Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

25.05.2023


ДУНЁДАГИ ЭНГ БАХТЛИ КУН - БУ ТОНГДА ТИРИК УЙҒОНГАН КУНИНГДИР

Сараланган сатрлар

Австралиялик ёзувчи, сценарийнавис ва шифокор Хезер Морриснинг ҳузурига бундан нақ 20 йил илгари кекса бир киши келади. У "бутун дунёга айтиб беришга арзигулик ҳикоя"си қоғозга кўчишини, одамлар ҳукмига етиб боришини истарди. Бу одам Людвиг Айзенберг бўлиб, Словакиянинг Кромапахи қишлоғида туғилган, 1942 йилда Освенцим лагерига олиб келинган ва маҳбус сифатида рўйхатдан ўтказилган. Людвиг, яъни Лейл бу ерда маҳбусларга рақам чизиш, татуировкачиликка жалб қилинади. Бу "касб" унинг тирик қолиши, ўлим лагеридан эсон-омон чиқишида ҳам муҳим роль ўйнайди.

Тарихдан биламиз, 1939 йилда фашистлар Германияси Польшани босиб олгач, у ердаги Освенцим шаҳрида концлагер (ўлим лагери) қурган. 1941-1945 йилларда бу лагерда 2 миллиондан зиёд яҳудийлар, 140 мингдан зиёд поляклар, 20 мингдан зиёд қочоқлар, 10 минг совет ҳарбий асирлари ва яна ўн минглаб бошқа миллат вакиллари ўлдирилган.

Умуман олганда, фашистлар Германиясида концлагер оммавий давлат террори ва геноцид қуроли бўлиб, Бухенвальд, Заксенхаузен, Освенцим, Майданек, Треблинка ва бошқа концлагерларда собиқ иттифоқ, Польша, Франция, Бельгия, Нидерландия, Чехословакия, Югославия, Руминия, Венгрия ва бошқа мамлакатларнинг 10 миллиондан ортиқ фуқаролари йўқ қилинган.

Роман воқеалари худди ана шундай муҳитда юз беради. Орзу-ҳавасларни, қандайдир касб эгаллаш, ўқиш-ўрганиш, ҳаётда ўрин-мавқе эгаллаш каби хаёлларни қўятуринг, бирор дақиқадан кейин бу ҳаётда бўласизми ўзи - шундай қўрқув ва муқаррар ҳодисалар қаршисида таслим бўлмаган кишилар кураши, ҳаётга интилиши, ўтмишнинг аччиқ кечинмалари ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

Асар тўқима маҳсули эмас, аниқ воқеаларга асослангани ҳам эътиборга молик. Лейл концлагерда Гита исмли қизни севиб қолиб, қизнинг ўлимдан қутулишига сабаб бўлади. Урушдан сўнг улар турмуш қуришади. Бир муддат Словакияда, кейин Европанинг бошқа мамлакатларида яшаб, тақдир тақозоси билан Австралияга кўчиб кетишади. Польшада маҳбус бўлган словакиялик киши ҳақида австралиялик адиб асар битиши боиси шу.

Хезер Моррис ёзади: "У эллик йилдан кўпроқ вақт давомида елкасида кўтариб юрган айбдорлик юкини, яъни ўзи ва Гитанинг фашистлар билан ҳамкорлик қилган одамлар сифатида қабул қилинишидан қўрқиб ўтказган ҳаётини сўзлаб берар экан, иккаламизнинг нақадар яқин оламдан эканимизни ҳис қилдим. Биз доимо Лейлнинг ошхонасида ўтириб суҳбат қурардик. У қалтироқ босган қўллари, титроқ овози ва намланган кўзлари билан олтмиш йил олдин ўз бошидан кечирган инсоният тарихидаги энг даҳшатли воқеаларни ҳикоя қилиб берар экан, Лейл кўтариб юрган залварли юкнинг бир қисми менга ҳам ўта бошлади".

"Освенцимдаги татуировкачи" - ўта оғир даврда яшаб, нафақат эркинлигидан, балки қадр-қимматидан, исмидан ва шахсиятидан маҳрум бўлган икки оддий одамнинг ҳикояси, тирик қолиш учун курашган Лейлнинг кечинмалари баёни.

*  *  *

Солиқ ва фоиз ставкалари бўйича маърузалар ўқийдиган одам ўз мамлакати сиёсатига аралашмасдан туролмайди. Сиёсат дунёни тушунишингга ёрдам беради, сўнгра қамоқ лагерига ирғитади.

*  *  *

"Ўзи бир аҳволда юрган йигит сени қутқариш учун ҳаётини хавф остига қўйди. Шундан сўнг: "Қутқаришга арзийдиган одам бўлсанг керак", деб ўйладим".

*  *  *

Бир одамни қутқариш бутун дунёни қутқариш демакдир.

*  *  *

Сиз бегона қизларга қандай муносабатда бўлсангиз, бошқа эркаклар ҳам опангиз ёки синглингизга шундай муносабатда бўлишларини ҳеч тасаввур қилиб кўрганмисиз?

*  *  *

Ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмайди.

*  *  *

Диққатли бўл, майда-чуйда нарсаларга эътибор берсанг, катта нарсалар ўз-ўзидан амалга ошиб кетаверади.

*  *  *

Бу ерда фақат ўлимгина узоқроқ яшаши мумкин, бошқа мавжудотлар дош беролмайди.

*  *  *

- Нима ҳақида ўйлаяпсан?

- Девор овозини тинглаяпман.

- Хўш, улар нима дейишяпти?

- Ҳеч нима. Улар оғир-оғир нафас олганча эрталаб бу ердан чиқиб кетиб, кечаси қайтиб келмаганлар учун мотам тутишмоқда.

*  *  *

- Яшашни танлаганингиз золим фашистларга кўрсатган қаршилигингиздир. Яшашни танлаш бу бўйсунмаслик ҳаракати, у ҳам қаҳрамонликнинг бир шакли.

- У ҳолда сизни ҳам шундай аташ мумкинми?

- Менга одамларни азоблашда иштирок этиш ҳуқуқи берилди ва омон қолишим учун шу йўлни танлашга мажбур бўлдим. Умид қиламанки, бир кун қиёматда жиноятчи ёки унинг шериги сифатида баҳоланмайман.

*  *  *

Икки йил. У қандай қилиб шунча пайт бу жаҳаннамда яшай олди? Бошқа кўпчилик дарахт баргидек узилиб кетганида у қандай қилиб ҳали ҳам нафас оляпти? Лейл лагерга келган куни ўзига берган ваъдасини эслади: тирик қолиш ва золимларнинг жазо олишини кўриш.

*  *  *

Юлдузларнинг милтиллаши энди тасалли бўлолмайди, улар шунчаки ҳаёт қандай бўлиши мумкинлиги ва ҳозирги ҳақиқий ҳолат ўртасидаги бўшлиқни эслатишади, холос. Болалик пайтларида ёзнинг илиқ кечаларида ҳамма ухлашга ётганидан кейин ташқарига яширинча чиқиб, юзини майин шабадага тутганида, оқшомлари боғларда, кўл бўйида сайр қилган бахтли онларида йўлини осмондаги беҳисоб юлдузлар ёритиб турарди. У ҳам доим тунги осмоннинг самовий  кенгликларини томоша қилиб тасалли топарди. Қаерлардадир оиласи ҳам ҳозир шу юлдузларга тикилиб, уни эслашаётгандир.

*  *  *

Бу ердаги маҳбусларнинг миллати эмас, ирқига қараб гуруҳларга бўлинганини Лейл ҳанузгача тушуна олмайди. Ахир, фақат куч ва армияга эга миллатгина бошқа миллатга таҳдид солиши мумкин-ку. Қандай қилиб бир нечта мамлакатлар бўйлаб тарқалиб кетган ирқларни таҳдид деб ҳисоблаш мумкин? Қисқа ёки узоқ умр кўришидан қатъи назар, бу мантиқсизликни у ҳеч қачон ҳазм қила олмайди.

*  *  *

Лейл бу ёш аёлларга қараб туриб, айтадиган гапи қолмаганини тушунди. Улар бу лагерга олиб келинганида ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган қизлар эди, ҳозир эса ҳали йигирма бир ёшга тўлмаган бўлсалар ҳам руҳан ва жисмонан озор чеккан, шикастланган аёлларга айланиб қолишганди. Улар энди ҳеч қачон ўз орзуларидаги каби аёл бўла олишмайди. Уларнинг келажаклари шу ерда топталди, вақтни орқага қайтариш иложсиз. Ўзларини севимли қиз, опа ёки сингил, рафиқа ва она, ишчи, саёҳатчи сифатида қилган тасаввурларига ҳақиқий ҳаётда гувоҳ бўлган ва бошидан ўтказган қийинчиликлар билан абадий лой чапланганди.

*  *  *

"Ҳар доим қўлингга тушган нарсани тежаб ишлат" - ўтган йиллар мобайнида Лейл шу шиорга амал қилиб келди ва зарар кўрмади.

*  *  *

Ота-онамнинг бир-бирига бўлган садоқати мислсиз эди. Дўстларининг кўплари оиласи билан ажрашиб кета бошлаганларида онамнинг олдига бориб, у ва отам шунча йил жанжалсиз бирга қандай яшаганликларини сўрадим. Онам жуда оддий жавоб берди: "Ҳеч ким мукаммал эмас. Биркенауда учрашган биринчи кунимиздан бошлаб отанг менга доим ғамхўрлик қилиб келган. Тўғри, унинг ҳам нуқсонлари бор, лекин отанг доим мени биринчи ўринга қўйган".

*  *  *

Ўн олти яшар пайтимда отамнинг бизнеси касодга учраб ёпилди. Бир куни мактабдан қайтиб, нотаниш одамларнинг машинамизни олиб кетишаётганини ва уйимиз олдида кимошди савдоси белгиси ўрнатилганини кўрдим. Ичкарида онам қўшиқ хиргойи қилганча лаш-лушларимизни йиғиб чамадонга солаётган экан. Ўшанда бор-будидан айрилаётган онамнинг бамайлихотир хиргойи қилиб юришидан ҳайратда қолгандим. Онам ёнимга ўтириб нималар бўлаётганини тушунтира бошлади, мен эса ундан "Қандай қилиб шундай вазиятда юрагингизга қўшиқ сиғяпти?", деб сўрадим. Онам эса самимий табассум билан "Беш дақиқа ичида ўлиб кетишинг мумкинлигини ҳис қилсанг, дунёда сен бажара олмайдиган ишнинг ўзи қолмайди. Токи тирик ва соғ-саломат эканмиз, ҳаммаси яхши бўлади", деди.

*  *  *

Отамнинг кўрган-кечирган воқеалари сабаб дийдаси қотиб кетган, ҳатто яккаю ягона синглиси вафот этганида ҳам бир томчи кўз ёш тўкмаганди. Ўзидан бу ҳақда сўраганимда, шунча йил мобайнида беҳисоб ўлимларга гувоҳ бўлгач, устига-устак ота-онаси ва укасини йўқотгач, кўзига заррача ёш келмай қўйганини тан олди. Онам вафот этган куни биринчи марта отамнинг йиғлаётганини кўрдим.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo