Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
15 август, шанба. 2020 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ЭЛ ИЧИДА ЯШАБ, УНИНГ ОРЗУ-УМИДЛАРИ, КУРАШЛАРИ, ШОДЛИК ВА ҚАЙҒУЛАРИДАН ЧЕТДА ТУРИШ МУМКИН ЭМАС

Абдишукур ОМОНОВ

07.07.2020


ЭЛ ИЧИДА ЯШАБ, УНИНГ ОРЗУ-УМИДЛАРИ, КУРАШЛАРИ, ШОДЛИК ВА ҚАЙҒУЛАРИДАН ЧЕТДА ТУРИШ МУМКИН ЭМАС

Мутолаа учун тавсия

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, Давлат мадҳияси матни муаллифи Абдулла Орипов (1941-2016)нинг "Ўзбекистон", "Жаннатга йўл", "Соҳибқирон" каби асарлари диққатга сазовор. Миллий ғурур, фалсафийлик, исёнкор руҳ ва диний-ахлоқий теранлик шоир шеърияти асосларини ташкил этади.

Абдулла Орипов илк шеърлари биланоқ кўзга ташланган. 1965 йилда ёзилган "Тилла балиқча" шеърида тор ва лойқа сувли кўлмак ҳовузда ташландиқ ушоқ еб кун кўраётган тилла балиқча ҳовузни  дунё деб билади. Айримлар "шоир "кўлмак ҳовуз" деганда совет тузумини назарда тутган", деб баҳолаган.

"Ўзбекистон" шеърида юртимиз шаънини улуғлаган, тарихи ҳақида фикр юритган, Амир Темур билан фахрланиб, Навоий ҳақида "Темур тиғи етмаган жойни, Қалам билан олди Алишер" дея эътироф этган. Берунийни "Америка - сеҳрли диёр, Ухлар эди Колумб ҳам ҳали, Денгиз ортин ёритди илк бор, Берунийнинг ақл машъали", деб таърифлайди.

"Мен нечун севаман Ўзбекистонни" шеърида юртни фақат пахтаси, тиллоси, нефть-гази, тупроғи, боғлари ва   бошқа бойликлари учун эмас, ота юрт ва она замин бўлгани учун севишимиз кераклигини уқтиради. Зеро, Ер курраси кенг бўлса-да, биз учун бошқа юрт - бошқа    Ўзбекистон йўқ. Ота-боболаримиздан қолган қадриятлар, тилимиз ва урф-одатларимиз фақат Ўзбекистонда ривож топади. Шундай экан,  Ватанни севмай бўладими?

Абдулла Орипов буюк шоир бўлиши билан бирга, етук файласуф инсон эди. У инсон ва инсонийлик, миллат ва тил, халқ ва Ватан, диёнат ва номардлик,   бюрократия ва маддоҳликка оид масалаларда ўзини қизиқтирган саволларга жавоб излаган. Ҳасад, қабиҳлик, иккиюзламачилик ва виждонсизликни қоралаб "Дейдилар ит ҳурар, ўтади карвон, Ранжу балолардан ёнмасин жонинг. Лекин алам қилар бир умр гирён, Итлар орасида ўтса карвонинг", деб ёзади.

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов (1936-2016)нинг "Ёшлик девони", "Тирик сайёралар", "Нидо", "Руҳлар исёни", "Истамбул фожиаси", "Олтин девор", "Куй авжида узилмасин тор", "Яхшидир аччиқ ҳақиқат", "Шоиру шеъру шуур" каби асарлари эътиборга молик. Ижодкор ўз таржимаи ҳолида ота-онаси ёшлигида вафот этгани ва тоғаси қўлида тарбияланганини таъкидлайди. Шоир дастлабки шеърлариданоқ Шарқ мумтоз адабиёти анъаналарига риоя қилган. Ҳаёт жумбоқлари, инсон руҳияти, қалби, нозик диди, маънавий дунёси ва қисматини очиб беришга интилган.

Эркин Воҳидов шеърларини ўқиб, унинг миллат, халқ ва Ватан олдидаги маънавий бурчини ҳис қилиб яшаганини илғаш қийин эмас. Зеро, шоир "Эл ичида яшаб, элнинг орзу-умидлари, курашлари, шодлик ва қайғуларидан четда туриш мумкин эмас", деб кўп бора айтади. "Шоирлик" шеърида ёзади: "Шоирлик - бу ширин жондан кечмоқдир, Лиммо-лим фидолик майин ичмакдир. Шоирлик - жигарни минг пора этмак, Бағир қони билан сатрлар битмак".

Эркин Воҳидовнинг муҳаббат ва садоқат, ҳижрон ва висолга оид шеър-ғазаллари китобхонлар томонидан ҳамиша севиб ўқилади. "Манфаат фалсафаси", "Мажлис қилинг", "Донишқишлоқ латифалари" каби ҳажвий-юмористик шеърларида комил инсон масаласи бош ғоя ҳисобланади.

"Ўзбегим" қасидасини ўқимаган ёхуд эшитмаган миллатдошимиз топилмаса керак. Унда неча минг йиллик тарихимизга таъриф берилиб, аждодларимиз ғурур ва ифтихор билан улуғланган. Кўҳна ва буюк тарихимизни ёритиш учун "мингта Фирдавсий керак" дея тараннум этилган. Асар "Бу қасидам сенга  халқим, Оқ суту туз ҳурмати, Эркин ўғлингман, қабул эт, Ўзбегим, жон ўзбегим" деб якунланади.

Адибнинг "Руҳлар исёни" достони ўзбек поэмачилигининг гўзал намунаси ҳисобланади. Аксарият зиёлилар бу достонни Эркин Воҳидов шеъриятининг гултожи, XX аср ўзбек достончилигининг фахри ва шарафи ҳисоблашади. Асардаги воқеалар Ҳиндистон тарафларда содир бўлган ва бенгал шоири Назрул Исломнинг ижоди, жасорати ҳамда фожиавий қисмати билан боғлиқ. Балки Эркин Воҳидов 1980-йиллардаёқ юртимиз мустақиллиги, халқимизнинг ҳур ва озод бўлишига оид қалб исёнини шу усулда баён этгандир. Асар мустамлакачилик, адолатсизлик ва эрксизликка оид норозилик ғоялари билан ёзилган. Бир сўз билан айтганда, достон адибнинг ҳурлик ва озодлик ҳақидаги қалб нидосидир.   Достонда эътиборга молик шундай сўзлар бор: "Шоир бўлсанг, Бўлсин қалбинг Элга қурбон бўлгудек. Шоир бўлсанг, Бўлсин халқинг Сенга қалқон бўлгудек. Шоир бўлсанг, Сени элинг Қалби билан тингласа, Ёд олмаса ҳам шеъринг, Фидолигинг англаса".

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф (1954-2001) қаламига мансуб "Булбулга бир гапим бор", "Илтижо", "Уйқудаги қиз", "Ишқ кемаси", "Бевафо кўп экан", "Ёлғончи ёр", "Сайланма" каби шеърий тўпламлар халқимиз томонидан севиб ўқилади. Бу шеърлар самимий, содда ва халқчил ёзилгани билан ажралиб туради.

Муҳаммад Юсуф шоир ва шеър ҳақида шундай деган экан: "Мен шоирман деган зотдан қўрқинг. Чунки ундан ҳар балони кутиш мумкин. Ҳақиқий шоир ҳеч қачон иддао билан ўзини таништирмайди. Аксинча, уни аллақачон халқ танлаб, сайлаб олган бўлади. Аслида, шеър ҳам одамдек гап. Унинг юзи, кўзи, қиёфаси ва либоси бор. Баъзи шеърлар сатанг аёллардек ясанган. Пардоз-андозни ҳам жойига қўйган. Уларда биргина етишмовчилик бор, холос. Самимият йўқ".

Муҳаммад Юсуфнинг миллат ва она тилимиз, халқ ва Ватан ҳақида ёзганлари алоҳида диққатга сазовор. "Бир майизни қирққа бўлган бир тану жон - Кунларингга қайтай десанг - халқ бўл элим" деган фикрларида катта фалсафий маъно мужассам. Шоир "Ватаним" шеърида Ўзбекистон биз учун ягона юрт эканлиги, биз шу юртдагина ҳоқон ва султон эканлигимизни таъкидлайди. Кўҳна тарихимиз гоҳ қувонч, гоҳ қайғу билан эслаб ўтилади. Шоҳга маслакдош бўлган Навоий, фақирини дуо қилган Яссавий, ҳақиқатгўй Машраб, душманига қарши турган Широқу Муқанна, Жалолиддину Темур Малик улуғланган. Ер юзига тарқаб кетган ўзбекнинг тўқсон олти уруғи, "Бу қандай юз қаролиғ" деб юртдан кетган Бобур, падаркуш қўлида шаҳид бўлган Улуғбек, Қодирийни сотган эл ва хоки номаълум Усмон Носир ҳақида сўз борган. Шеър "Ўзинг мени улуғлардан Улуғимсан, Ватаним!" деб якунланади.

"Онамга хат" шеърида инсон учун энг меҳрибон ва ишончли зот она эканлиги, кўпчилигимиз орзу-истаклар ғамида бўлиб оналардан тириклигида хабар олмаслигимиз, ишончли инсонлар камлиги борасида сўз боради. "Она тилим" шеърида тилимизни асраш шартлигини уқтириб, жамиятда она тилига бўлаётган муносабатни кўриб "Эй муқаддас она тилим, Кечир мени она тилим", дейди. "Самарқанд" шеърида падаркуш қўлида ўлган илм-маърифат соҳиби Улуғбек ҳақида "Самарқандга борсам мен агар, Улуғбекни кўрмай келмайман. У менга қон йиғлар ҳар сафар, Мен дардимни кимга айтаман!" деб оҳ чекади.

Муҳаммад Юсуфнинг "Биз бахтли бўламиз", "Менинг дардим", "Лолақизғалдоқ", "Хавотир" каби шеърларини ўқиб, шоир нега ўлим ҳақида кўп ёзган, тушкунликда яшаган, деб ўйлаб қоласан. Ахир уламолар "Ўлимни эсдан чиқарманг, аммо ўлим ҳақида кам гапиринг" дейишган-ку? Бу шеърларни кўзга ёш олмасдан ўқиб бўлмайди. Бир сўз билан айтганда, Муҳаммад Юсуф: "Қўрқаман, эртага мен ўлиб кетсам, Ётар бўлсам қумга ботиб кўзларим, Кўнглимни кўчкидай босади бир ғам - Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим… Энг яқин дўстларим ғийбатим қилар, Энг заиф душманим устимдан кулар, Улар-ку, не қилса ўзлари билар, Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим…" дея ҳаммани йиғлатиб кетди.

Юқоридаги мулоҳазаларимизга Муҳаммад Юсуфнинг ушбу мисралари чиройли якун бўлади: "Ўзи ўлса ўлар, сўзи ўлмайди, Ҳамиша барҳаёт насл  шоирлар. Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди, Юракка кўмилар асл шоирлар".

Абдишукур ОМОНОВ

Report typo