Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Орифжон БОЗОРОВ

12.01.2023


МАСЪУЛИЯТ, ЯНГИЛИККА ИНТИЛИШ, ЯНГИЧА ФИКРЛАШ...

бугунги кун ўқитувчиларининг муҳим вазифаси

 2023 йил - Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили

Югурик давр борган сари жадаллашиб бормоқда. Илм-фан, техника шиддат билан ривожланмоқда. Жаҳон майдонида ўз ўрнимизни топишимиз бугун тайёрлаётган мутахассисларимизнинг илму салоҳияти ва тажрибасига кўп жиҳатдан боғлиқ. Биз улуғ алломаларимиз, ҳозирги тараққиётнинг тамал тошини қўйган боболаримизнинг илмий мероси билан фахрланибгина қолмасдан, уларнинг муносиб давомчиси бўлган авлодни камолга етказиш масаласига жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Бундан англаш мумкинки, зиммамиздаги масъулият юки залворли, оғир.

Беҳбудий васияти

2023 йилга Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили деб ном берилиши зиммамиздаги масъулиятни ўн карра оширади. "Нажот - таълимда, нажот - тарбияда, нажот - билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади" дея алоҳида таъкидлади Президент. Бунинг маъноси шуки, бугунги таҳликали даврда, муносабатлар саёзлашган, ўзаро ишончга дарз кетган бир пайтда бизга нима қалқон, таянч бўлади? Албатта, билим. Билим эса тарбия ва таълим натижасида юзага чиқади.

Ана шу масъулиятнинг юкини ҳис этган Президентимиз педагогларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўқитувчининг обрў-эътиборини ошириш кун тартибидаги масалага айланди. Бу мавзунинг нечоғли долзарблигини унинг ўзгараётган Конституциямизда ҳам белгилаб қўйилаётганидан билиш мумкин. Тўғри-да, ўқитувчи қачонки ўз касбидан рози бўлса, фақат ўз иши билан шуғулланса, бор куч-ғайратини дарсига бағишлайди, шогирдларига пухта билим беради. Ахир Беҳбудий ҳазратлари: "Сизларға васият қиламан. Маориф йўлида ишлайдурғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Ўртадан нифоқни кўтарингиз!  Туркистон болаларини   илмсиз қўймангизлар!" дея бежизга бонг урмаган.

Интеграция  - тараққиёт формуласи

Президентнинг яқинда парламентга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида қайд этилган бир жиҳат дилимизга тугиб юрган мақсадларга ҳамоҳангдир.

- Ҳозирги очиқлик сиёсати, чет эл инвестициялари ва янги корхоналарнинг ортиб бораётгани, - деди давлатимиз раҳбари, - ёшларимизни замонавий билимлар ва хорижий тилларни ўрганишга ундамоқда. Шу боис, мактабларга юқори малакали хорижий ўқитувчиларни олиб келишга мажбур бўляпмиз.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз тараққий этиб боргани сари замонавий дастгоҳларни, қурилмаларни бошқариш кўникмасига эга бўлган маҳаллий мутахассисларга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Бу нимадан далолат беради? Аввало, таълим сифати ва самарадорлигини яхшилаш учун ўқитиш методикасини ўзгартиришимиз лозим бўлади.

Яна бир гап. Бугун олий таълим муассасалари саноатдаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни тобора мустаҳкамлаб бориши зарур. Бу, ўз навбатида, кўплаб ўқув қўлланмалар ва дарсликларни ана шу корхоналардаги технологиялар, лабораториялар асосида шакллантиришни тақозо қилади. Давр шиддат билан ўзгараяпти. Юртимиз саноати кун сайин ривожланаяпти, хориждан янгидан-янги технологиялар кириб келаяпти.   Бизнинг кадрлар уларни бемалол бошқара олиши учун ҳам ўқитиш методларимизни фақат назарий эмас, кўпроқ амалий жиҳатдан кучайтиришимиз лозим. Замон билан ҳамқадам бўлмасак, орқада қоламиз.

Шунинг учун ҳам бугунги кунда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, мустаҳкамлаш, узвийлигини таъминлаш муҳим масалага айланди. Ана шу мақсадда Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, юртимизда илк бор нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерига асос солинди. Хўш, бу бизга нима беради?

Аввало, нефть ва газ соҳасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграцияси таъминланади, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибалар, жумладан, замонавий таълим технологиялари татбиқ этилади. Бунинг натижасида нефть ва газ соҳаси учун ишлаб чиқариш корхоналари эҳтиёжларидан келиб чиқиб, замонавий талаблар асосида халқаро таълим стандартларига  мувофиқ мутахассислар ва илмий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш йўлга қўйилади. Яна бир афзаллиги - етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари, илмий лойиҳалар амалга оширилади.

Ўқитувчининг ўрни ўзгача

Бугун институт 50 дан ортиқ хорижий таълим муассасалари билан таълим ва илм-фан йўлида ҳамкорлик қилиб келмоқда. Муносабатларимиз, асосан, қўшма таълим дастурларини жорий қилиш, ёш ўқитувчиларнинг стажировкаларини, талабаларнинг амалиётини ташкил этиш, биргаликда халқаро илмий анжуманларни ўтказиш, ҳамкорликда ёзилган илмий мақолаларни жаҳондаги нуфузли нашрларда чоп эттириш каби йўналишларда кечмоқда.

Бундай ҳамкорлик олийгоҳларимиз учун катта имкониятлар яратади. Шундай бўлса-да, бу борада бизнинг позициямиз бошқача. Биз, асосан, ёш олимлар, тадқиқотчиларнинг нуфузли хорижий университетларга стажировкаларини кўпроқ ташкил этиш керак, деб ҳисоблаймиз. Хўш, бунинг аҳамияти нимада?

Биринчидан, ўқитувчиларимизнинг замонавий лабораторияларда машғулот ўтказиш борасидаги малакаси, янги технологияларни бошқариш бўйича тажрибаси ошади. Илмий-тадқиқот ишларини чет элда тадқиқ этиш, ҳимоя қилиш кўникмаси ортади.

Иккинчидан, маънан эскирган дарсликлар, ўз вазифасини ўтаб бўлган лаборатория жиҳозларидан воз кечиш фурсати етган бир пайтда, улар ўрнини эгаллайдиган янги авлод дарсликларини яратиш жадаллашади.

Учинчидан, ўқитиш методларимизни хориж тажрибаси асосида модернизация қилиш имкониятлари кенгаяди. Бу, ўз навбатида, меҳнат бозорига рақобатбардош кадрларни етказиб бериш борасидаги кўрсаткичларимиз ошишига хизмат қилади.

Энг муҳими, юқоридаги жиҳатларнинг барчаси пировардида юртимизда таълим сифати ва самарадорлиги янада яхшиланиши учун замин яратади. Бунинг учун эса пойдевор, яъни бошланғич таълим мустаҳкам бўлиши лозим. Президент Мурожаатномасида нафақат бошланғич, балки мактабгача таълимни тубдан ислоҳ қилиш лозимлиги айтиб ўтилгани ва унинг амалий ечимлари кўрсатиб берилганлиги ҳам шундан.

Молиявий эркинлик - масъулиятдир

Янгиланаётган Ўзбекистонда олий таълим равнақига ҳам алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётгани соҳани комплекс тарзда ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Биргина молиявий мустақиллик бериш борасида олиб борилаётган ишларга эътибор қаратайлик. Босқичма-босқич ҳаётга кўчаётган ушбу тамойил олийгоҳларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаб, уларнинг замон андозалари асосида фаолият юритишига замин яратмоқда.

Бу янгиланишлар Асосий қонунимизда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Конституцияга киритиш таклиф этилаётган 411-моддада ҳар ким давлат таълим ташкилотларида танлов асосида бепул олий маълумот олишга ҳақли эканлиги белгиланди. Ва модда олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари қонунда белгиланган доирада ўзини ўзи бошқариш, академик эркинлик, шунингдек, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга бўлишини таъминлайдиган банд билан тўлдирилди. Бундан ташқари, давлат илм-фанни ривожлантиришга, жаҳон илмий ҳамжамияти билан илмий алоқалар ўрнатишга кўмаклашиши ёзиб қўйилди. Биргина мисол, 2022 йилда юртимизда илм-фан ва инновацияларга 1,5 триллион сўм йўналтирилган бўлса, 2023 йилда ушбу мақсадлар учун 1,8 триллион сўм ажратилади. Шунингдек, нано ва биотехнологиялар, рақамли геология каби 18 та янги илмий йўналиш ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Бугун олий таълим муассасалари олдида турган асосий вазифа малакали, меҳнат бозорида рақобатбардош, етук кадрларни тайёрлашдан иборат. Олийгоҳларга молиявий мустақиллик берилиши улар ўртасида соғлом рақобат муҳитининг шаклланишини таъминлашга хизмат қилади.

Сифатли таълим пойдевори

Биласизми, таълим сифати қаердан бошланади? Мукаммал дарс амалиётидан ёки лаборатория машғулотидан, дерсиз. Бу ҳам тўғри. Менимча, сифатли таълим ўқитувчининг қалбидан, юрагидан бошланади. Унинг меҳр қўридан ривожланади.

- Мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиздан бири бўлади, - дея алоҳида таъкидланди Мурожаатда. - Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарур, деб ҳисоблайман.

Дарҳақиқат, янгиланаётган Бош қомусимизнинг 41-моддасига "Педагог ходимларнинг мақомини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш жамият ва давлатнинг мақсади ҳамда масъулиятли вазифасидир" деган нормани киритиш таклифи билдирилди. Бу халқимизнинг азалий қадрияти, эзгу анъаналарининг тикланишига ҳуқуқий асос бўлади. Ахир минг йиллардан буён айтиб келинган ва яна неча йиллар ўз қадрини йўқотмайдиган биргина "Устоз отангдай улуғ" деган калом ҳали унутилган эмас. Ҳамон давраларнинг тўри - ўқитувчиларники.

Бир сўз билан айтганда, сифатли таълимни таъминлаш биргина омилга боғлиқ эмас, балки у кенг миқёсдаги жараённи қамраб олади. Шундай бўлса-да, асосий юк, масъулият биз - педагогларнинг зиммамизда бўлиб қолаверади. Биздан талаб қилинадигани - масъулият, янгиликка интилиш, янгича фикрлаш. Демак, ўзгаришларни, аввало, ўзимиздан бошлашимиз лозим.

Орифжон БОЗОРОВ,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори

Report typo