Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
6 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

12.10.2023


БОҚИМАНДАЛИК КАЙФИЯТИ ВУЖУДИГА ЎРНАШИБ ҚОЛГАН ИНСОНЛАР

"Қўлдан берганга қуш тўймас" деган ибратли нақлни бир мағзини чақиб кўришса, яхши бўларди

 

 

 Бирни кўриб фикр қил...

Ёдимда, мактабда ўқиб юрган давримизда ҳам давлат томонидан кам таъминланган оила фарзандларига кийим-кечак бериларди, бироқ у кийимларни деярли ҳеч ким олмасди. Синфдошларимиз ичида ҳам кўп фарзандли оиладан бўлган худди шундай бир бола бор эди. Эсимда, қиш кунлари эди, қалин қор ёққан, синфдошимиз усти юпин, оёғига эса ёнбоши кўтарилган туфли кийиб келди. Шунда ўқитувчимиз секин уни чақириб, устига пальто ва оёғига этик берди. Бола эса буларни олмасдан кўзида ёш билан синфдан чиқиб кетди. Бундан барчамиз қаттиқ таъсирландик... Эртаси куни синфдошимизнинг онаси мактабга келиб, "Фарзандим ўксимасин, тенгқурларининг олдида боши эгилмасин, бу ишингизни қайта такрорламанг", дея ўқитувчимизга танбеҳ бериб кетди. Орадан икки кун ўтиб эса синфдошимиз оёғига янги этик кийиб келди. Билсак, отаси амаллаб олиб берган экан... Ҳозирчи?..

Вилоят ҳокимлигининг қабулхонасида ҳоким ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Каромованинг қабул куни. Рўйхатга 30 нафардан зиёд аёллар ёзилган. Улар навбати билан бирин-кетин қабулга кира бошлади. Аёллар  асосан уй-жой масаласи, айримлари моддий ёрдам, яна бирови саломатлигини тиклаш учун ёрдам сўраган, бошқаси эса оилавий можаролари, фарзандининг ўқиш шартномаси пули масаласи бўйича келган...

Китоб туманидан келган ёшгина жувон ҳоким ўринбосарига қарата "Опа, мен фалончаман, танимаяпсизми? Нимага алдадингиз, сиз байрамда сенга ёрдам кўрсатилади, совға берамиз дегандингиз, қани ёрдам, ҳеч ким уйимга совға олиб бормадику", дея хонани бошига кўтарди. Опа унга ётиқлик билан, "Узр сиздан кўра ночорроқ, тушакка ётиб қолган, боқувчисини йўқотган аёлларимизга ёрдам кўрсатдик. Кейинги сафар, албатта, сизга ҳам ёрдам қилинади", дея босиқлик билан тушунтирди.

Мен эса мурожаатчининг оиласи билан қизиқдим:

- Кўринишингиздан соппа-соғсиз, бирор жойда ишлайсизми, уй-жойингиз борми, - деб сўрайман.

- Ишлайман, уй-жойим ҳам бор. Шунча одам ёрдам олаяптику, менга берса давлатнинг бирор жойи камайиб қоладими? - деди у.

Яна бир мурожаатчи Касби туманидан. Иккинчи чоракда 6 миллион сўм моддий ёрдам олган бу аёл яна моддий таъминоти учун пул сўраб келган. Унга ишлаш учун иш таклиф қилишди. Кўнмади.

- Албатта, хастаҳол, эҳтиёжманд, муаммоси оғир инсонларга қўлдан келганча ёрдам берамиз. Бу табиий ҳол, - дейди Комила Каромова. - Мурожаатчиларга ҳар бир масалага бирданига ечим топиб бўлмаслиги, босқичма-босқич мақсадга эришиш мумкинлиги тушунтирилаяпти. Лекин кейинги пайтда юзимнинг қаттиғи, жонимнинг ҳузури дейдиганлар кўпайиб  кетаяпти. Мурожаатчиларнинг нечтасиникига борсангиз, ишонасизми, ҳайҳотдай ҳовли-жой, лекин на битта дарахт бор, ачинарлиси, томорқани ўт босиб қаровсиз бўлиб ётибди. Гапларини арава тортолмайди, "Мени кам таъминланганлар рўйхатига киритишмаяпти, томорқадан даромад олинг, дейишаяпти. Фарзандларим ишламаса нима қилай, ана бошқалар йўлини қилиб олиб ётибдику, дейишади. Бундай инсонлар моддий манфаат бор жойда андишанинг отини қўрқоқ қўйиб, "ҳақи"ни талаб қилиб тураверишади. Чунки боқимандалик кайфияти уларнинг вужудига ўрнашиб қолган.

Кўкдаладан келган мурожаатчини тинглаймиз. Турмуш ўртоғи чет давлатига ишлаш учун кетган. Ажрашган. Бир нафар фарзанди билан отасининг уйида яшаган бу аёл оиласидагилар билан келишмай бир ҳафтадан буён Қаршида ижарада яшаяпти. Яқинда унга 2 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилган.

- Муаммоингиз нимада? - сўрайди уни қабул қилган бошқарманинг масъул ходими.

- Менга ижара тўловини аввалдан тўлашим учун пул керак. Ёрдам беринглар.

- Яқинда сизга моддий ёрдам кўрсатилган бўлса, бунинг ҳам қонун-қоидаси бор. Ҳар доим ҳам тўлаб беролмаймиз. Яхшиси келинг, сизни отангизнинг уйига элтиб қўяйлик. Туманингиздан иш топишда кўмаклашамиз. Ҳаммаси изига тушиб кетади...

Масъулларнинг бу гапи мурожаатчига ёқмади, шекилли, хонадан норози бўлиб, бақир-чақир қилиб чиқиб кетади.

Дарҳақиқат, бугун давлат идоралари халққа яқинлашгани сайин, айрим фуқароларнинг давлат идораларидан асоссиз норозилиги ортиб бораётгандек, назаримда. Зеро  халқ қабулхоналари, ҳокимликлардан уй, ёрдам пули сўраётган мурожаатларнинг ҳам аксарияти ҳақиқий муҳтожлар эмас, асосан, боқимандалик касалига чалинганлар томонидан бўлмоқда.

Моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган навбатдаги мурожаатчининг моддий аҳволини суриштирамиз.

- Бу фуқарога деҳқончилик қилиш учун 10 сотих ер майдони ажратиб берилган, - дейди бошқарма масъул ходими Манзура Очилова. - Бундан ташқари давлатимиз томонидан тўрт сотихлик ер майдонига 3 хонали уй қурилиб, жиҳозлаб берилди. Шунга қарамасдан, фуқаро ўзининг ижтимоий ночорлигини рўкач қилиб, юқори ташкилотларга шикоят қилишдан андиша қилмайди. Мурожаати эътиборсиз қолдирилса Президентгача бораман, деб "шантаж" қилишдан тоймайди.

Қабулни кузатар эканман, мурожаат эгаларининг айримлари тўрт мучали соғ, меҳнатга лаёқатли ва ҳаракат қилса, бировга муҳтож бўлмай яшаши мумкин, деган хулосага келаман. Лекин улар  ҳукуматдан, давлат идораларидан моддий ёрдам кутиб яшашга ўрганиб қолган. Яъни боқиманда касаллигига гирифтор бўлишган. Нима учун бу инсонлар ўз шароитларини яхшилашга ўзлари ўриниб кўришмайди? Ахир уларнинг ҳаётдаги мақсадлари яхши яшаш эмасми? Ўқимаса ҳам, дипломи бўлмаса ҳам меҳнат қилиб, уйида ўтириб тикувчилик қилиш, томорқасига экин экиш орқали пул топаётган ва ҳалол меҳнати билан оиласини боқаётган, керак бўлса, ногирон бўла туриб шундай амалларни қилаётган хотин-қизлардан ўрнак олишса бўлмасмикин,  деб ўйлаб қоласан киши.

- Аҳолимизнинг турмуш фаровонлиги кундан-кунга ортиб бораяпти, - дейди Комила Каромова. -  Бугун тадбиркорлик қилишни истаганлар учун давлатимиз томонидан кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Муаммоларнинг аксарияти бекорчиликдан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам фуқароларимизнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Ҳақиқий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар "Аёллар дафтари"га киритилган. Ишсиз аёллар касб-ҳунар ўрганишлари учун "Ишга марҳамат" мономарказидаги ўқув курсларида бепул ўқитилиб, уларга субсидия асосида  сертификат ва тикув машиналари топширилмоқда. Аммо баъзи боқимандалик кайфиятидаги фуқароларимиз борки, уларга гап уқтириш қийин бўляпти. Тинимсиз мурожаат қилишни ўзларига "хобби" қилиб олишган. Қабулга келган мурожаатчиларнинг деярли кўпчилигига ўтган ойларда 2-6 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилган.

Бу аёлларимиз "Қўлдан берганга қуш тўймас" деган ибратли нақлни бир мағзини чақиб кўришса, яхши бўларди. Улар давлат томонидан кўрсатилган ёрдам билан бир ҳафта ёки бир ой яшаши мумкин. Кейинчи...

- Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ходимларига ўз миннатдорлигимни айтгани келдим, - дейди ўзини Моҳира деб таништирган мурожаатчи. - Икки йилдан буён ўқишга киролмасдим. Бу йил бошқарма томонидан  берилган тафсияномага асосан талаба бўлдим. Насиб бўлса, ўқишларимни аъло баҳоларда ўқиб, давлатимизга оз бўлсада меҳнатларим билан ўз ҳиссамни қўшаман.

Қабул давомида муаммолар ва уларга ечим ҳам ҳар хил бўлди. Нима бўлганда ҳам ўтказилаётган бу каби қабулларнинг аҳоли учун нафи тегаяпти. Аммо, ачинарлиси, боқимандалик кайфиятидаги баъзи "уддабурон"ларнинг мурожаатлари тугамаяпти. Айрим ҳолларда эса ҳақиқий муҳтожлар эътибордан четда қоляпти.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун жойлардаги фуқаролар йиғинлари ходимлари ҳам ўзларига юклатилган вазифаларни етарли даражада бажариб, аҳолига ҳаёт - бу ҳаракат эканини, ҳаракатда эса барака борлигини обдон тушунтирса, боқимандалик кайфиятидаги мурожаатлар ўз жойида ҳал бўлиб, фуқаролари юқори ташкилотлар эшигини қоқмаган бўлармиди?!

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз жоизки, ҳозирги шароитда имкониятлар кенг яратилаётган бир пайтда улардан оқилона фойдаланайлик. Ўзингиз учун, ҳеч бўлмаганда, фарзандларингиз учун ҳаракат қилиш вақти келди, азизлар. Давлат менга ёрдам қилаяптими, демак мен давлатдан қарздорман ва бу қарзни узиш учун биринчи навбатда оилавий шароитимни яхшилашим зарур, деган фикр билан яшашимиз лозим.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

 

 

Report typo