Ажабо
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси тақдим этган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган 11 ойида хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 275 тани ташкил этиб, аввалги йилнинг мос давридагига нисбатан сезиларли даражада ўсган. Уларнинг асосий қисмини фирибгарлик (39 та), ўғирлик (25 та) ва гиёҳвандлик (21 та) билан боғлиқ жиноятлар ташкил қилади.
- Жиноят содир қилган хотин-қизларнинг 213 нафари 30 ёшдан ошганлар, 59 нафари 18-30 ёшгача бўлганлар, 3 нафари 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ҳисобланади, - дейди маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Комила Каромова. - Ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турган аёлларнинг оилавий шароити ўрганиб борилаяпти, доимий мулоқотда бўлиб, ижтимоий ва маиший муаммоларини ечиш учун кўмаклашилаётир. Шунингдек, жиноят содир этган хотин-қизлар билан амалга ошириладиган якка тартибдаги профилактик тадбирларни ташкил этиш доирасида уларнинг ҳар бирига ўзи яшаётган маҳалладаги фаол аёллар бириктирилган.
Хўш, бу кўрилаётган тадбирлар қандай натижа бераяпти? Ҳамма гап шунда. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида 2141 нафар хотин-қиз ички ишлар органлари профилактик ҳисобига олиниб, 1993 нафари профилактик ҳисобдан чиқарилган.
Демак, профилактик рўйхатда турган хотин-қизлар сони ортган. Шуми натижа? Айтишларича, ҳисобда турган хотин-қизлар 437 нафарининг яшаш шароитлари ўрганилиб, 193 нафари бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ишга жойлаштирилди. Шунингдек, 132 нафарига моддий ёрдам ва нафақа пулларини расмийлаштиришга кўмаклашилди, 19 нафарининг даволанишга муҳтожлиги аниқланиб, тиббий диспансерларга юборилди. 13 нафар вояга етмаган қиз таълимга жалб қилинган бўлса, 117 нафарига фуқаролик паспорти олишга, 23 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашилган.
Бу яхши. Бироқ ушбу натижа яна нечта идоранинг шу ҳақдаги ҳисоботида акс эттирилган?
- Ҳуқуқбузарликка ва жиноятга қўл урган хотин-қизлар билан ишлаш жараёнида шундай хулосага келамизки, уларнинг қиёфаси бизга айбдордан кўра кўпроқ меҳрга муҳтож одамни эслатади, - дейди вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори М.Кенжаева. - Бугунги оила-турмуш, қайнона-келин, эр-хотин атрофида кўп кузатилаётган можаролар ҳам анча салбий оқибатларга олиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, хотин-қизлар томонидан содир этилаётган жиноятлар юзага келишига асосий сабаб - уларда ҳуқуқий маданият тўла шаклланмаган. Шу боис хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш борасидаги ишларни жонлантириш лозим.
Хўш, шу орқали натижа чиқарса бўлар экан, ким қилади шу ишларни? Хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи идораю масъуллар рўйхатини тузсанг, сиёҳ етмайди. Ҳар бирига ўзининг аниқ вазифаси тайин қилиб қўйилган. Ҳаммаси ишлаяпмиз, дейди, маълумот сўрасанг тўлқинланиб гапиради, камига гўёки қилган ишлари акс эттирилган бир даста қоғозни ҳам тутқазади. Амалда эса вилоятда хотин-қизлар содир этган жиноятлар сони 25 тага кўпайиб турибди...
Шоҳиста БОЗОРОВА