Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 июль, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Орифжон БОЗОРОВ

06.07.2023


БИРИНЧИ ҚАДАМ

абитуриентнинг орзу-мақсадидан бошланади

 Долзарб мавзу

"Вақт етмайди, улгурмаяпман..."

Югурик даврнинг биз англаб улгурмаган жиҳатлари жуда кўп. Масалан, тунов куни мактабга илк бор қадам қўйган фарзандингиз бугун қайсидир олийгоҳга ҳужжат топшириш арафасида турибди. Ёки ўзингиз институтни тугатган кунни эслаган вақтингизда, орадан бир одамнинг сочини оқартирадиган йиллар ўтиб кетганини ўйлаб, ҳайрон қоласиз. Ахир сиз эмасми, ўша кунгина талабаликнинг гаштидан завқланган, кутубхонанинг гардини димоғингизда ҳис қилган.

"Вақт етмайди, улгурмаяпман...". Бугун тез-тез қулоққа чалинадиган бу гап ҳар биримизни ҳушёр торттириши керак аслида. Хўш, нега вақт бизни енгиб қўяяпти, нима учун фурсатларни бой беряпмиз? Ҳаммаси ишимиз режали эмаслигидан.

Аслида, вақтнинг қадри кимга кўпроқ билинади? Мен абитуриентга деган бўлар эдим. Сабаби, унинг ўрганиши, ўзлаштириши керак бўлган билимлар, саволлар шунчалик кўпки, ҳар бир фурсатнинг қадрига етиши аниқ. Ҳарҳолда, вақтини бекорчи нарсаларга сарфламай, мақсади йўлида қатъият билан ҳаракат қилаётган ёшлар, ўқувчи-талабалар жуда кўп. Бир мисол, институт академик лицейининг битирувчиси Ҳабибулло Давронов 3 та тилда бемалол гаплаша олади, куни кеча 10 та хорижий олийгоҳда ўқиш имкониятини қўлга киритди.

Халқимизда "Бир нарсадан кечмаса, бир нарса бўлмайди" деган гап бор. Талаба бўлишни орзу қилган абитуриент ҳаловатидан, ўйинқароқликларидан, бесар юришдан ўзини тияди. Бир-икки тўй-маъракага, зиёфатларга бормас, ўйин-кулгилардан йироқ бўлади. Шунинг ўрнига дарсларга, машғулотларга зўр беради. Илмга қаттиқ берилган ёшларнинг ранги заъфарон бўлади,    еб-ичишининг ҳам меъёри бўлмайди. Ана шундайларнинг меҳнатини, заҳматини Аллоҳ ҳам марҳаматидан мосуво қилмайди. Демак, "улгуролмаяпман" дейиш баҳонадан бошқа нарса эмас.

Максимал балл ўша-ўша

Ҳозир билими борга ўқишга кириш муаммо эмас. Ўзингиз ўйланг, бирваракайига 5 та олийгоҳга ҳужжат топширган абитуриент ҳеч бўлмаганда бирортасига илашади-да. Ўқигани куймайди. Меҳнати зое кетмайди.

Бу йил ҳам ана шу анъана давом этади. Ўтган йили қабулда бўлгани каби, кириш тест синовларида абитуриентларга 2 та мутахассислик фанидан 30 тадан 60 та, 3 та мажбурий фандан эса 10 тадан 30 та тест топшириқлари берилади. Тўплаш мумкин бўлган максимал балл эса ўша-ўша - 189 балл.

Бир янгилик бор. Бу йил 2023-2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича тест синовлари катта сиғимли ёпиқ биноларда ўтказилади. Айни пайтда танлаб олинган 92 та бино шай ҳолга келтирилмоқда.

2023-2024 ўқув йили учун олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган тест синовларида 1 миллион 200 минг нафардан зиёд абитуриент қатнашиши кутиляпти. Хабарингиз бор, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши билан 2023-2024 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси (гранти) параметрлари тасдиқланди.

Бу йил бакалавриатга 34 минг 860 нафар талаба грант асосида қабул қилинади. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 10 фоизга кўп. Магистратурага қабулдаги грант ўринлари эса қарийб 1 фоизга оширилиб, 8 минг 923 та этиб белгиланди.

Хўш, бу йил тўлов-контракт бўйича қабул кўрсаткичлари қандай бўлади? Аввало шуни қайд этиш лозимки, молиявий мустақиллик берилмаган олий таълим муассасалари тўлов-контракт асосидаги квоталарни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишган ҳолда, молиявий мустақиллик берилган давлат ОТМлар эса Кузатув кенгашлари қарори асосида тасдиқлайди.

     Осойишта ҳовли, сокин жараён

Бундан тўрт-беш йиллар илгари қабул бошланиши билан олийгоҳларнинг ҳовлиси одамлар билан гавжум бўлар, шовқиндан бошлар гангиб қоларди. Ёзнинг жазирамасида соатлаб навбат кутишлар, қоғозбозлик, асаббузарликлар ҳар қандай одамнинг тинкасини қуритар эди.

Ўтган йили бир танишимиз қабул вақтида институтга келганди. Осойишталикни, сокинликни кўриб, ҳайрон бўлди. "Ахир шундай пайтда  институтда одам тўлиб кетарди-ку, нега ҳамма ёқ жимжит", деди ҳайратини яширолмай. "У даврлар ўтиб кетди, ака, - дедим. - Энди абитуриент уйида туриб, телефони ёки компьютери орқали ҳужжатларини топшириб қўя қолади. Келиб-кетиб, овора бўлиб юрмайди". Шунингдек, қабул  жараёни коррупция деган иллатдан тозаланди. Адолат, шаффофлик, очиқлик ва барқарорлик ўз ўрнини топди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда барча соҳаларда одамларнинг оғирини енгил, мушкулини осон, бир сўз билан айтганда, уларни рози қилишга бел боғланди. Жумладан, олий таълим соҳаси ҳам ана шу янгиланишлардан четда қолмади.

Қабул жараёнлари бошланиши биланоқ абитуриентлар, уларнинг ота-оналари ва яқинларида кўплаб саволлар туғилади. Шу мақсадда ҳар бир олийгоҳда фуқароларнинг мурожаатларига тезкорлик билан жавоб бериш мақсадида "Call-марказ" фаолияти йўлга қўйилди. Бевосита мурожаат қилувчилар билан ишлаш, уларни қизиқтирган масалалар бўйича ҳуқуқий ахборот олиш ва тавсиялар бериш учун "Маслаҳат хонаси" ташкил этилган.

Имконият, имтиёз ва интилиш

Интилган одам ҳамиша имкон топади. Агар уни давлат, ҳукумат ҳам қўллаб турса-чи?! Орзулари ушалгани шу унинг. Кейинги йилларда минглаб интилувчан йигит-қиз борки, меҳнатининг маҳсулини кўряпти, талаба деган номга сазовор бўляпти.

Имтиҳонларда ҳаммага бирдек имконият яратишга ҳаракат қилинмоқда. Айтмоқчи бўлганим, ногиронлиги бўлган шахслар ҳам бундай эътибордан четда қолмаяптилар. Масалан, кўзи ожиз кишилар учун қулай бўлган бино ва аудиториялар танланмоқда. Уларга кириш имтиҳонлари тартиби, вақти ва жойи тўғрисида, ўз вақтида, индивидуал ахборот бериш бўйича масъул ходимлар белгиланган. Бундан ташқари, ўрни келганда сурдо таржимонлар хизматидан ҳам фойдаланилади. Жорий йилдан бошлаб, ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун қабул тартиби, тест тўғрисида маълумот ва материаллар уларга қулай бўлган форматда, видеороликлар, сурдотаржима ёки субтитрлар воситасида етказилади.

Шу билан бирга, ҳозирги кунда олий таълим муассасаларига кириш учун бериладиган 40 дан ортиқ имтиёзлар мавжуд. Бу йил ҳам ушбу имтиёзларнинг амалга оширилиши кўзда тутилган.

"Қалдирғоч"лар парвозга шай

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида 2023-2024 ўқув йили қабулини юқори савияда ташкил этиш мақсадида муҳим вазифалар белгилаб олинди. Бу борадаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 июндаги "Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ва  бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ташкил этилмоқда.

Институтда жорий йилнинг 10 июнидан бошлаб 15 октябригача бўлган муддатда фуқароларнинг (абитуриент ва ота-оналар) мурожаатлари билан ишлайдиган "Саll-марказ" фаолияти йўлга қўйилди, иш вақти белгиланди. Шунингдек, кўзи ожиз, ногиронлиги бўлган фуқаролар, хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахслар (абитуриентлар) учун алоҳида ишчи гуруҳ шакллантирилди. Ҳужжатларни расмийлаштиришда уларга     институт томонидан алоҳида ёрдам кўрсатилади.

Институтда 2023-2024 ўқув йили жами кундузги таълим шакли бўйича қабул квотаси лойиҳаси бўйича 2 минг 425 нафар ёшни қабул қилиш режалаштирилган. Шундан 625 таси давлат гранти ва 1 минг 800 таси тўлов-контракт асосида ўқийди.

Жорий ўқув йилида кундузги таълим шакли бўйича 47 та бакалавр таълим йўналишида қабул амалга оширилиши режалаштирилган. 2023-2024 ўқув йилида 7 та янги таълим йўналиши бўйича ҳам қабул амалга оширилиши кўзда тутилган. Булар - суғурта иши; статистика (тармоқлар ва соҳалар бўйича); ахборот тизимлари ва технологиялари (тармоқлар ва соҳалар бўйича); биотехнология (тармоқлар бўйича); ёғлар, эфир мойлари ва парфюмерия-косметика маҳсулотлари технологияси; функционaл овқaтлaниш  вa  болaлaр мaҳсулотлaри  технологияси; аҳоли туристларининг овқатланишини ташкил этиш сервиси таълим йўналишлари.

Сиртқи таълимга қабул бўйича жами квота 1 минг 325 тани ва уларнинг барчаси тўлов-контрактни ташкил этади. Янги ўқув йилида сиртқи таълим шакли бўйича таълим йўналишларига 14 та янги йўналиш киритилиб, 32 тага етказилди.

Магистратура мутахассислиги бўйича ҳам 4 та янги мутахассислик жорий этилиб, бу йил жами 33 та мутахассислик бўйича қабулни амалга ошириш мўлжалланган. Қабул квотаси 314 нафарни ташкил этади. Шундан 252 нафар давлат гранти ва 62 нафар тўлов-контрактдан иборат.

Бундан ташқари, Беларусь миллий техника университети билан "2+2" асосидаги қўшма таълим дастури мавжуд. 2023-2024 ўқув йили бўйича қабул квотаси икки томонлама келишув асосида шакллантирилади. Ҳозирги вақтда ана шу масала юзасидан музокаралар олиб борилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, бу йил илк қалдирғочларимиз - 45 нафар талабамиз қўшма дастур асосида Беларусь миллий техника университетини тамомлаяпти. Улар қўшалоқ дипломга эга бўладилар.

Амаллар ниятларга боғлиқ

Қабул жараёнлари - абитуриентларнинг орзулари сари элтувчи кўприк. Унинг бу йўлдаги биринчи қадами ҳам айнан ўз олдига қўйган мақсади ва қатъиятидан бошланади. Бунда фақат ният қилиш билан иш битмайди. Балки қатъий ишонч, тинимсиз меҳнат ва мустаҳкам ирода зарур бўлади. Бундай сабрлилар, қатъиятли инсонлардан  Яратган ҳам марҳаматини аямайди.

Шу ўринда, абитуриентларга бир тилагим бор. Ҳеч қачон ортга чекинманг, ўз мақсадингиз сари дадил қадам ташланг, асло иккиланманг. Омад Сизга ёр бўлсин.

Орифжон БОЗОРОВ,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори

Report typo