Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
12 июль, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

04.07.2024


ҲАР КИМНИНГ ЎЗ ДАВРИ БЎЛАДИ

Cараланган cатрлар

Маматқул Ҳазратқуловни асосан журналист, анча йиллар муқаддам нуфузли ахборот маҳкамаси раҳбари сифатида ишлаган инсон сифатида билардим рости. Яқинда "Гладиолус" китоби қўлимга тушди. Унда муаллифнинг турли йилларда ёзилган қисса, ҳикоя ва эсселари жамланган бўлиб, мавзулар ранг-баранглиги билан ўқувчини зериктирмайди, ифода услубига кўра эса осон тушунилади. Замон талотўпларидан омон қолган инсонийлик, муҳаббат улуғланиб, адолатсиз уруш фожиалари инсонлар тақдирида қандай из қолдириши моҳирона акс эттирилади.

Излаб кўрсам, шу вақтгача муаллифнинг "Оққуш", "Чўли ироқ", "Ҳаётнинг бир парчаси", "Интизор", "Қуёш мен томонда", "Қўзичоқнинг кўз ёшлари", "Журъат", "Эшиклар очиқ", "Чироқ ўчмаган кеча", "Кўккўл" каби ҳикоя ва қиссалар тўпламлари нашр этилган экан. "Меҳр кўп кўргаздим", "Меҳмон", "Қадрим", "Афандининг янги саргузаштлари" номли пьесалар, Лев Толстой, Василий Шукшин каби рус адиблари, шунингдек, озарбайжон, тожик, татар ва япон ёзувчиларининг ҳикоя ва қиссаларини ўзбек тилига ўгирган, "Лев Толстой ва ўзбек адабиёти" деган рисола муаллифи ҳам Маматқул Ҳазратқулов эканини билиб қизиқишим ошди.

Бугун эътиборингизга "Гладиолус"дан ҳаётий ҳикмат ва лавҳаларни тақдим этмоқдамиз. Ишонамизки, улар сизни бефарқ қолдирмаслиги баробарида шу китобни ўқиб чиқишга ундайди.

* * *

Инсон зоти борки ўзини бегуноҳ, деб билади. Бошига бир ташвиш тушганда эса қайси гуноҳларим учун бу кўргиликлар, деб Аллоҳга даъво қилади.

* * *

Ҳаёт дегани фақат ўйин-кулгидан иборат эмас. Ҳар қадамингда муаммо, ташвиш... Энг ёмони, одамларнинг ёлғончилиги, иккиюзламачилиги, худбинлиги. Мана шулар одамни кўпроқ чарчатар экан.

* * *

О, гўзаллик! Сенинг олдингда кимлар тиз чўкмаган! Не-не баҳодиру паҳлавонларни лол қолдирмагансан?! Сенинг меҳру сеҳрингга не-не азаматлар асир бўлмаган!

* * *

Оила қуришни зиммага олгандан кейин, унинг аччиқ-чучугига чидаш керак... Ҳар бир оила ўзи бир олам, ўзи бир дунё. Лев Толстойнинг гапи гап: "Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир". Ҳар бир ажрашган оилада эр ҳам, хотин ҳам ўзини оқлашга сабаб, асос қидиради ва ўзича топади ҳам.

* * *

Шунақа пайтлар бўладики, бегуноҳ эканингни билиб турсанг ҳам танқид қилган одамга қарши бирон нарса деёлмайсан, ҳақлигингни исботлаёлмай қоласан. Ичингда ғижинасан, асабийлашасан, ўша одамни болохонадор қилиб сўкасан ҳам, аммо кўзига тик қараб бир оғиз сўз қайтаролмайсан.

* * *

Одамларимиз қачонгача пахса уйларда яшайди. Етар энди. Бизга шуям бўлаверади, деган тушунчани одамларнинг онгидан чиқариб ташлаш даркор. Четдан биров келса туман марказини, нари борса шу атрофдаги бир-иккита қишлоқни кўрсатамиз. Аслида тумандаги ҳамма қишлоқда замонавий уйлар қурилиши лозим. Узоқ қишлоқларда яшайдиган одамларнинг нима айби бор? Нима учун улар бошқалар қатори замонавий уйларда яшамаслиги керак?! Одам боласи қандай шароитда яшашига қараб онгу тафаккури, дунёқараши ҳам ўзгариб бораверади...

* * *

Ҳар кимнинг ўз даври бўлади. Аммо бу давр мутлақ эмас! Буни тушуниш, англаш даркор. Кимки буни ўз вақтида тушунса, ҳаётнинг шиддатли оқими билан баравар сузишга қудрати етмаганлигини пайқаб, ўзини қирғоққа олса - шунинг ўзи бахт!..

* * *

Одамзод бир-бирининг хаёлидан кечган фикрларни билмайди. Қандай яхши! Борди-ю бирининг хаёлини иккинчиси англаб етганда борми, аллақачон одамлар бир-бирини еб адо қилган бўларди…

* * *

Киши бошқа жойдан келган меҳмон билан гаплашганда ҳушёр бўлмоғи лозим. Бир одамнинг нозик диди, юксак маданияти билан, бир халқ ҳақида яхши тасаввур қолиши ёхуд, аксинча, бир фаросатсиз туфайли бутун халқ номига доғ тушиши мумкин.

* * *

Эътибор берганмисиз, на қуруқликда, на ҳавода-ю, на сувда текис йўл бор. Машина-ку, тинмай силкингани майли - унинг ғилдираги ер узра айланади, аммо самолёт билан кема-чи? Уларга нима халақит беради? Бўм-бўш ҳавода учиб бораётган самолёт бирдан нотекис йўлга тушиб қолган машинадек тўқир-тўқир қилади, бир кўтарилади, бир пастга тушади. Кема ҳам шу - гоҳ тинч сузади, гоҳо бешикдай чайқалади.

Инсон ҳаёти ҳам ана шу йўлларга ўхшайди: баъзан бир текис, силлиқ давом этади, баъзан остин-устун бўлиб кетади.

* * *

Бу дунёнинг не-не гўзал жойлари бор-а! Ҳамиша ҳам шуларнинг қадрига етамизми? Бу каби гўзалликлардан баҳра ола биламизми? Табиатнинг ақл бовар қилмас сеҳру қудрати билан барпо бўлган гўзалликларни топтаётганлар йўқми? Кошки эди! Афсуски, бу гўзалликни ҳис қила олмайдиганлар, уларни бузиб, тракторларнинг, бульдозеру экскаваторларнинг шафқатсиз тишлари, оёқлари остида ғажиб ташлайдиган кимсалар бор.

* * *

Муҳаббат, бу - қуёш! У одамни илитади, йўлини ёритади, гоҳида қиздиради, куйдиради. Муҳаббат қўнган юракда қувват, шиддат, ҳаётга муҳаббат пайдо бўлади. У одамни жасур, ҳеч нарсадан чўчимайдиган, мард қилади. У масофани тан олмайди.

* * *

Шундай буюк зотнинг қабри тепасига елкамда автомат билан борсам-а. Қандай даҳшат! Етти ухлаб тушимга кирганмиди шундай қилиш?! Умри бўйи уруш-жанжалларни қоралаб, беклар, амирлар, ҳаттоки ота-боболар ўртасидаги низоларни бартараф этиб келган Навоийдай табаррук зотнинг қабрини зиёрат қилгани қурол кўтариб бориш - ақлга сиғмайди. Бу юртда бўлаётган жангу жадаллардан ҳазратнинг руҳи чирқираётган бўлса ажаб эмас...

* * *

Қандай беғубор дамлар эди. У вақтларда бу қишлоқларда электр йўқ, одамлар лампа чироқ ёқар, қишда сандалда ўтирарди. Ҳозирги шароитларни - газ, электр, иссиқ сув деган нарсаларни эртакларда ҳам ўқимаганди. Қиш кунлари одамлар бир хонадонга йиғилиб, китобхонлик қилишарди. Йўлдош мактабда яхши ўқигани учун "Алпомиш", "Гўрўғли", "Ширин билан Шакар", "Кунтуғмиш" каби достонларни унга ўқитишар, аёл-эркак жим тинглар, кўплари, айниқса, аёллар пиқ-пиқ йиғлаб ўтирарди. Ўйлаб қараса, ўша пайтлар одамларда меҳр-оқибат кучли бўлган экан. Ҳамма бир-бириникига бориб, ҳашар билан ишни битказишарди. Томсувоқ бўладими, девор уришми, иморат солишми, ҳатто узум узишни ҳам навбатма-навбат ҳашар қилиб бажаришарди. Балки замон зайли шундай бўлгандир...

* * *

Кечирасиз-у телевизор кўрасизми, газета ёки ҳар хил сайтларни ўқийсизми шундай хунук воқеаларга дуч келасизки, одам ё, тавба, деб ёқа ушлайди. Келин қайнонасини ўлдирган, ота-ўғил ёқалашган, ака-ука пичоқлашган, боласини сотган, чақалоғини ахлатхонага ташлаб кетган, арзимаган пулни деб, бутун бир оилани қуритган...

Қонунданам, Ҳудоданам қўрқмайдиган, бандадан уялмайдиганлар кўпайиб кетмоқдами, дейман-да... Қолаверса, ҳаётда шундай бўлган-да, деб ҳамма нарсани бутун тафсилотигача кўрсатавериш, ҳамма икир-чикирларигача ёзавериш керакми? Бунинг фойдасидан зиёни кўпдай кўринади менга. Фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Улар қаҳри қаттиқ, меҳр-мурувватни билмайдиган, уят, андиша, ҳаё, ибо каби фазилатларни эскилик сарқити, деб қарайдиган бўлиб ўсади.

* * *

Оддий дарахт шунча йил яшайди. Буларнинг олдида инсон умри - бир лаҳзалик. Лекин... Шуни ўйламаймиз, умримиз ўлчоғли эканини, нисбатан қисқа эканини биламиз. Биламизу дунёга устун бўладигандай тутамиз ўзимизни. Мана шу қарға ҳам икки юз йил яшар экан... Баъзан ўйлаб қоламан. Балки инсонга қисқа умр берилгани бежиз эмасдир. Шу қисқа   умридаям бир-бирининг тагига сув қуйишдан чарчамайди, борди-ю, икки юз йил яшаса, билмадим, нима ишлар қиларди бу одам боласи...

* * *

Айримлар бор, ўзининг оиласини эплолмайди, болаларини тўғри йўлга сололмайди, аммо даъвоси катта... Худо кўрсатмасин, халқнинг куни шундайларга қолса нима бўлади?!

* * *

Баҳор ва ёшлик. Табиат баҳори қайтади, аммо умр баҳори қайтмайди.

* * *

Ёнғин Мирзо қамоқда бўлган йиллари унинг уйига кимдир тез-тез у-бу нарса келтириб берар экан. Уйидагилар буларни ким бериб юборди, деб сўраса, билмайман, деб тезда кўздан ғойиб бўлар экан. Ёнғин Мирзо қамоқдан қайтганидан кейин уйидагилардан бу гапни эшитиб ҳайрон бўлибди. Ким юрак ютиб бу хайрли ишни қилган бўлиши мумкин? У пайтларда ҳибсга олинганларнинг уйига бориш ҳам хавфли бўлган. "Орадан анча йиллар ўтиб, Хрушчев "илиқлиги" юзага келгач, орқаворотдан билдимки, бу ишни Асқад Мухтор қилган экан...

* * *

Аксарият буюк инсонларга хос мағрурлик, ўз қадр-қимматини билиш ва уни асраб-авайлаш, айни вақтда оддийлик, камтарлик каби фазилатлар Абдулла Ориповга ҳам бегона эмас эди. У киши янги ёзган шеърларини шогирдларига, кўнгли тусаган укаларига ўқиб беришдан, уларнинг фикрини эшитишдан тортинмасди. Ҳатто Сенат мажлисларида бирон-бир масала юзасидан сўзга чиқиш учун тайёрлаган нутқи матнини ҳам маслаҳатлашар эди. Шундай нутқларини уч-тўрт марта менга ҳам олиб келгани эсимда. "Абдулла ака, сиз ёзган матнга мен нима дея олардим", дердим хижолат бўлиб. Шунда у киши самимият билан лутф қиларди: "Йўқ, ундай дема. Сен доимо сиёсат ичидасан. Мен ҳамма воқеадан, жараёндан хабардор бўлмаслигим мумкин... Қолаверса, шоир зотида эҳтирос кучли бўлади. Сиёсат эса эҳтиросни хушламайди".

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo