Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 апрел, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

27.07.2023


ДАВЛАТ РАҲБАРИНИНГ КЕСКИН ТАНҚИДИДАН СЎНГ

Талимаржон ИЭСнинг навбатдаги буғ-газ қурилмалари барпо этилиши ниҳоят тезлашадиган бўлди...ми?

 Инвестиция лойиҳалари

Шу ҳафтанинг бошида "Талимаржон иссиқлик электр станцияси" акциядорлик жамиятида умумий қуввати 1 минг 65 мегаваттга тенг иккита энергоблокнинг қурилишига старт берилди.

Хабарингиз бор: жорий йил 11 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда, жумладан, сармоялар жалб этиш бўйича вазирлик ва тармоқ компаниялардаги аҳвол яхши эмаслиги қайд этилиб, айрим раҳбарлар маблағи анча аввал келган лойиҳаларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани қаттиқ танқид қилинди. Хусусан, "Иссиқлик электр станциялари" АЖ томонидан 2019 йилда бошланган Талимаржон электр станциясида қўшимча 900 мегаваттли буғ-газ қурилмаларини қуриш лойиҳаси доирасида 690 миллион доллардан бугунги  кунгача  бор-йўғи 135 миллион доллари ёки фақат 20 фоизи ўзлаштирилгани таъкидланган эди.

Орадан икки ҳафта ўтгач, "Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамияти Талимаржон ИЭСда  Испаниянинг Intecsa Ingeniera Industrial S.A. ва Япониянинг Mitsubishi Corporation  компаниялари билан 1065 МВт қувватга эга навбатдаги буғ-газ қурилмаларини қуриш бўйича имзоланган инвестицион шартномага асосан иккита янги энергоблок қурилиши бошланганини маълум қилди.

Мазкур битимга кўра, ушбу объектларни қуриш ишлари 2025 йил якунига қадар олиб борилади. Лойиҳанинг умумий қуввати 771,8 миллион долларни ташкил этади. Унинг амалга оширилиши натижасида корхона томонидан йилига қўшимча 8,5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шунинг ҳисобидан Самарқанд ва Бухоро вилоятлари истеъмолчилари, Қарши магистрал канали еттита насос станцияси ва кўплаб аҳоли пунктларини электр энергияси билан ишончли таъминлаш режалаштирилган.

Юқори тежамкор технологиялар ҳисобига 600 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади. Атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар 1500 тоннага камаяди ҳамда 112 та янги иш ўрни яратилади.

Эътиборли томони: Талимаржон ИЭСда барпо этиладиган иккита буғ-газ қурилмасининг қуввати илгари барча ҳужжатларда қайд этилган соатига 900 мегаваттдан 1065 мегаваттгача, йилига эса 7,2 миллион киловатт-соатдан 8,5 миллиард киловатт-соатгача ошган. Корхона мутахассисларининг изоҳ беришича, қуриладиган энергоблокларнинг қуввати мазкур иншоотларда ўрнатиладиган асосий асбоб-ускуналарнинг техник кўрсаткичларига мос равишда ўзгарган.

Маълумотларга кўра, Талимаржон ИЭСнинг янги буғ-газ қурилмалари учун Mitsubishi Corporation компанияси томонидан Takasago Machinery Works заводидан M701F русумли газ турбиналари, Hitachi заводидан буғ турбиналари, Mitsubishi Electric Corporation компаниясида ишлаб чиқарилган генераторлар ва турли ёрдамчи асбоб-ускуналар етказиб берилади. M701F русумли газ турбиналари  асосидаги иккита комбинациялашган қурилманинг қуввати соатига 1135 мегаваттга тенг бўлиб, бу электр энергиясининг бир қисми энергоблокларнинг ўз эҳтиёжлари учун ишлатилади.

Бугунги кунда Талимаржон ИЭСнинг ўрнатилган қуввати 1 минг 700 мегаваттга тенг бўлса, иккита янги буғ-газ қурилмаси ишга тушгач, мазкур кўрсаткич яна қарийб 63 фоизга ошади.

Ўз мухбиримиз

Report typo