Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 июнь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

23.05.2024


МАҲАЛЛАЛАРДА УНИВЕРСАЛ СПОРТ МАЙДОНЧАЛАРИ СОНИ ЯНАДА ОШАДИ

Спорт инфратузилмаси

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов воҳамизнинг тўртта туманида маҳаллалар ҳудудида универсал спорт майдончалари ташкил этиш ва қуриш учун вилоят спорт бошқармасига ер ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ спорт майдончалари қуриш учун Қарши туманидаги Дашт, Қамаши туманидаги Дўстлик, Ғузор туманидаги Амир Темур ва Яккабоғ туманидаги Нурафшон маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидан ер участкалари ажратилди.

Вилоят спорт бошқармаси мутахассисларининг таъкидлашича, юқоридаги ҳудудларда барпо этиладиган спорт объектлари мамлакат Президентининг 2023 йил 28 июлдаги “Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва спорт майдончаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан қурилади. Шунингдек, ушбу қарорга биноан жорий йилда вилоятимиздаги яна 12 та маҳалла, шу жумладан, Касби туманидаги Таллиюлғун, Нишон туманидаги Кимёгар, Косон туманидаги Хўжақудуқ, Муборак туманидаги Амир Темур, Китоб туманидаги Чармгар ва Бектемир, Шаҳрисабз туманидаги  Янгибоғ, Миришкор туманидаги Гулшанбоғ, Ғузор туманидаги Авғонбоғ, Яккабоғ туманидаги Хонақа, Деҳқонобод туманидаги Фаровон ва Чироқчи туманидаги Дўстлик диёри маҳалла фуқаролар йиғинларидаги умумтаълим мактаблари ҳудудида ҳам универсал спорт майдончалари қад ростлайди.

Маълумотларга кўра, вилоятимизда 2022-2023 йилларда жами 58 та спорт майдончаси барпо этилган бўлса, улардан 7 таси воркаут (яъни кўча гимнастикаси билан шуғулланиш учун мўлжалланган), 31 таси стритбол-воркаут (кўча баскетболи ва кўча гимнастикаси), 20 таси эса универсал (баскетбол, волейбол ва қўл тўпи) спорт майдончаларидир.

Ўз мухбиримиз

 

 

 

Report typo