Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
30 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги: 2022 йил -  "ҚОНИҚАРСИЗ",  2023 йил -  "ҚОНИҚАРЛИ", 2024 йил -  "?.."

Ўз мухбиримиз

04.04.2024


Коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги: 2022 йил -  "ҚОНИҚАРСИЗ",  2023 йил -  "ҚОНИҚАРЛИ", 2024 йил -  "?.."

Долзарб рақамлар

Қашқадарёда 2023 йилда коррупцияга оид жиноят содир этган шахслар сони 2022 йилгига нисбатан сезиларли даражада камайган бўлса-да, мазкур рақам ҳали-ҳамон юқорилигича қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз расмий сайтида эълон қилган таҳлилларга кўра, ўтган йили республика бўйича жами 6 минг 535 нафар шахс (2022 йилда - 7 минг 414 нафар) коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, олдинги йилга нисбатан уларнинг сони 879 нафарга ёки 12 фоизга камайган.

Ўтган йили энг кўп содир этилган коррупцияга оид жиноятлар ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш - 2 минг 67 та (2 минг 145 та), пора бериш - 894 та (1 минг 61 та), фирибгарлик - 769 та (937 та), пора олиш - 121 та (155 та) ва ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш - 125 та (117 та) ҳисобланади. 

Соҳалар кесимида энг кўп коррупциявий жиноятлар хўжалик юритиш ва тадбиркорлик - 1 минг 550 та (1 минг 435 та), таълим - 586 та (778 та), банк - 323 та (381 та), соғлиқни сақлаш - 320 та (384 та) ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш - 211 та (222) соҳаларида содир этилган.

Жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг 12 нафари (27) республика, 319 нафари (270) вилоятлар, 5 минг 24 нафари (5 минг 755) туман ва шаҳар миқёсидаги давлат ташкилотларида фаолият кўрсатган.

Агентлик томонидан келтирилган рақамларга қараганда, Қашқадарёда ҳам ўтган йили коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган шахслар сони (813 нафар) олдинги йил (1 минг 5 нафар)га қараганда анчагина (192 нафарга ёки 19 фоизга) камайган.

Бироқ бошқа ҳудудлар билан таққосласак, ўтган йили фақат Андижон вилоятида (971 нафар) биздагидан кўпроқ шахслар коррупцияга оид жиноят содир этгани аён бўлади. Мамлакатимизнинг бошқа барча ҳудудлари, шу жумладан, Қашқадарёдан аҳолиси кўп бўлган  Фарғона (525) ва Самарқанд (372) вилоятларида ҳам коррупцияга оид жиноятлар учун камроқ шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.

Аммо шу билан бирга вилоятимизда мазкур жабҳадаги вазият ижобий томонга ўзгариб бораётганини тасдиқловчи рақамлар ҳам йўқ эмас. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2023 йил якуни бўйича ўтказилган рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолияти самарадорлиги 59 баллга баҳоланган ва "қониқарли" деб топилган. Ваҳоланки, 2022 йил якуни бўйича вилоятимиз ҳокимлигининг 31 балл билан коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлиги "қониқарсиз" бўлган давлат органлари ва ташкилотлари  тоифасига киритилган эди.

Агентлик маълумотларига қараганда, 2023 йил натижалари бўйича 95 та давлат ташкилоти, жумладан 36 таси илк маротаба, қолган 59 таси эса такроран баҳолашдан ўтказилди. Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, 42 та ташкилот фаолияти самарадорлиги "яхши" - (81-100 балл), 38 та ташкилот "қониқарли" - (55-80 балл) ва 15 та ташкилот "қониқарсиз" - (55 баллдан паст) тоифаларга ажратилди.

- Баҳолаш натижаларига кўра, "қониқарли" деб топилган давлат ташкилотлари фаолиятида коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чоралар амалга оширилган бўлса-да, айрим масалаларга эътиборсизлик билан қаралган, - дея маълум қилинади Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабарида. - Жумладан, коррупциявий хавф-хатарлар тўғри баҳоланмаганлиги натижасида коррупцияга қарши курашиш дастурлари манзилли ишлаб чиқилмаган ва ижроси тўғри ташкил этилмаган, ходимларни коррупцияга қарши ўқитиш ва уларда муросасиз муносабатни шакллантиришда етарли ишлар амалга оширилмаганлиги, белгиланган тадбирлар ижросини назорат қилиш соҳасида камчиликлар мавжудлиги кузатилди.

Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, энг кўп балл Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги (94), Марказий банк (93), "Ўзкимёсаноат" АЖ (90), энг кам балл эса Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (9), Кинематография агентлиги (5) ва Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (5) томонидан тўпланган.

Ўз мухбиримиз

Report typo