Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

24.05.2019


"ҚАДРДОН МАКТАБИМГА КИТОБ СОВҒА ҚИЛАМАН"

Маълумки, Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган 5 та муҳим ташаббусларидан бири ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳамда китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган. Айниқса, "Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан" шиори остида бошланган ҳаракат тобора оммавий тус олмоқда. Буни Китоб туманида ўтган китоб марафони ва ундан кейинги китоб акциялари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Китоб марафонига собиқ битирувчилар, ота-оналар,  корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари, мутахассислари, тадбиркорлар, фермерлар ва бошқа соҳа вакиллари жалб этилди. Китоб дўконларига Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан тавсия этилган адабиётлар олиб келинди. Кўчма савдолар ташкил этилди. Ижтимоий тармоқларда битирувчилар, турли соҳа вакиллари қадрдон мактабларига қандай китоб совға қилганларини акс эттириб бордилар.

Тадбирда тумандаги 2-, 4-, 5-, 52-сонли мактабларнинг ҳар бири  кутубхонаси фонди мингдан ортиқ китоб билан бойиди. Фермер Насиба Нурова, тадбиркор Ҳусниддин Мирзаев, шунингдек, Замира Бекназарова, Шерали Элмуродов, Солижон Ибрагимов, Жамшид   Шокиров, Йўлчи Ўринов сингари собиқ битирувчилар ўзлари таҳсил кўрган 35-, 52-, 5-, 4-, 49-мактабларга 30-70 донадан китоб совға қилишди.

"Билим манбаи, илм шамчироғи,  маънавият сарчашмаси - китоблар сизнинг маънавий-маърифий қарашларингизни, дилингиздаги эзгу хислатларингизни ва орзу-умидларингизни бирлаштириб, ҳаёт майдонининг энг юксак чўққиларига чорласин".

Мактабнинг собиқ битирувчиси, республика Марказий банки бошқарма бошлиғи Адҳамжон Ражабов қадрдон мактабига китоб совға қиларкан, дилидагиларни ана шундай ифодалади. Собиқ битирувчи, тадбиркор Аҳрор Бозоров эса мактабга тақдим этилган китоблардан нафақат ўқувчи ёшлар, уларнинг оила аъзолари ҳам баҳра олиши, ўқиши лозимлиги ҳақида гапирди. Собиқ битирувчи,  "Асомбобо" МЧЖ раҳбари Хушвақт Асомов мактабига 100 дан ортиқ китоб совға қиларкан, ёшларни китобхонликка қайтаришда давлат раҳбарининг ташаббуси қанчалик муҳим аҳамият касб этаётганини айтди.

Туманда "Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан" шиори остида бошланган ҳаракат натижасида  мактаб кутубхоналари фонди яна 40 минг донадан ошиқ китоб билан бойиди.  Гап энди уларни ўқишда, уқишда ва ҳаётга татбиқ этишда.

 Лола ЎРОҚОВА,

Китоб тумани

Report typo