Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 май, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • "Қаршитермопласт" цехи, "Эркатой" МТМ ва яна кўплаб объектларда қуёш панеллари ўрнатилмоқда

07.09.2023


"Қаршитермопласт" цехи, "Эркатой" МТМ ва яна кўплаб объектларда қуёш панеллари ўрнатилмоқда

Қайта тикланувчи энергия манбалари

Вилоятимизда ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идоралари, йирик саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектларининг бино ва иншоотлари ҳамда аҳоли хонадонларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Бу жараён "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятининг вилоятимиз ҳудудида жойлашган бошқарма ва корхоналари, хусусан, "Шўртан газ-кимё мажмуаси" масъулияти чекланган жамиятида ҳам жадал кечмоқда.

МЧЖ ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг охиригача мажмуага қарашли ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектлари ҳамда ижтимоий муассасаларда умумий қуввати 2,04 мегаваттга тенг қуёш электр панелларини ўрнатиш мақсад қилинган. Шу кунларда "Шўртан газ-кимё мажмуаси"га қарашли "Қаршитермопласт" цехи биноларининг том қисмида қуввати 600 киловатт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини ўрнатиш ишлари бошланган бўлса, "Эркатой-1,2,3,4" мактабгача таълим муассасалари бино ва иншоотларида бир соатда 40 киловатт энергия ишлаб чиқариш қувватига эга қуёш панеллари жойлаштирилиб, электр монтаж ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, чора-тадбирлар режасига кўра, йил охирига қадар мажмуа атрофидаги автотураргоҳ учун 1100 кВт, ишчилар шаҳарчаси учун 230 кВт, ташқи сув таъминоти цехига қарашли сув ҳайдаш иншооти учун 50 кВт ҳамда А ва В устун насос станциялари учун 2 кВт, "Медсервис" соғломлаштириш маркази учун 20 кВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияларини барпо этиш режалаштирилган.

Ҳисоб-китобларга қараганда, мажмуа объектларида йил охиригача ўрнатиладиган кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг ўрнатилиши бир йилда 4,5 миллион киловатт-соатга яқин электр энергия ишлаб чиқариш ва анъанавий тармоқлардан олинадиган электр қуввати миқдорини худди шунчага камайтириш имконини беради.

Шу ўринда эслатиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг "2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган режаларга мувофиқ, вилоятимизда жорий йилнинг охиригача ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида умумий қуввати 7,4 мегаваттга тенг қуёш панеллари ва 8,3 минг литр ҳажмдаги гелиоколлекторлар, аҳоли хонадонларида 7,4 мегаваттга тенг қуёш панеллари ва 70 минг литр ҳажмдаги гелиоколлекторлар, тадбиркорларнинг бино ва иншоотларида эса 38 мегаваттли қуёш панелларини ўрнатиб, 20 та объектда 21,7 мегаватт қувватга тенг кичик фотоэлектр станцияларини барпо этиш мўлжалланган.

Report typo