Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 сентябрь, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

Т.НИЗОМОВ

22.09.2022


Хусусий инвесторлар Қашқадарёда 16 та микро ГЭС қуришади

Ривожланиш стратегияси

Вилоятимизда хусусий инвесторларга қуввати 500 киловаттгача бўлган микро гидроэлектрстанция(ГЭС)ларни қуриш учун 16 та лойиҳа (майдон) таклиф этилмоқда.

Қашқадарё ва республиканинг бошқа бир қатор ҳудудларида амалга оширилажак бундай лойиҳаларнинг рўйхати мамлакат раҳбарининг "Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони билан тасдиқланган. Унга кўра, вилоятимизда хусусий инвесторлар иштирокида барпо этиладиган микро ГЭСларнинг аксарияти Шаҳрисабз ва Чироқчи туманларида қурилади.

Хусусан, Шаҳрисабз туманидаги Оқсув каналида ҳар бирининг қуввати бир соатда 200 киловатт электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган 3 та микро ГЭС қад ростлаши режалаштирилган. Шу тумандаги Қорасув   дарёсида ҳам 3 та гидроэнергетика иншооти бунёд этилиши кўзда тутилган, бу микро ГЭСларнинг қуввати 120, 200 ва 250 киловаттни ташкил қилади.

Чироқчи туманида эса хусусий инвесторларга микро ГЭСларни қуриш учун таклиф этилаётган майдонларнинг барчаси Эскианҳор каналининг Умакай ва Араббанди ташламаларида жойлашган. Жумладан, Умакай ташламасида иккита (200 ва 300 киловаттлик), Араббанди ташламасида эса тўртта (100,150, 200 ва 350 киловаттлик) микро ГЭС қуриш режа қилинган.

Қолган лойиҳалар доирасида эса Нишон тумани Айланма  каналида 200 кВт, Китоб тумани Варганза қишлоғи Қашқадарё дарёсида 300 кВт, Косон тумани СК коллекторида 100 кВт ва Яккабоғ тумани Чап қирғоқ канали Жийда ташламасида 350 кВт қувватига эса микро ГЭСлар барпо этилиши мўлжалланмоқда.

Умуман олганда, хусусий инвесторларга қуввати 500 кВтгача бўлган микро гидроэлектрстанцияларни қуриш учун таклиф этилаётган лойиҳалар (майдонлар) рўйхатига Қашқадарё вилоятидан киритилган микро ГЭСларнинг умумий қуввати соатига 3 минг 470 киловаттга тенг бўлиб, уларнинг ишга туширилиши ҳар йили ўртача 12,5 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

Фармонда, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиб, ушбу манбалар орқали электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш ҳамда маъмурий-маиший бино ва иншоотларда энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган яна кўплаб чора-тадбирлар белгиланган.

Т.НИЗОМОВ

Report typo