Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 май, чоршанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

12.05.2022


Қашқадарёга неча бош қўй ва эчки импорт қилинади?

Прогноз

Прогнозларга кўра, 2022-2023 йилларда вилоятимизда майда шохли молларни импорт қилиш бўйича 19 та лойиҳа амалга оширилиб, хориждан 51 минг 300 бош қўй ва эчки олиб келинади. Шунинг ҳисобидан чорвачиликнинг ушбу тармоғини ривожлантириш баробарида 1 минг 622 нафар кишининг бандлигини таъминлашга ҳам эришилади.

Яқин икки йил ичида республика ҳудудига олиб кириладиган кўй ва эчкилар сони бўйича прогноз параметрлари давлат раҳбарининг шу йил 26 апрелдаги "Республикада гўшт, жун ва сут йўналишидаги майда шохли молларни кўпайтириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган. Унга кўра, жорий йилда Қашқадарёга умумий қиймати 37 миллиард сўмга тенг 9 та лойиҳа доирасида 17,1 минг бош майда шохли мол импорт қилинади. Келгуси йилда эса хориждан 34,2 минг бош қўй ва эчки олиб келиш бўйича 10 та лойиҳани рўёбга чиқариш учун 77 миллиард сўм сарфланади.

Шунингдек, 2022-2023 йилларда вилоятимизда майда шохли моллар учун озуқа ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш бўйича 3 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади. Бу ташаббусларнинг биттаси 300 гектар майдонда ҳар йили 2 минг тонна озуқа ишлаб чиқаришга қаратилган бўлиб, жорий йилда йўлга қўйилиши керак. Қолган иккитасини (майдони - 700 гектар, йиллик ишлаб чиқариш қуввати - 4,5 минг тонна) эса 2023 йилда амалга ошириш режалаштирилган. Шу билан бирга келгуси йилда воҳамизда мазкур тармоқда сутни қайта ишлаш лойиҳасини ишга тушириш ҳам мўлжалланаяпти.

Умуман олганда, Президентнинг мазкур қарори республикамизда қўйчилик ва эчкичиликни янада ривожлантириб, тармоқ озуқа базасини кўпайтириш ва ушбу йўналишдаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаб, аҳоли томонидан чорвачилик ҳўжаликлари ва чорва маҳсулотларини қайта ишловчилар билан ҳамкорликда ўз хонадонларида майда шохли молларни боқишни ташкил этиш мақсадида қабул қилинган.

Ушбу ҳужжатга кўра, тармоқни ривожлантириш учун тегишли тартибда ажратилган маблағлар тижорат банклари томонидан Марказий банкнинг асосий ставкаси (бугунги кунда - 17 фоиз)га 4 фоизлик банк маржасини қўшиш орқали ҳисобланадиган ставка бўйича кредитлар сифатида ажратилади. Бундай кредитлар тадбиркорлик субъектларига хориждан гўшт, жун ва сут йўналишидаги қўй ва эчкилар харид қилиш учун 5 йил муддатгача (шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан), озуқа цехлари (гранулятор)ни, гўшт, жун ва сут маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этиш бўйича лойиҳаларини молиялаштириш учун эса 10 йил муддатгача (шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан) берилади. Яйловларда чорва молларининг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш учун сув чиқариш (қудуқлар бурғилаш ёки мукаммал таъмирлаш) ва сув иншоотига ресурс тежамкор ускуналар ўрнатиш учун эса кредит маблағлари хўжалик юритувчи субъектларга 5 йил муддатгача (шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан) ажратилади.

Давлат статистика қўмитасининг қишлоқ хўжалиги ва экология статистикаси бошқармаси томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, шу йил 1 апрель ҳолатида Қашқадарё вилоятида қўй ва эчкилар бош сони 4 миллион 735,8 минг бошни ташкил этади ва мазкур кўрсаткич бўйича воҳамиз республика ҳудудлари орасида биринчи ўринда турибди. Бошқача айтганда, бугунги кунда Қашқадарё ҳиссасига мамлакатимиздаги қўй ва эчкилар умумий бош сонининг 20,9 фоизи тўғри келади.

Ўз мухбиримиз

 

Report typo