Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 июнь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

06.06.2024


ДОЛЛАР ҲАР КУНИ КЎТАРИЛАДИ, ЛЕКИН ҲАР КЕЧА СЕНИНГ ҲАЁТИНГ БИР КУРСГА ПАСАЯДИ

Сараланган сатрлар

Немис адиби Эрих Мария Ремарк асарлари ҳар қандай урушга қарши нафрат руҳи билан суғорилган. Асли адиб жанггоҳларда узоқ муддат бўлмаган: эндигина катта ҳаёт остонасига қадам қўйган чоғда фронтга жалб қилинган ва яраланиб  ортга қайтган. Ёшлиги хазон бўлиши ва урушнинг асл моҳиятини англаши учун эса шу кифоя қилган! Ваҳоланки, Биринчи жаҳон урушини бой берган миллионлаб немислар навбатдаги урушга хайрихоҳлик билдираётган, зимдан тайёргарлик кўраётганди. Ремарк эса урушга қарши асарларини эълон қилишда давом этаверди ва охир-оқибат унинг китоблари Германияда тақиқланди, муаллиф эса ўз юртидан бош олиб кетишга мажбур бўлди.

"Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ", "Ортга йўл", "Лиссабондаги тун", "Жаннатдаги соялар", "Қарзга олинган умр" асарларида урушнинг мантиқсизлигини кўрсатиб берди.

"Қора ҳайкал" романида қабртош ёдгорликлари тайёрлаш билан шуғулланувчи фирма ходими Людвиг Бодмер кечмишлари ҳикоя қилинади. Людвиг инсон мавжудлигининг моҳияти нимада, деган саволга жавоб излайди. Уруш бой берилган, мамлакат иқтисоди инқирозга юз тутган, марка курси соат сайин қадрсизланаётган, юксак туйғулар сохта гап-сўзларга ўрин алмашган вазиятда бу саволга жавоб топиш осон эмасди. "Қора ҳайкал" романида муаллиф ўзини ёзган. Воқеалар кечадиган манзиллар, шахслар айнан Ремарк ҳаёти билан боғлиқ.

*  *  *

- Саховат, ёшлик ва соддалик! Уларни йўқотсанг, тамом, ортга йўл йўқ. Дунёда тажриба, кексалик ва совуққонликдан кўра умидсизроқ нима бор?

- Камбағаллик, касаллик ва ёлғизлик.

- Булар тажриба, кексалик ва ақлдан озишнинг бошқа номлари, холос.

*  *  *

Инсон умрининг етмиш беш фоизини ўз тасаввуридан, фақатгина йигирма беш фоизини ҳақиқатлардан келиб чиқиб яшайди. Унинг заифлигиям, кучиям шунда.

*  *  *

Ҳатто энг мукаммал гўзаллик ҳам кун келиб бўйсундирилади, у ҳам тақдир ва ўлим қонуниятларидан четга чиқолмайди.

*  *  *

Афсуски, инсон табиати шунақа: у йўқотган нарсасинигина чиндан қадрлайди.

*  *  *

Инсон ўзига ўхшаган бошқа инсон билан қандай муносабатда бўлишни билмайди, ўзига ўхшаганлардан шафқатсизларча фойдаланади ва йўқ қилади, туғилиш ва ўлим орасидаги жуда қисқа муддатни имкон қадар кўпроқ худбинлик билан тўлдиришга ҳаракат қилади, ваҳоланки, барчага аввалбошданоқ маълум бўлган ҳақиқат бор - ҳамма кун келиб бандаликни бажо келтиради.

*  *  *

- Вақт аслида нима ўзи?

- Ҳаёт қалампири.

*  *  *

Ёлғизликнинг таниш-билишларинг кўп ёки камлигига дахли йўқ.

*  *  *

Бир одам бошқасига ҳақиқатан керак бўлса-да, ҳар доим ҳам унинг ортидан боролмайди, ҳар доим ҳам қўллаб-қувватлолмайди. Фронтда буни мен минглаб маротаба - биродарларимнинг ўлик юзларига тикилганимда ҳис қилганман. Ҳар кимнинг бошида бир ўлим бор, бу ўлимни якка қарши оласан, ҳеч ким сенга ёрдам беришга қодир эмас.

*  *  *

Ҳар бир яшалган кундан кейин ҳаётимиз қисқаради. Доллар ҳар куни кўтарилади, лекин ҳар кеча сенинг ҳаётинг бир курсга пасаяди.

*  *  *

Муҳаббат изтиробларини фалсафа билан енгиб бўлмайди. Фақат бошқа аёлнинг ёрдами билан бундан ўтиш мумкин.

*  *  *

Етмишга кирганингизда ҳозирги ҳаётингиз ўзингизга қанчалик аҳмоқона туюлишини тасаввур ҳам қилолмайсиз.

*  *  *

Кундалик ҳаёт ўз ташвишлари, бош оғриқларини бор бўй-басти билан намойиш этмоқда, уруш эса аллақандай узоқ, мавҳум, яшаб бўлинган воқеликка айланган. Ортда қолганидан кейин у аллақандай ажиб, қизиқдек туюла бошлади. Оммавий қирғинлар омон чиқиш мумкин бўлган саргузаштдек талқин қилинди. Мусибатлар унутилди, қайғулар ортда қолди, сенга раҳм қилиб, четлаб ўтган ўлим эса кундалик ҳаётдаги ўрнига қайтди: жуда узоқ, пуч саробга айланди. Аслида, у энг олий ҳақиқат, қаршингдан чиққанида ёки олдингдаги битта-яримтага ташланиб қолганингдагина унинг нафасини ҳис қиласан.

*  *  *

Ватанга муҳаббат! Волькенштейн учун бу яна мундир кийиб, полковник мансабига миниб, одамларни сўйиш учун жанг майдонига ҳайдаш ҳақидаги тушунчадан иборат.

*  *  *

Ойна ортидаги манзара кўпроқ чизиб қўйилган сувратга ўхшайди. Дарвоза, эман, унинг ортида чексиз далалар гоҳ тилларанг, гоҳ яшил тусга кириб товланади. Нега бу ерда бир-биримизнинг гўштимизни еб ўтирибмиз? Ҳаёт ўзи асли бир текисда кечувчи ранглар жилосидан иборат эмасми? Биз уни не кўйга солиб қўйдик?

*  *  *

Кўпчилик одамлар камбағалликларида ҳалол ва меҳрибон бўлишади, қўлларига озгина муллажиринг тегиши билан эса тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолга келишади. Айниқса, бизнинг суюкли ватанимизда шундай. Энг уятчан ва итоаткор янги аскарликка олинганлар вақт ўтиши билан энг шафқатсиз унтер-зобитларга айланишган.

*  *  *

Буюк стратег Клаузервицнинг ушбу сўзлари нақадар ҳақлигини исботловчи кичик мисол: "Рақибга у ғалаба қозонганига ишонч ҳосил қилган пайтда ва зарб тушишини энг кам тахминлаган жойига ҳужум қил".

*  *  *

Биргина "ҳаммаси бошқача бўлади" ибораси ер юзидаги ҳамма сафсатабозлар учун универсал қуролга айланиб қолган.

*  *  *

Менимча, ҳаммамиз ортиқча баландпарвоз сўзларни гапириб қўйишдан қўрқсак керак. Сўзлар воситасида одамлар чидаб бўлмас даражада кўп ёлғон гапиришган. Балки биз туйғуларимиздан қўрқармиз. Уларга ишонмай қўйганмиз чунки.

