Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Биродар АЗИЗОВ

08.06.2023


ЕРТЎЛАДАГИ ҚЎЗИҚОРИН ФЕРМАСИ

Ташаббус

Нуфузли қурилиш компанияси ҳисобчиси Фёдор Родиннинг бўш вақтларда шуғулланадиган севимли машғулоти бор - у қўзиқорин етиштиришга қизиқади ва мана бир неча йилдирки бу хоббисини даромадли бизнесга айлантириш учун астойдил ҳаракат қилади.

Аввал қўзиқориннинг анчагина оддий ва нисбатан арзон - вешенка турини кўпайтириш уддасидан чиққан Фёдор кейинчалик оқ шампиньонлар етиштириш сир-асрорларини ўрганди ва Тошкентдан мицелий (замбуруғнинг вегетатив танаси) ҳамда махсус компост олиб келиб, ўзи яшаётган кўп қаватли уйнинг ертўласида 50 квадрат метр майдонда кичик қўзиқорин фермасини ташкил этди.

- Бу ертўлада қўзиқорин етиштириш учун фойдали ва атроф-муҳит учун зарарсиз шароит яратганман, - дейди Қарши шаҳридаги Комилон маҳалласида истиқомат қилаётган Фёдор Родин. - Ҳаво ҳароратини совутиш-иситиш, хоналарни шамоллатиш чораларини кўрганман, стеллажлар ўрнатганман ва ҳозир бир килограмми супермаркетларда 90-100 минг сўмдан сотиладиган оқ шампиньонлар етиштираяпман. Шу пайтгача бу қўзиқоринларнинг нишона ҳосилидан 10-15 килосини дўкон, кафе ва пиццерияларга 50-60 минг сўмдан сотишга ҳам улгурдим, аммо шампиньонлар ёппасига чиқа бошлагач, камида 500 килограмм териб олишни мўлжаллаяпман. Бундай ҳосилдан эса йилига 4 марта олса бўлади.

Фёдор Родин қўзиқорин катта даромад келтириши мумкинлиги ҳақида гапирар экан, бу маҳсулот ва, хусусан, шампиньонларнинг инсон  соғлиғи учун фойдасини ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Уларнинг ажойиб парҳезбоп таомлар тайёрлашда ишлатилиши, оқсил ва витаминларга бойлиги, таркибидаги форфор миқдори эса балиқ гўштидагидан сираям кам эмаслигини таъкидлайди.

- Оқ шампиньонлар инсон организмини ёшартириб, хотирани, ақлий фаолиятни яхшилайди, - дейди кичик қўзиқорин фермасининг соҳиби. - Шунинг учун бўлса керак, мен бошлаган иш кўпгина танишларим ва ҳамшаҳарларимда катта қизиқиш уйғотди. Айримлари ҳатто қўзиқорин етиштиришни мендек бизнесга айлантириш ҳақида ҳам ўйлаб кўришаяпти. Аммо муаммоли томони - бунга оддий томорқачилик ёки иссиқхоначилик билан шуғулланишга олгандек банкдан имтиёзли (14 фоизлик) кредит олиш мушкул экан. Тўғри тушунган бўлсам, тегишли низомларда қўзиқоринчиликка ҳам муайян имтиёз асосида кредит ажратилади, деб ёзиб қўйилмагани учун ҳам банклар беришга журъат этишолмаяпти. Ваҳоланки, бу фаолият тури кўпгина оилаларга катта даромад келтириши, дўконларда маҳсулотлар, кафе ва ресторанларда эса таомлар хилма-хиллигини ошириши мумкинлигини  ҳамма яхши тушуниб турибди.

Ўз маблағлари ҳисобидан тахминан 30 миллион сўм сарфлаб, воҳамизда биринчилар сафида айнан оқ шампиньонлар етиштиришни йўлга қўйган Фёдор Родин бу тажриба-синов лойиҳаси муваффақиятли амалга ошиши учун астойдил ҳаракат қилаяпти. Бунда, бир томондан, албатта, йўналтирган сармояси даромад келтириши ҳақида ўйласа, иккинчи томондан, Қаршида яна бир нечта шампиньон фермаси очишни мўлжаллаяпти.

Дарвоқе, Фёдорнинг бизнес-эксперименти самара берса ва тажрибаси оммалаштирилса, қолаверса, бундай лойиҳаларни имтиёзли молиялаштириш масаласи ишончли ҳал қилинса, вилоятимизда бундай фермалар ёмғирдан кейин бодраб чиқадиган қўзиқориндек кўпайиб кетиши ҳеч гап эмас...

Биродар АЗИЗОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo