Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 июнь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

07.09.2023


ХУДБИНЛИК - ЗАМОНАМИЗНИНГ МОХОВ КАСАЛЛИГИ

Сараланган сатрлар

Буюк француз адиби Оноре де Бальзак "Сағри тери" романи фалсафий заминини қуйидагича ифодалайди: "Бу асар (фалсафий эртак) ҳозирги асримиз, ҳаётимиз, худбинлигимизнинг формуласи бўлиб қолади".

Китоб дастлаб Парижда 1831 йилда босилиб чиққан. Икки юз йилга яқин вақт ўтаяптики, фикр теранлиги, гўзал ифода йўсини, услубнинг ўзига хослиги билан ҳайратларга сабаб бўлаётир. Ҳозир чоп этилаётган кўп китобларни ўқиб, ҳафсалангиз пир бўлади, ёзувчи қуруқ аравани у ёқдан бу ёққа олиб чопаётганини, ўқувчини аҳмоқ қилишга уринаётганини англаб турасиз. Шундай дамларда вақтни замонавий бестселлерларга сарфлаш ўрнига, тинчгина вақт ва ўқувчи ҳукмидан эсон-омон ўтган классик асарларни ўқийверган маъқул иш эканига яна бир карра амин бўласиз.

Бальзакка хос услуб шуки, қаҳрамонлар асардан асарга кўчиб юради - аввалги романларда қадрдон бўлган кишилар тақдирини нариги роман воқеалари давомида билиб оламиз. Адиб гарчи ўз даври муаммоларини қаламга олса-да, умумбашарий ва ўлмас масалалар узра тафаккур юритгани эътиборни тортади.

Бальзакнинг "Париж! Бир кун сени истеъдодим олдида тиз чўктираман" деган гапи пойтахтга турфа вилоятлардан борган талабалар орасида анча машҳур эди. Бальзак сўзининг устидан чиқди, бироқ унинг даъволаридан илҳомланган, бугун салкам ўрта яшар қаламкашга айланиб қолганлар ўз сўзини айта оладими, пойтахтни тиз чўктириш нари турсин, ўқувчини ҳайратга соладиган асар бита оладими - бу саволлар ҳали-ҳануз жавобини кутаяпти. Зеро, адабиётда даъво қилиш бошқа, уни рўёбга чиқариш буткул бошқа нарсадир...

*  *  *

Одам дилига ёқмайдиган иш қилган вақтларда ҳамиша зиддиятлар пайдо бўлаверади.

*  *  *

Одам ўзи билан ўзи олишиб, фалокатлар ёғилиб келганда келажакдан умидини узади, яна келажакка умид билан фалокатлардан ўзини ҳимоя қилади, ҳамма қилмиш-қидирмишларида одамга хос саботсизлигини ва заифлигини ошкора қилиб қўяверади. Бу дунёда бахтсизликдан бошқа ҳеч нарса тўла-тўкис бўлмайди.

*  *  *

Зерикканидан пашша қўрийдиган, олтин-кумушлар чарчатган оломон олдида мансардага - диққинафас ҳужраларга қамалиб, миллионлаб жонли вужудлар орасида ғарқ бўлиб кетган қанчадан-қанча ёш истеъдодлар сўлади ва ҳалок бўлади: негаки буларнинг яқинида қўллайдиган бирор дўсти, кўнглига тасалли берадиган бирор аёл бўлмайди!

*  *  *

Замонавий кимё барча мавжуд нарсаларни газга айлантиргандай, инсон руҳи ҳам кўнглида барча шодликлар, ғоялар ва куч-қудратларни бир лаҳзада тўплаганида даҳшатли зарралар ҳосил қилмасмикан? Жуда кўп одамлар ўзига хос руҳий кислоталардан бутун вужуди бирданига заҳарланиб ўлмаганмикан?

*  *  *

Ўлим даҳшатларига кўникиб қолган одамга ҳаёт даҳшатлари ҳеч нарса қилолмасди.

*  *  *

Сизга ҳозир икки оғиз сўз билан инсон ҳаётининг буюк сирини айтиб бераман. Ўйламай иш қилавериб одам ўзининг тинкасини қуритади. Ўлимнинг барча сабаблари икки хилга бўлинади ва иккита сўзга - тилак ва имкон деган сўзларга бориб тақалади. Одамзод ҳаётининг мана шу иккала чегараси ўртасида учинчи бир ақида борки, буни фақат доноларгина билишади. Мана шу ақида менга бахт ва узоқ умр берди. Тилак бизни куйдиради, имкон - вайрон қилади, билиш эса бизнинг заиф вужудимизни абадий сокинликка олиб келади. Демак, тилак, истакни менинг фикрларим ўлдириб юборган, мен вужудимнинг эҳтиёжларига қараб иш қиламан ва қудратли бўламан. Хуллас, кўнгил кўчасига кириб яшамадим, чунки кўнгил одамни хароб қилади. Ҳиссиётларимга ишониб ҳам яшамадим, чунки ҳиссиётлар ўтмаслашиб, ўлиб кетади. Мен ақлимга қараб яшадим. Ақл эса ҳеч қачон эскирмайди, ҳаммадан узоқ яшайди.

*  *  *

Ҳаётнинг туб моҳиятини кашф этиш, унга чуқур кириб бориш лаззат эмасми? Моддий нарсаларни тўплашдан нима қолади? Фақат - ғоя қолади. Ўйлаб кўринг, тафаккурида бутун борлиқни акс эттира оладиган ва бахт манбаларини ўз қалбига кўчира оладиган, уларни турмушнинг ифлосликларидан тозалаб, олам-олам лаззат ола биладиган одамнинг ҳаёти нақадар гўзал бўлади! Тафаккур - барча хазиналарнинг калити, у хасис одамнинг барча ташвишларини қолдириб, бизга барча лаззатларини беради.

*  *  *

Жисмоний дунёнинг қиттай хафагарчилиги ҳам одамни тинимсиз жароҳатлайди, хаёлдаги дунёнинг равшан нурлари эса роҳат-фароғат бағишлайди. Донолик билимдан келади ахир! Тентаклик эса тилакларнинг ёки куч-қудратнинг тийиқсизлигидан келиб чиқади!

*  *  *

Қиролнинг конституция ёнғоғи билан кўрсатаётган кўзбўямачилиги ҳозир роса авжига чиққан. Халқ қаҳрамонлиги туфайли ағдариб ташланган шармандали монархия - хулқи бузуқ аёл эди, у билан ҳазиллашиш ҳам, базм қилиш ҳам мумкин эди. Халқнинг    Ватан деб аталувчи хотини эса лақма, аммо саховатли, истасанг-истамасанг унинг вазмин эркаликларини кўтарасан.

*  *  *

Санъатлар, фанлар, ҳайкаллар - ҳаммасини худбинлик қуртдай кемиряпти, худбинлик - замонамизнинг мохов касаллиги.

*  *  *

Жамиятнинг емирилишига қарши фақат бир тўсиқ бор, бу манфаат тўсиғи.

*  *  *

Бугун ҳокимиятнинг ҳамма турларини масхара қилдингиз; бу эса худони инкор этишдай разил нарса! Энди ҳеч нарсага ишонч-имонингиз йўқ. Шунинг учун асримиз бузуқлик йўлига кирган қари султонга ўхшаб қолди!

*  *  *

Муҳаббат шамолга ўхшайди: қаёқдан эсишини билмаймиз.

*  *  *

Бировлар македониялик Искандар тулпорининг исмини билиб олса ёки жаноб Дезаккорнинг дог ити Беросилло деб аталганини билиб олса, ўзини маърифатли ҳисоблайди.

*  *  *

Ёшлигимизда одамлар ва шароит тазйиқига қарамай, туйғуларимизнинг нозик-ниҳол гулига, виждонимизга, фикрларимизга ҳали гард қўнмаган бўлади. Шу туфайли ёвузлик билан келишолмаймиз.

*  *  *

Истеъдодли одамларнинг курашларида журъатга, катта ишларга даъват этувчи ички бир овоз бўлади.

*  *  *

Истеъдодли, талантли одамлар ҳамиша ёниб яшайдилар: қизлар эса талантли одамнинг ғам-кулфатларига шерик бўлишни исташмайди - қизларнинг ҳаммаси ўз ошиқларининг фақат шуҳрат келтиришини ўйлашади. Аслида улар бизни севмайди, балки биз орқали ўзларини севишади!

*  *  *

Одамнинг ҳаёти дунёдаги ҳамма мансаблардан аълороқ.

*  *  *

Ивиган момиқнинг юмшоқлиги билан жилвир тошнинг қаттиқлиги ўртасида олам-олам сир-синоат бор. Худди шу нарса инсонга ҳам тааллуқлидир.

*  *  *

Одатда ўзимизга дўст деб билгимиз келган айрим кишиларнинг оғзидан баъзан шундай сўзлар чиқиб кетадики, бундан хайрихоҳ туйғуларимиз озор топади, инсон худбинлигининг ҳадсизлигини сезамиз.

*  *  *

Соппа-соғ киши ўзининг баданидан ўлим даракчиси бўлмиш дардни қандай ҳайдаса, киборлар жамияти ҳам ўзининг орасидан бахтсиз кимсаларни шундай суриб чиқаришади.  Жамият дарду ғамлардан ҳазар қилади, улардан мараздан қўрққандай қўрқади.

Мабодо жамият ё ғам-кулфатни, ё иллатни танлаши зарур бўлиб қолса, сўзсиз у иллатни танлайди, чунки иллат ҳам киборлар учун дабдабага ўхшаган бир нарса. Жамият ҳар қандай  бахтсиз одамни камситишни, ҳажв-масхара қилишни қойиллатади. Жамият тахтдан улоқтирилган қиролнинг юзига мағзава чаплашга уста. Чунки қирол ҳам бир вақтлар фуқарога шуни раво кўрган эди.

*  *  *

Бахтсизлар доим бир-бирларини тушунадилар ва қўллаб-қувватлайдилар.

*  *  *

Қандай? - деган сўроқ, шубҳасиз, ҳар қанақа фаннинг калити ҳисобланади; буюк кашфиётларнинг кўпчилиги "Қандай қилиб?" - деган савол туфайли очилган. Кундалик турмуш борасида, эҳтимол, ҳар қадамда "Нима учун?" саволига жавоб излайверишдан ҳам ҳаёт тажрибаси келиб чиқса керак. Лекин, шунисиям борки, киши ҳамма нарсани олдиндан кўра билса, кўпгина хом хаёллар пучга чиқади.

*  *  *

Салтанат ҳассаси - болакай учун ўйинчоқдай бир гап, Ришелье учун у ойболтанинг ўзидир. Наполеон эса бу ҳассадан дунёни остин-устин қилиб юбориш ишида дастак сифатида фойдаланиши мумкин. Ҳукмдорлик кишиларни табиатан қандай яралган бўлсалар, айни шу ҳолида қолдираверади, у буюк шахсларгагина қанот бахш этади.

*  *  *

Ким серташвиш чумолининг ҳаракатларини кузатмаган? Ким нозиккина чўзанакнинг ажойиб парвозини томоша қилиб, эман япроғининг қирмизи бети худди гота ибодатхонасининг бурма нақшлари каби ёрқин томирларга тўла эканлигини кўриб яйрамаган дейсиз? Ким ёмғир томчилари билан қуёш нурларининг тимқора черепица том устида жимирлашини узоқ-узоқ томоша қилиб, ҳузур топмаган: бир томчи шудринг, гул баргчалари ёки косачасининг ранг-баранг ажойиботларига қараб ўйга толмаган? Ким табиат қўйнида беғаму бекин,лекин кишини қандайдир мушоҳадаларга ундайдиган ширин хаёлларга берилмаган? Бошқача айтганда, ким гоҳи вақтлар гўдакларча эринчоқлик билан (мабодо меҳнатни ҳисобга олмаганда) ёввойиларча ҳаётдан завқланмаган?

*  *  *

Бошқаларнинг сизга ачиниши, агар ҳақиқатан ҳам ачинарли аҳволда бўлсангиз, сиз учун энг даҳшатли изтиробдир. Одамларнинг нафрати куч-қувват беради, ана шу ҳис замирида ҳаётингизнинг маънисини кўрасиз,  нафратга жавобан қасос туйғусида ёнасиз, лекин улар изҳор этаётган ҳамдардлик бизнинг қўл-оёқларимизни боғлаб, қувватимизни янада сўриб олади. Бу - мулойим ёвузликдир, бу - ҳалимлик қиёфаси остида зоҳир бўлган нафрат ёки бўлмаса, таҳқирловчи назокатдир.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo