Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
6 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

07.05.2024


“Кўнгил ишқ истайди...”

Тақдимот

Вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистон Давлат санъат арбоби, таниқли драматург Рихсивой Муҳаммаджоновнинг “Алдагани аёл яхши” асари асосида саҳналаштирилган “Кўнгил ишқ истайди...” мусиқали комедияси тақдимоти бўлиб ўтди.

Фарҳод Бойназаров режиссёрлигида саҳналаштирилган спектаклда муқаддас қўрғон саналмиш оиланинг асосий тиргаги бўлган эркакларнинг ўз масъулиятини унутиб қўйиши ва ҳаётга енгил қарашлари қаттиқ қораланади.

Албатта, кўнгил нималарни истамайди дейсиз? Нафс етовида юрган ва оиладаги ўз ўрнини ҳавойи нарсаларга алмашган инсон охир-оқибат пушаймон гирдобида қолиши тайин.

Спектакль Абдужаббор ва Турдиқулнинг шаҳарлик амалиётчи қизлар билан учрашувга чиқишга тайёргарлик жараёни ва бундан хотинларининг хабар топиши билан бошланади. Хайриятки, масъулиятсиз ва қув йигитларнинг кўнгил майли билан ривож олган воқеалар яхшилик билан тугайди. Аёлларнинг оқилалиги ва зукколиги сабаб оила қўрғонига дарз етмайди.

Биламиз, кейинги йилларда оилавий ажримлар оғриқли масалалардан бирига айланди. Биргина вилоятимизда бир йилда минглаб оилалар ажралиб кетаётгани муаммонинг нақадар жиддийлигини кўрсатади.

Турли бадиий асарлар, спектакллар ва бадиий фильмлар орқали ижтимоий долзарб масалага эътибор қаратилгани эса таҳсинга лойиқ. Сабаби, жамият ривожи айнан оилалар тинчлиги, хотиржамлигига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Комедиядаги ролларни вилоят мусиқали драма театрининг моҳир актёр ва актрисалари ижро этган. Мусиқий безаклар эса томошабинлар эътиборини янада ўзига жалб этади.

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo