Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 июнь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

17.08.2023


БИЛМАГАН ОДАМ УРУШ ДЕГАНДА НУҚУЛ ОТИШМАЛАРУ ПОРТЛАШЛАРНИ ТУШУНАДИ

Сараланган сатрлар

Истиқлолнинг 32 йили. Бу кунлар учун қанча қонлар тўкилмаган, умрлар зое кетмаган дейсиз. Яқин тарихни билмаганлар учун гўё ҳаммаси ўз изида кетаётгандек, азалдан мустақил бўлгандекмиз. Биргина ўтган аср 80-йилларини эсга олсак, халқ бошига не кунлар тушмаган!? "Қайта қуриш", "пахта иши", Афғон урушига жалб этилган ўзбек аскарлари ва уларнинг юртга қайтган кавшарланган тобутлари, камида контузияга учраб, умрбод мажруҳга айланган инсонлар...

Истиқлол туфайлигина ноҳақ терговга тортилган кишилар оқланди, ҳарбий хизмат бегона жойларда, бемаъни мақсадлар кўйида эмас, юртда ўталадиган бўлди.

Ўткир Ҳошимовнинг "Тушда кечган умрлар" асарида ана шу воқеалар таъсирчан ифода этилади. "Ватаним Истиқлолга эришмаса, бу асар дунё юзини кўрмас эди", деб ёзади муаллиф китоб муқаддимасида.

Романда Афғон урушига жалб этилиб, юртга тирик қайтган бўлса-да, уруш асоратлари сабаб ҳаёти хазон бўлган инсон ва унга ёндаш, мустабид тузум чангалида эзғиланган тақдир эгалари кечинмаларини кўрамиз.

Бу китобни айниқса ёшлар кўпроқ ўқиши керак. Ўтмишдан хулоса чиқариш, осойишта кунлар қадрига етиш учун ҳам...

*  *  *

Сталиннинг тиши оғриб қолибди... Дўхтир чақирибди. Дўхтир доҳийнинг тишини кавлаштириб даволашга киришибди. Бир кун ўтибди, икки кун ўтибди... Дўхтир нуқул тишнинг тузилиши, неча қатлам бўлиши, илдизи нечта бўлишини айтиб, вайсармиш... Охири доҳий дўхтирдан сўрабди: "Тиш қаттиқми, тил қаттиқми?" - "Ҳазиллашяпсизми, ўртоқ Сталин, - дебди дўхтир. - Тишнинг эмал қатлами шунақанги қаттиқки, пўлатни кесиб ташлайди. Тил нима? Бир парча юмшоқ мускул-да", - дебди. "Шунақами?" - дебди ўртоқ Сталин. Ўша куни ўртоқ Берияга буюрибди. "Лаврентий Павлович, - дебди. - Манави дўхтирнинг тили жуда юмшоқ экан. Эртага мен Сталиннинг тишини даволадим деб вайсаб юради, жавобини беринглар", - дебди. Ярим соатдан кейин дўхтирнинг "жавобини" беришибди. Чаккасидан отишаётганда ҳам дўхтир тўхтовсиз вайсармиш: "Ўртоқ Сталиннинг тишини даволашга улгурмадим-да, номим тарихда қоларди", - дермиш.

*  *  *

"Қирқ саккизинчи йилда бир адабиётшунос олим қўлга олинган эди. Қиззиғарнинг иккита китоби чиқибди-ю, ўртоқ Сталин ҳақида бир оғиз сўз йўқ. Нуқул Навоий... Нуқул Бобур... Пошшолар. Вазирлар. Бобур деган пошшо ёзганмиш: "Жамолинг ишқида, ёрим, бир ойдирки, бедорман!" Қаранг-а, Ҳиндистонни босиб олган золим пошшонинг гаплари ихтиро эмиш! Пошшойинг-ку, ўлиб кетган! Сен-чи? Профессор деган унвони бор аҳмоқ. Ёлғон-яшиқ шиғирларни мақташинг шартми? Ўтмишни идеаллаштириш эмасми бу! Кўрайлик-чи, ўша Бобур деганингни ёзганлари ростми-ёлғонми?"

*  *  *

Эшон совет халқининг душмани экан. Аввал ҳам мачитда "саветский влас - очиздан ўлас", деб каромат қилганини эшитганлар бормиш... Эшонни йигирма беш йилга кесишибди.

*  *  *

Одам бўламан десанг, ичкиликка яқин йўлама!

*  *  *

"Орган жамиятни ёт унсурлардан ҳимоя қилади. Шундай экан, унинг қўлигина эмас, "қулоғи" ҳам яхши ишлаши шарт. Ҳар қандай ташкилотда, ҳатто ямоқчининг дўконида ҳам "қулоқ" бўлса зиён қилмайди. Тўғри-да! Вақти-вақти билан "тозалаш" ўтказиб турмаса эплаб бўладими бу турфа жамиятни!

Урушдан кейинги "тозалаш" ҳам бежиз қилингани йўқ. Айниқса, олифта интеллигентлар ҳаддидан ошиб кетди. Газета-журналларда совет жамиятини масхара қиладиган нарсалар пайдо бўла бошлади. Мактаб ўқитувчисидан тортиб олимгача - ҳаммаси "доно!" Ҳаммаси - "даҳо!"

*  *  *

Кундалик ёзиш - қизларнинг иши. Қизларда бунақа "касал", шоирлар айтмоқчи, "шудринг томчисидек мусаффо қалбига илк муҳаббат чўғи тушгач" пайдо бўлади. Ўз хаёлида муҳаббат деб аталмиш қасрни бунёд этади. Хаёлий Малика хаёлий Шаҳзодасига айтолмаган гапларини қоғозга туширади... Ёзаверади... Ёзаверади...

*  *  *

Ҳамма жойда план бор. Пахта плани, пилла плани, газлама плани...  Военкоматники - одам плани! Бажариш керакми ахир? Европа томонларда хотинлар кам туғадиган бўлиб қолган. Бундан чиқди, Ватан ҳимоячиларининг ўрнини ўрта осиёлик болалар билан тўлдириш керак! План - қонун дегани! Бажармай кўрсин-чи?

*  *  *

Баҳор - барчага баравар! Шоҳона саройлар олдидаги гулзор нима, гўристонда маъюс дўппайган қабрлар нима - танлаб ўтирмайди. Ҳаммасини бир текис майсаларга буркайди. Барчасига баравар меҳр ила чечаклар улашади...

Кўклам қуёши рўпарада, довон томонда туриб бизларга реактив снаряд отаётган "дух"нинг бошидан қанча мўл-кўл нур сочса, душманни танкдан ўққа тутаётган бизнинг бошимиздан ҳам шунча нур сепаверади. Баҳор шабадаси бизнинг юзимизни қанчалик эркалаб сийпаласа, уларниям шунчалик сийлайверади...

Баҳор - урушни тан олмайди!

*  *  *

Билмаган одам уруш деганда нуқул отишмалару портлашларни тушунади. Тўғри, отишмалар ҳам бўлиб туради, портлашлар ҳам. Бироқ энг жонга тегадигани бу эмас. Энг ёмони - ҳамиша кўнглинг ғаш бўлиб юрасан. Негалигини ўзинг билмайсан. Янаям ёмони - зерикиш, ўлик сукунат. Снаряд қутилари-ю тошлардан наридан бери қўнқайтириб ясалган "уйча"дан туриб, ҳар куни бир хил манзарани кўрасан. Куну тун бир хил манзара. Шундан кўра тезроқ отишма бўлишини ёки экипажингни "точка"дан олиб, жангга ташлашларини хоҳлаб қоласан...

*  *  *

"Донолар ҳаётни кузатурлар жим"... Ёзуғимизни қарангки, ҳаётни идрок этишга ҳам қўймадилар...

*  *  *

Уруш одамнинг дийдасини қотириб юборади дейишади. Бўлса бордир. Аммо келиб-келиб, фариштадек беозор йигитнинг ўлиши... Ўйламай дейману, барибир хаёлимга келаверади. Ана, эс-ҳушини йўқотиб, телбаваш бўлиб қолган она темир тобутни қучоқлаб дод соляпти. Тобут ичида ётган қорақош, қоракўз ўғлини кўриб тургандек... Темир тобут нега бунчалик совуқлигини, формалин ҳиди қаёқдан келаётганини ўйлашга ҳоли йўқ. Билмайдики, қути ичида жондан азиз боласининг ичак-чавағи ағдарилиб ётибди...

*  *  *

Бола ҳамон йиғлаганча ўз тилида ғужур-ғужур қилиб, итга эргашди. Оёқяланг тупроқ кечиб, алпанг-талпанг юрган кўйи аёл тепасига келди. Бир зум туриб қолди: йиғлашдан тўхтади. Аммо ўпкасини тутолмай ҳиқиллаганча "мўржона-мўржона"(онажон-онажон), деди. Аёлнинг ёнига чўккалади-да, ёш тўла кўзлари билан негадир ғудраниб кулди. Тупроққа беланган қўлчалари билан онасини эма бошлади. Бирпас эмди-да, илкис бошини кўтарди. Ҳайрон бўлиб, гоҳ онасига, гоҳ итга, гоҳ менга мўлтиради. Оғзини каппа-каппа очиб, чирқиллаб йиғлаб юборди. Гўдакнинг оғзидан сўлак аралаш қон оқар эди.

*  *  *

Жаҳонда энг донишманд халқ, биласизми, ким? Австралия аборигенлари! Оғир жиноят қилганни қамамайди. Отмайди. Осмайди. Ёлғиз қолдиради. Битта ўзини!

*  *  *

Арслон қариса куни сичқон тутишга қолади.

*  *  *

Акам аллақанча газета йиғиб қўйган экан. Ўқиб, ҳайрон бўлдим. Бирида бутун мамлакатни қамоқхоналарга айлантирган тузум емирилгани, тўла демократия рўёбга чиқаётгани ёзилади, бошқасида "ўзбек иши" бўйича қамоққа олинган "текинхўрлар" лаънатланади. Бирида одамларни эътиқоди учун тазйиқ остига олганлар қораланади, виждон эркига йўл очилгани айтилади, бошқасида отасини дафн этиш учун мозорга бориб Қуръон тиловат қилган коммунист фельетон қилинади... Қизиқ...

*  *  *

Македонскийнинг зўрлиги шунда бўлганки, қайси юртни босиб олса, ўша юртдан чиққан одамни ҳоким қилиб тайинлаган. Ёнига эса Иккинчи қилиб ўз одамини қўйган. Эшитдингми? Иккинчи қилиб! Оми халқ бу ёқда юраверган: пошшо ўзимиздан чиқди, деб хурсанд! У ёқда бўлса Иккинчи Биринчининг нозик жойига ип боғлаб олган. Биринчи ғиринг деб кўрсин-чи! Иккинчи ипни тортиб қўяди. Салгина тортса, Биринчи вой-войлаб қолади. Қалай? Жиндай ҳаддидан ошса гўрдан олиб, гўрга тиқишдан ҳам тоймайди... Ўзимиздагига ўхшаб. Биласанми, бунинг отини нима дейди? Мустамлакачилик!

*  *  *

Қўшиб ёзиш ҳамма жойда бўлган. Айбни эса келиб келиб ўзбекка ёпиштиришди. Сабаби шуки, арманига осилса, ўша куни армани кўчага шиор кўтариб чиқади. "Арман халқидан қўлингни торт!" дейди. Гуржига ташланса, гуржи кўчага чиқади. "Нега  халқни ҳақорат қиласан?" дейди. Сен билан биз - ўзбекмиз. Биттамизни бўғизласа, иккинчимиз меърайиб турамиз. Навбат ўзимизга етгандагина, қўйга ўхшаб маъраймиз.

*  *  *

Тергов практикасининг ўз қонунлари бор. Энг залварли далил энг охирида айтилади. Ўнгланмас зарба бериш учун...

*  *  *

Куз - ўлим тўшагида ётган беморга ўхшайди... Оёқ остида касалманд хазонлар инграйди. Эрта баҳордан бўтана бўлиб шоша-пиша қирғоғига сиғмай оққан ариқлар тиниқлашади. Шунча уринишлари зое кетганини тушуниб, оламга маъюс боқади... Еру кўкни оппоқ кафандек туман чулғайди. Эрта-индин осмонга мотам либосини кийган булутлар чиқади. Ер устида узоқ чарх уради-да, аччиқ-аччиқ кўз ёши тўкади... Сим-сим ёмғир ёғади. Тўрт кунлик умрида дунёга сиғмаган, охир-оқибат жон таслим этган табиатга аза очиб, унсиз йиғлайди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo