Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 декабрь, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • "KfW" банки маблағлари ҳисобидан Қаршидаги референс лаборатория ҳам модернизация қилинади

Ўз мухбиримиз

17.11.2022


"KfW" банки маблағлари ҳисобидан Қаршидаги референс лаборатория ҳам модернизация қилинади

Қашқадарё ва дунё

Юртимизда Германиянинг "KfW" ("Kreditanstalt für Wiederaufbau") банки иштирокида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида референс лабораторияни модернизация қилиб, замонавий асбоб-ускуна ва анжомлар билан жиҳозлашга қарийб 270 минг евро йўналтирилади.

Шу йил 9 ноябрда давлатимиз раҳбари Германиянинг "KfW" банки иштирокидаги "Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизация қилиш (IV босқич)" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилди. Мазкур ҳужжат аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш ва сифатини ошириш, хусусан, ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизация қилиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда миллий ва минтақавий референс лабораториялар ташкил этилишини таъминлашга қаратилган.

Қарорда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси ҳамда Германия Федератив Республикаси ҳукуматлари ўртасида 2018 йил 28 мартда имзоланган молиявий ҳамкорлик тўғрисидаги келишувга кўра, "Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизация қилиш" лойиҳасини амалга ошириш учун қарз ва грант маблағлари ажратиш назарда тутилган. Шу йил 5 августда эса Ўзбекистон ва "KfW" банки мазкур лойиҳанинг тўртинчи босқичини молиялаштириш учун 10 йиллик имтиёзли давр билан 30 йил муддатга жами 10,3 миллион евро миқдорида қарз битими ҳамда 1 миллион евро миқдорида грант битими имзолаган. Ўшанда таъкидланганидек, ушбу маблағ эвазига Тошкентдаги марказий тиббиёт лабораторияси учун сифат назорати ускуналари ва ахборот тизими харид қилинади, пойтахт лабораторияси ва ҳудудий муассасалар бир тармоққа бирлаштирилади, бу эса диагностика ва клиник қарорларни қабул қилиш жараёнларини яхшилайди.

Президент қарори билан тасдиқланган қарз маблағларининг сарфланиш йўналишлари тақсимотига кўра, лойиҳа доирасида республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва мамлакат бўйлаб яна 17 та муассаса, жумладан, 14 та болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига умумий қиймати 8 миллион еврога тенг замонавий асбоб-ускуна ва анжомлар етказиб берилади ва ўрнатилади, шунингдек, модернизация ишлар амалга оширилади.

Хусусан, Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидаги референс лаборатория учун ҳам бир қатор замонавий жиҳозлар, масалан, соатига 80 дан ортиқ синов ўтказиш учун мўлжалланган ёпиқ турдаги ИХЛА (иммунохемилюминесцент таҳлил)нинг автоматик иммунокимёвий анализатори (қиймати - тахминан 50 минг евро), соатига 109 тадан ортиқ тест олиш имконини берувчи гематология анализатори 6DIFF автоматик таҳлил модули билан (20 минг евро), телетиббиёт тизими (85 минг евро), сервер ва компьютерлар (16 минг евро), соатига 20 литр сувни тозалаш қувватига эга махсус тизим (5 минг евро) харид қилинади. Шунингдек, 10 минг евролик лаборатория мебеллари етказиб берилади ва қиймати 83 минг евродан ортиқ модернизация ишлари амалга оширилади.

"Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизация қилиш (IV босқич)" лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичларига қараганда, унинг биринчи компоненти - миллий ва минтақавий референс лабораториялар инфратузилмасини, техник таъминотини ҳамда таҳлилий салоҳиятини мустаҳкамлашга 5 миллион 816,13 минг евро, иккинчиси -  лаборатория ахборот тизимини сотиб олиш ва миллий референс лабораторияларда жорий этишга 3 милион 489,68 минг евро, учинчиси - консалтинг хизматлари ва ўқитишга 2 миллион 5 минг евро йўналтириш назарда тутилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 13 миллион 453,44 минг евро, шундан "KfW" банки маблағлари 11,3 миллион евро (қарз ва грант), бюджет маблағлари эса 2 миллион 153,44 минг еврони ташкил этади.

Ўз мухбиримиз

Report typo