*  *  *

Биламан, бировнинг ҳаётига нуқта қўйиш ҳар қандай ҳолатдаям қотиллик ҳисобланади. Урушдан қайтганимдан бери ҳатто пашшани ўлдиришгаям қўлим бормайди. Биласизми, шунга қарамай, кечки овқатдаги бузоқ гўшти менга жуда мазали туюлди. Ваҳоланки, бузоқчани биз уни ейишимиз учун сўйишган. Ҳаёт - бу мўъжиза. Ҳатто бузоқчанинг ҳаёти ҳам, пашшанинг ҳам. Айниқса, пашша - минглаб кўзлари бўлган акробатнинг ҳаёти. Ҳаёт ҳар доим ажойиб. Ва ҳар доим бу мўъжиза ҳам ниҳоя топади. Қизиқ, нега тинчлик замонида касал кучукни, оғриқдан дод солаётган одамни ўлдириш мумкин эмас, деб ҳисоблаймиз? Лекин уруш вақтида миллионлаб одамларни ҳеч бир сабабсиз қириб ташлаймиз.

*  *  *

Ҳаёт шундай ўзи: бирон нарсани чиндан ҳам тушунганимизда, унга амал қилиш учун жуда кексалик қилиб қоламиз.

*  *  *

Чин инсоннинг биринчи белгиси нима, биласанми? Ўз қилмиши учун жавоб бера олиши!

*  *  *

Агар ҳаёт нималигини тушунишни чиндан ҳам истаганимизда эди, нақ мушак сингари отилиб кетган бўлардик.

*  *  *

Ҳарбийлардан мундирларини тортиб ол, шунда аскар бўлишни истайдиган ҳеч ким қолмайди.

*  *  *

Бу сайёрада жуда қисқа муддат яшашимизни унутиб қўямиз. Шунинг учун ҳам алдамчи дунёвий ғамларни деб изтироб чекиб юрамиз. Худди бизга боқий умр бериб қўйилгандек.

*  *  *

Ҳозир дунёда ўзгартириш мумкин бўлмаган икки нарса бор: ўлим ва доллар курси.

*  *  *

Мутафаккир ва шоирларнинг ватанини ҳимоя қилишга ҳожат йўқ, керак бўлгандаям мана шунақа тўнғизбош ва унга ўхшаганлардан ҳимоя қилиш лозим. Улар мутафаккирлар ва шоирларни тирик вақтида қамоқларда сақлашади, ўлгандан кейин эса айнан уларнинг сиймоси орқали ўзларини кўз-кўз қила бошлашади.

*  *  *

Фақат аҳмоқлар бир миллатни бошқасидан устун деб билиши мумкин.

*  *  *

Қизиқ, ҳар ким қулликни ҳар хил тушунади! Мен мундир кийиб, аскар бўлганимда ўзимни қулликка ҳар доимгидан яқинроқ ҳис қилганман.

*  *  *

Бир нарсани - "чунки" деган муҳим сўзни унутдингиз. Ёвузликнинг илдизи шундан куч олади. Айнан у сиз каби миллионлаб инсонлар маёқ кўтариб ҳар ерда сафсата сотиб юрганининг асосий сабабидир...

Ҳозир беш миллион ишсиз аҳоли, инфляция ва мағлубият заҳмати ҳукмрон, чунки бунгача бизда сиз шу қадар яхши кўрадиган миллий ҳукумат бор эди! Чунки ўша ҳукумат буюклик васвасасига берилиб кетди ва урушни бошлади! Чунки айнан ўша ҳукумат бу урушни бой берди! Биз эса энди лойга ботиб ўтирибмиз. Чунки ҳукумат сиз шу қадар ҳурмат қиладиган мундир кийган қўғирчоқлар ва аҳмоқлардан иборат эди!

*  *  *

Агар бирон нарсага оддийроқ усуллар билан ҳам эришиш мумкин бўлса, мураккаб чоралар устида бош қотириб ўтирма. Бу ҳаётнинг энг доно қоидаларидан бири. Амалда қўллаш жуда қийин. Айниқса, зиёлилар ва хаёлпарастлар учун.

*  *  *

Қаердадир ўқигандим, ҳамма одамлар бир-бирига биродар экан. Ҳаётга қараб эса бундан қанчалик йироқдалигимизни тушуниб етасан.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

 

Report typo