Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
17 январь, якшанба. 2021 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Кўпригини сел ювиб кетиб, аҳолиси тросдан фойдаланиб турган қишлоқдан замонавий кўприксозларга "мастер-класс":

НАСРИДДИН

24.11.2020


Кўпригини сел ювиб кетиб, аҳолиси тросдан фойдаланиб турган қишлоқдан замонавий кўприксозларга "мастер-класс":

КЎП ПУЛ САРФЛАМАЙ, МАБЛАҒНИ ТАЛОН-ТОРОЖ ЭТМАЙ ҲАМ ҚУРИЛИШ ҚИЛСА БЎЛАРКАН

Фотонигоҳ

Йўл, кўприк қуриш ниҳоятда савобли амаллардан саналади. Муқаддас динимиз уламолари ҳам "Йўл ёки кўприк йўқ бўлиб кетгунича ундан фойдаланган одамларнинг мислича қурган одамга ҳам тўхтамасдан савоб ёзилиб туради", дейишади. Айтайлик, кўприкдан бир кунда минг киши ўтиб-қайтса ва буни бир ой, бир йил, бир аср миқёсида олиб қарасак, қурилиш иншоотининг одамларга берадиган беқиёс нафи кўз олдимизда яққол гавдаланади.

Аммо кейинги вақтларда қурилган кўприклар негадир узоққа бормаётгани ҳақидаги хабарлар тез-тез янграб турибди. Яқиндагина Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида 6,5 миллиард сўмга қурилган кўприк 1 йилу 7 ойда қулаб тушганига оид видеолавҳалар тарқалди. Қулаган ўша кўприк 9,6 миллиард сўмга таъмирланиши ҳақидаги маълумотлар эса анчагина шов-шув қўзғагани ҳам бор гап.

Аввалроқ эса ижтимоий тармоқларда Яккабоғ туманидаги Шаршарбоғот маҳалласи ҳудудидаги ўтган йилги сел талафотларидан сўнг янгидан тикланган кўприкда ёриқлар пайдо бўлгани хусусида хабар тарқалганди. Қашқадарё кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси бош муҳандиси ушбу ёриқлар кўприкнинг юк кўтариш қобилияти, транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланишига таъсир қилмаслигини қатъий таъкидлаган бўлса-да, ўша ердан ўтиб-қайтгувчилар кўнглида туғилган ҳадикни ҳис этиш қийинмас.

Ўтган ҳафта Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш  инспекцияси томонидан республикадаги кўприклар ҳолати ҳақида маълумотлар эълон қилинди. Унда айтилишича, сув ўзани сатҳининг пасайиши сабабли Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Андижон вилоятларидаги      26 та кўприкнинг таянчлари аянчли ҳолатга келиб қолган. Хусусан, Қашқадарёдаги 4 та кўприк жойлашган ўзанларда карьерлар фаолияти тугатилмаган. Яъни улар ноқонуний равишда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Бундан ташқари, мазкур кўприкларни сақлашга масъул бўлган корхоналар томонидан уларни таъмирлаш, таянчларини ҳимоялаш бўйича лозим бўлган чора-тадбирлар амалга оширилмаган.

Булар-ку инсон омили билан боғлиқ сабаблар - яъни қайсидир кўприкни қуришга катта маблағ ажратилгану, унинг ҳаммаси ҳам қурилишга йўналтирилмаган (эҳтимол пулни "каламушлар" еб кетган), аввалроқ қурилган кўприкларни кўнгилдагидек сақлаб туришга жавобгарлар эса "лайлак ҳайдаб юрибди", асосий вазифасини гўёки унутган.

Энди табиий офат таъсирида, хусусан, сел ювиб кетган кўприкларни олинг. Бундайлари вилоятимизда озмунча дейсизми? Хўш, айни вазиятда қандай йўл тутиш керак? Кўприк қурилиши қай бир дастурга киритилишини йиллар давомида кутган маъқулми, ё ўтиш-қайтиш йўналишини ўзгартирган афзал?! Бундай йўналишнинг ўзи бўлмаса-чи?!

Шаҳрисабз туманидаги Аччиғи МФЙ Қатағон қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтадиган Танхоз дарёси устида ҳам анча йиллар муқаддам кўприк қурилган. Қишлоқда айни пайтда 520 хўжалик бўлса, 80 хўжалик дарёнинг нариги томонида жойлашган ва ҳар куни юзлаб одамлар ўша кўприкдан ўтиб қайтган. Биров ишга, биров ўқишга, биров дўхтирга шу ердан қатнаган. Қолаверса, қабристонга боришда ҳам шу кўприкдан фойдаланилган, бундан бошқа йўл бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ.

Ўт, сув, туҳмат балосидан сақла, деганларидек, қатағонликларни сув балоси синовдан ўтказган - ўтган йили сел келиб, ўша муҳим кўприкни ювиб кетган.

Дарёнинг нариги қирғоғида яшайдиганлар учун эса чинакам машаққат бошланган: кўприк йўқ деб, ишга, ўқишга бормасликнинг иложи йўқ, қолаверса, иссиқ жоннинг иситмаси, тирикчилик ташвишлари деган гаплар ҳам бор, хуллас, одамларнинг ташвиши кўпайгандан-кўпайган.

Билсангиз, дарёлар устида сув сатҳини ўлчаш учун трослар тортилиб, унда темир кажава нишабликка қараб ғилдираклар орқали ҳаракатланади. У қирғоққача бориш-ку у қадар қийин эмас - аттракционда юргандай бўласиз, аммо келган томонга қайтиш учун тросни қўл билан ушлаб, кажавани илдамлатмаса, у ўз-ўзидан юра қолмайди, эҳтиёт бўлмаса, қўлни шилиб, катта жароҳат етказиши ҳам турган гап.

Кўпригини сел ювиб кетган қатағонликлар ҳар қанча қийин ва машаққатли бўлмасин, ойлар давомида ана шу кажавадан фойдаланишга мажбур бўлди. Бу орада қўлини жароҳатлаганлар ҳам кам бўлмади. Қариялар, болалар амаллаб шу темир "коробка"дан фойдаланди.

Яхшиямки, доно халқимиз бисотида "Кўпдан қуён қочиб қутулмас", "Кенгашли тўй тарқамас" деган маънили нақллар ва унга амал қилгич кишилар бисёр. Шаҳрисабздаги қишлоқ аҳли ҳам муаммони кенгашиб ҳал қилиш йўлини излади ва ечим топди: кўприкни ҳашар йўли билан тиклашга аҳд қилишди.

- Сел ювиб кетган аввалги кўприкдан сал наридан узунлиги 50 метрлик янги кўприк тикланди, - дейди Аччиғи МФЙ раиси Сайфулло Фозилов. - Бунинг учун ҳамма имкони етганча ҳисса қўшди. Саховатпеша кишиларимиз савобли ишдан четда туришмади. Билгичлар зарур маслаҳатларини берди, техникаси борлар ишни жадаллатди. Хомаки ҳисоб-китобимизга кўра, 1 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. Мана, кўприк ҳам битай деб қолди. Энди кўп кишининг ташвиши арийдиган бўлди.

Албатта, бундай хайрли ишга таҳсин айтмасликнинг иложи йўқ. Жуда катта маблағ ҳам сарф бўлмади, уни ярим йўлда "каламушлар" ҳам еб битирмади, йўқ жойдан устида ёриқлар ҳам пайдо бўла қолмади. Ҳаммаси кўнгилдагидек, бадастир. Энг муҳими, одамларнинг муаммоси ҳал.

Отнинг калласидай маош олиб, сифатсиз қурилишга фалон миллиардлаб пул сўрайдиган ва пировардида маблағни талон-торож қилиб қўядиган кўприксозлар Шаҳрисабздаги Қатағон қишлоғига бориб, кўприкни қай тариқа ва қанча пулга тиклаш бўйича тажриба ошириб келишса бўларкан...

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo