белгилаб берилган ҳудудга оид истиқболдаги вазифа ва ислоҳотларнинг айнан ўзи эканлигига гувоҳ бўламиз. Шундай экан, Қашқадарёда ҳамон ижрочилик ташаббускорлик билан уйғунлаша олмаётгандай кўринади.
Зойир Мирзаев вилоят аҳлига қилган мурожаати якунида таъкидлаганидек, албатта, бу натижаларга эришиш биз учун катта марра. Унга мустаҳкам ирода, темир интизом, юксак масъулият, талабчанлик ва фидойилик билан эришилади.
Биз эса кузатиб борамиз, вилоятни 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун белгилаб олинган устувор вазифалар ижроси бўйича масъуллар ана шу ўта зарур омиллар - мустаҳкам ирода, темир интизом, юксак масъулият, талабчанлик ва фидойиликни ўзида намоён қилармикан.
Камолиддин КАРИМОВ