Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 июнь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

С.НАРЗИЕВ

17.08.2023


АМИР ТЕМУР ҒОРИГА САЁҲАТ

 

Фоторепортаж

Анчадан буён мўлжал қилиб юрганимиз буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур макон тутган ғорни бориб кўришга қарор қилдик. Ҳудуд жиҳатдан Яккабоғ туманидаги Ҳисор тоғларида жойлашган бу ғорга бориш анчагина машаққатли эканини билсак-да, фикримиздан қайтмадик.

Эрта тонгдан сафарга отландик. Техника ёрдамида Қалъайи Шерон дарасига етиб бордик. Бу ёғига яёв юриш керак. Тик қояларни ёриб ўтган Қашқадарё дарёси тошдан-тошга урилиб оқар экан. Биз баъзан унинг ўнг қирғоғидан, баъзан эса чап қирғоғидан ҳаракатланишда давом этамиз. Йўл-йўлакай харсанг тошларга ўтирганча ҳордиқ чиқарамиз. Нафас ростлаймиз. Яна йўлда давом этамиз. Ниҳоят олисдан Темур ғори кўрина бошлади. Яқинимизда тургандек кўринади, аммо борган сари узоқлашади...

Маҳобатли ғор бизни қарши олади. Кириш жойига тошлар ганж ёрдамида моҳирона терилиб супа қилинганини кўрамиз. Девор ораларига ёғочлардан тиргак қилинган. Чап томондаги ғор шу ерликларнинг айтишига қараганда отхона вазифасини бажарган. Ўнг томондаги ғор эса қисман баландроқда бўлиб, ундан қўноқ сифатида фойдаланилган. Отхона эни 7-8 метр баландлиги 9-10 метр бўлган, узунлиги 600 метрлар чамаси ғор. Унинг иккита оғзи бўлиб, бир томондан кирилган, иккинчисидан чиқилган. Шу ерликларнинг айтишича, бу ғор Амир Темур аскарларининг отлари туриши учун хизмат қилган.

Иккинчи ғорга чиқамиз. Унинг ҳам эни ва баландлиги тахминан отхонаникича бор. Ичкарига юрган сайин йўлаклар торайиб, кенгайиб боради. Ҳатто эмаклаб ўтиладиган жойлари ҳам бор. Ғорга йиллар ўз таъсирини кўрсатган. Тошлар ва тупроқ ўпирилиб тушиши натижасида айрим йўлаклар ёпилиб қолиш даражасига етган.

Ғор ҳақиқатда даранинг ўртасида жойлашган ва ҳарбий мақсадларни амалга ошириш учун жуда қулай. Ривоятларга кўра, ушбу ғордан Амир Темур ёшлик чоғларида сарбозлик қилиб юрган кезларда, машғулотлар ўтказиш учун истеҳком сифатида фойдаланган.

С.НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.

 

Report typo