Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

21.06.2018


МАҚОМ САНЪАТИ – ЯНГИ ЮКСАЛИШ ДАВРИДА

 Шу йилнинг сентябрь ойида ўтказиладиган илк халқаро анжуманга кўплаб мамлакатлардан санъат намояндалари қатнашиш истагини билдираётгани диққатга сазовор. Улар орасида Ҳиндистон, Покистон, Исроил, Туркия, Арманистон, Бангладеш, Озарбайжон, Афғонистон ва бошқа қатор давлатлар вакиллари бор.

Халқаро анжуманнинг айнан Шаҳрисабзда ўтказилиши бежиз эмас. 2700 йилдан ортиқ тарихга эга бу юрт қадим санъати ва маданияти билан ҳам бетакрордир. Айниқса, Амир Темур даврида мусиқа санъати жадал ривожланиб, чинакам уйғониш даврини бошдан кечирган, созандалик ва хонандалик, мусиқа илми ва бастакорлик камол топган. Асрлар давомида шаклланган устоз-шогирд анъаналари давом этган.  Бу уйғониш нафақат пойтахт Самарқандда, балки бошқа кўплаб шаҳарлар қатори Кешда ҳам рўй берган. Оқсаройдаги шоиру уламолар, фозилу ҳофизлар иштирокидаги йиғинларда мақом қўшиқлари авж пардаларда куйланган. Журналист Мўмин Азизовнинг далолат беришича, ХVII-ХVIII асрларга келиб Шаҳрисабзда Бухоро ва самарқандлик санъаткорлар билан ҳамкорликда "Шашмақом" тароналарига ўйинга тушувчи раққослар ва созандалар гуруҳлари тузилган. ХIХ асрда яшаб ўтган моҳир ижрочи ва созанда шаҳрисабзлик Абдураҳмонбегининг довруғи жуда баланд бўлиб,  ўзбек миллий мусиқаси ва мақом санъати ривожига катта  ҳисса қўшган.

Айтиш мумкинки, 1972 йилга келиб Шаҳрисабзда мақом санъати яна бир юксалиш даврига қадам қўйди. Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби Элмурод Боймуродовнинг саъй-ҳаракати билан мақом ансамбли ташкил топди.   Президентимиз шу йил май ойида АҚШга борганларида "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвонини топширган асли шаҳрисабзлик Изро Малахов ҳам Элмурод ака билан ансамбль ташкилотчиларидан бири бўлган. Асли касби стоматолог шифокор бўлган бу инсоннинг беназир овози Шаҳрисабзда мақом ансамблини ташкил этиш учун ёрдамга келган Ориф Алимахсумов, Салоҳиддин Тўхтасинов, Сирож Аминовдай устоз санъаткорларнинг назарига тушган. Шундан сўнг Изро   Малахов кўп йиллар Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги Юнус    Ражабий номли мақомчилар ансамблида фаолият кўрсатган. 20 дан ортиқ мақом ижролари унинг овозида ёзиб олинган ва кейинчалик "Гул фасли" деган ном остида 12 та муаллифлик қўшиқлари ёзилган грампластинка   чиқарилган.

Ансамбль ижрочиларидан яна бири Рушел Рубиновнинг овози ҳам кўпчиликни сеҳрлаган. У Хоразм мақом ушшоғи, Бухоро мақом ушшоғи, Тошкент-Фарғона мақом ушшоғидаги намудлар ва супоришларни бирлаштириб, уларнинг ҳеч бирига ўхшамаган "Ушшоғи Шаҳрисабз"ни яратган. Шунингдек, ансамбль таркибида Саиджон Нурбобоев, Ампул Давидов,  Қурбон Тошев, Азамат Ҳақбердиев, Нафтали Юсупов, Тамара Хаимова, Азамат Номозов, Даниэл Хаимов, Бурхон Хуррамов, Ҳомид Қобилов сингари санъаткорларнинг ҳар бирида ўзига хос ширали овоз ва соз бўлган.

Элмурод Боймуродов асос солган ва бадиий раҳбар бўлган мазкур ансамбль йиллар мобайнида элга Ўзбекистон халқ артисти Марям Сатторова, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ўктам Аҳмедов, республикада хизмат кўрсатган артист, иккинчи "Шарқ тароналари" халқаро фестивали олий ўрин (Гран При) соҳибаси  Насиба Сатторова, республикада хизмат кўрсатган артист Ойгул Халиловадай устоз, "Ниҳол" мукофоти совриндори Ойбек Мирзаевдай таниқли санъаткорларни берди.

2002 йилда Шаҳрисабз маданият бўлими қошида Элмурод ака ташаббуси билан "Бахтли болалик" болалар мақом ансамбли ташкил этилиши асрий анъаналарга эга Шаҳрисабз мақом санъатини яшартирди. Маданият вазирлиги томонидан "Намунали болалар ансамбли" деб эътироф этилган мазкур ансамбль айни пайтда 300 дан ортиқ мақом, мумтоз ашулалар, фольклор қўшиқлари, лапарлар жамланган репертуарига эга.

- Мақом шунақа санъатки, ундаги нолаларни ноталар ифода этолмайди, ичида минг битта жилва, жило бор, уни фақат ижро этилаётганда соз ва овоз юзага чиқаради, - дейди Элмурод ака тўлқинланиб. - Мақом айтувчи бир пайтнинг ўзида бирор мусиқий асбобни чалса қўшиқ янаям дилга яқин бўлади, овоз ноласи соз ноласи билан уйғунлашиб, юракларни жунбишга келтиради ва худди шу жойда асл санъат ўз қиёфасини кўрсатади.

Дарвоқе, Президент қарори ижроси доирасида вилоятда ўзбек миллий мақом санъати марказининг филиали иш бошлади. Шаҳрисабз билан туташ қўшни Китоб тумани маданият бўлими қошида таниқли ҳофиз Ҳасан Қурбонов бошчилигида 25 ижрочидан иборат "Мозий садолари" мақом ансамбли тузилди. Ансамблга якка тартибда ва жамоа бўлиб ишлаш учун барча шароитлар яратилди. "Шашмақом" тарихи" бурчаги ташкил этилиб, ундан Хоразм, Бухоро, Тошкент-Фарғона мақомчилик дарғалари суратлари, мақом чолғу асбоблари ўрин олган. Китоб жавонларида "Шашмақом"нинг тўлиқ томлари, "Уйғур 12 мақоми", "Ўзбек халқ мусиқаси"нинг барча томлари, шунингдек, Ҳофиз Шерозий, Навоий, Фузулий, Лутфий ва бошқа ўнлаб забардаст шоирларимизнинг аруз вазнида битилган ғазаллар тўпламлари жамланди.

- Эндиликда мақом йўналишида ижро этилган қўшиқлар ва куйларни қайта тиклаш ҳамда сақлаш учун "Мақом ансамбли фанатекаси"ни ташкил этмоқчимиз, - дейди Ҳасан Қурбонов - Шу мақсадда хоналардан бирини овоз ёзиш студиясига мосладик. Яқин кунларда туман аҳлига илк жонли чиқишимиз намойиш этилади. Сезилиб турибдики, бугун миллий мақом санъатини севган ҳар бир киши Президент қароридан руҳланиб, кўтаринки кайфиятда ишга киришиб кетган.  Айниқса, қадим Шаҳрисабзда иш авжида, халқаро анжуманга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Шаҳар Маданият саройи мукаммал таъмирланмоқда. Саройнинг иккинчи қаватида жойлаштирилиши кўзда тутилган мақом санъати музейининг концепцияси ва лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди. "Ипак йўли" кўчасида жойлашган "Наврўз" маданият ва истироҳат боғи ҳамда "Доруттиловат" мажмуаси ҳудудидаги "Кўк гумбаз" масжиди ёнидаги хиёбонга катта экранли монитор ўрнатилади.

Халқаро анжуман тадбирлари доирасида Оқсарой майдонида қадим мусиқа асбоблари,  тасвирий ва халқ амалий санъати намуналари, фотосуратлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари, ўзбек, форс, араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилган илмий-маърифий адабиётлар намойиши ва сотувини ташкил этиш мўлжалланган. Шу билан бирга, мақом мусиқа санъати, унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни мавзуида илмий-амалий конференция, жаҳон ва Ўзбекистон мақом санъати усталарининг якка концертлари, кўрик-танловлар, сайиллар, мамлакатимизнинг дунёга машҳур шахслари ҳаёти, ижодий фаолиятига оид  оламшумул воқеликларга асосланган  дастурлар намойиши режалаштирилган.

 Бир сўз билан айтганда, "ЮНЕСКО" томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилган миллий мақом санъатимиз янги юксалиш даврига қадам қўймоқда.

 Лола ЎРОҚОВА

Report typo