Германия терма жамоаси, номдор "Реал" ва "Арсенал" клубларининг собиқ футболчиси Месут Ўзил Туркияда сиёсий карьерасини бошлашга қарор қилди. Бу ҳақда хабар берган Turkiyenewspaper манбасига кўра, у мамлакат парламенти депутатлигига номзод бўлади.
Месут Ўзил президент Ражаб Тоййиб Эрдўған етакчилигидаги ҳукмрон "Адолат ва тараққиёт" партияси сафига киришга ҳозирланмоқда.
Ярим ҳимоячининг сўнгги ўйнаган клуби у 2022 йилнинг ёзида сафига келиб қўшилган "Истанбул Башакшеҳир" бўлди. Аввал у "Фенербахчи", "Шальке-04" ва "Вердер" жамоалари таркибида ҳам тўп тепган.
Асли миллати турк бўлган Месут Ўзил 2014 йилда Германия термаси билан жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. У мазкур миллий жамоа таркибида жами 92 та ўйинда майдонга тушган.