Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 июнь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

28.12.2023


АЖРИМЛАР СОНИ 54 ТАГА КАМАЙДИ

Матбуот анжумани

Вилоятда 2023 йил 11 ой давомида 3165 та ажрим қайд этилиб, уларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига (3219 та) нисбатан 54 тага камайган. Бироқ Деҳқонобод, Ғузор, Нишон, Яккабоғ, Кўкдала туманларида шу давр ичида оилавий ажримлар кўпайган.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан  ўтказилган матбуот анжуманида сўз юритилди.

Анжуманда вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Каромова, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова, вилоят “Олима” уюшмаси раиси, тарих фанлари доктори, профессор Юлдуз Эргашева сўзга чиқиб,  жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва касбга ўқитиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида батафсил маълумот беришди.

Шунингдек, матбуот анжуманида эрта никоҳлар, оилавий ажримлар ва хотин-қизлар ўртасидаги жиноятлар ўтган йиллардагига нисбатан камайгани эътироф этилиб, 2024 йилдаги вазифалар ҳақида сўз юритилди.

- Жорий йилда ижтимоий кўмакка муҳтож профилактик ҳисобда турган хотин-қизларнинг 587 нафари ишга жойлаштирилди, 400 нафарига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди, - деди Комила Каромова. – Шунингдек, 73 нафари даволаш учун тиббиёт муассасаларига жойлаштирилиб, 201 нафарига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун яқиндан кўмак берилди, 102 нафари таълим муассасаларига қайтарилди. 

Очиқ ва самимий мулоқот давомида журналист ва блогерлар мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб, ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo