Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
6 февраль, душанба. 2023 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • Ўқитувчилар олимпиадасида  қашқадарёлик 3 нафар педагог ғолиб бўлди

Абдураззоқ ДАВРОН

12.01.2023


Ўқитувчилар олимпиадасида  қашқадарёлик 3 нафар педагог ғолиб бўлди

Эътироф

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан "Ўқитувчилар олимпиадаси"нинг республика босқичи ўтказилди.

Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги 118-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган мазкур олимпиадада республикамизнинг турли ҳудудларида математика, кимё, биология ва физика фанлари бўйича фаолият олиб бораётган энг кучли ўқитувчилар ўзаро беллашдилар.

- "Ўқитувчилар олимпиадаси"нинг дастлабки босқичларида барча мактаблардан ўқитувчилар иштирок этди, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси методик хизмат шўъбаси мудири Севин   Очилов. - Финалда эса 168 нафар иқтидорли педагог ўз билимини синовдан ўтказди. Улар сафида Қашқадарёдан ҳам 12 нафар ўқитувчининг борлиги қувонарли ҳол, албатта. Эътиборлиси, улардан 3 нафари ғолиб сифатида эътироф этилди.

Шундай қилиб, Деҳқонобод туманидаги 77-умумий ўрта таълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси Фарҳод Ашуров, Ғузор туманидаги 68-ИДУМИнинг кимё фани ўқитувчиси Тиловмурод Тошпўлатов ва Касби туманидаги 55-умумий ўрта таълим мактабининг физика фани ўқитувчиси Сардор Шодмонов муваффақият қозондилар.

- Олимпиада юқори савияда ташкил этилди, - дейди Фарҳод Ашуров. - Энг аҳамиятлиси, бу ерда бир-биримиз билан тажриба алмашдик. Бу биз учун катта мактаб вазифасини ўтади. Энди мақсадимиз - ўқувчиларимизнинг халқаро олимпиадаларда ҳам ғолиб бўлишига эришиш. Ана шу режаларимизнинг амалга ошишида бу каби танловлар, олимпиадалар бизга куч ва мотивация беради.

Ғолиб ўқитувчилар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Абдураззоқ ДАВРОН

Report typo