Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Махфуза ҲАЙИТОВА,

17.03.2023


АБАДИЯТГА МУҲРЛАНГАН ҚАСИДА

Абдулла Орипов таваллудининг 82 йиллигига 

Ўзбек шеъриятининг муносиб куйчиси, давлатимиз мадҳияси матни муаллифи, шеърлари етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган инсонлар тилидан тушмаган, дилларга Ватан ишқи ва Онага бўлган муҳаббат туйғуларини жо этган, ошиқларга биринчи муҳаббатини ёдга солган, гўзал баҳор соғинчини уйғотган азиз ва ардоқли шоир Абдулла Орипов ҳаёт бўлганларида бу йилги Наврўз байрами куни 82 ёшни қаршилаган бўлар эди. Унинг шахси сермаҳсул ижоди ва тинимсиз меҳнати туфайли кўплаб унвон ва мукофотларга сазовор бўлган Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири сифатида абадиятга муҳрланган.

Абдулла Орипов Алишер Навоий бобомизнинг муносиб издоши, шеъриятимиз гултожига айланди. Менинг шоир таваллуд топган Косондан эканлигим қалбимга бир олам фахр-ифтихор туйғусини уйғотади. 

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи чоғида вилоят раҳбарлари ва фаоллари иштирокида ўтказган йиғилишда "Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси мадҳияси матни муаллифи сифатида халқимиз қалбида абадий яшайди", дея алоҳида қайд этганди. Шу нуқтаи назарда, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшларимизнинг шоир ҳаёти ва ижодини ҳар томонлама чуқур ўқиб-ўрганишлари, ибрат олишлари ҳамда унинг ғоятда бой маънавий-маърифий, адабий-бадиий меросидан баҳраманд бўлишлари лозимлигига урғу берилиб, Қарши шаҳрида Абдулла Орипов мактаби  очилгани ва шоир ҳайкали бунёд этилгани барча қашқадарёликлар учун муносиб туҳфа бўлди. Айниқса, Қаҳрамон шоиримиз ҳаёти ва ижодига бағишланган кинофильмнинг Абдулла Орипов туғилиб, камолга етган Некўз қишлоғида олиниши айниқса биз тумандошларнинг қалбини фахр туйғусига тўлдирди.

Абдулла Орипов бирор бир мавзуда шеър ёзар экан, бунга ўзгача илҳом билан ёндашди. У айниқса, Ватан мавзусида жўшиб қалам тебратди. Шоирнинг "Ўзбекистон, Ватаним маним" шеъри ва "Ўзбекистон" қасидаси мухлислари томонидан ёд олиниб, қалб тароналарига айланиб улгурди. Унинг ярим асрки, муаззам шеъриятимизга покиза туйғулар ила бебаҳо руҳ туҳфа этган "Ўзбекистон" қасидаси ҳақида тўхталмоқни жоиз деб топдим.

Қасида мураккаб бир даврда 1964-1970 йилларда ёзилди. Шоирлар орасидан фақат Абдулла Ориповгина "Ўзбекистон - Ватаним, маним" деб баралла куйлаб чиқди:

  Юртим, сенга шеър битдим бу кун,

  Қиёсингни топмадим асло.

  Шоирлар бор ўз юртин бутун

  Олам аро атаган танҳо.

  Улар шеъри учди кўп йироқ,

  Қанотида кумуш диёри.

  Бир ўлка бор дунёда бироқ,

  Битилмаган достондир бори.

  Фақат, ожиз қаламим маним,

  Ўзбекистон, Ватаним маним.

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим Абдулла Ориповни шундай хотирлайди: "Унинг покиза, юксак, самимий, ҳеч ким-у ҳеч нарсадан ҳайиқмайдиган овози бутун Ўзбекистонни ларзага солди... Ғайрат ва жасорат билан йўғрилган шеърлар юракларга, руҳларга "Ватан" деган туғён, мангу ҳаёт муҳаббатини сочиб ўтди. Ҳозир биз "Ўзбекистон, Ватаним маним" деб жўнгина айтаётганимиз сатрларни у пайтларда хасрат-у ғуссалар ичида кўз ёшларимиз тирқираб ёд айтганларимиз ёдимда... Ватанни озод кўришни истаган ва кейинчалик бу йўлда саъй-ҳаракатлар қилган инсонларнинг кўпчилигига ҳам Абдулла Орипов шеърияти мадад бўлганига гувоҳмиз. Абдулла Орипов шеърияти мустамлакачилик даврида ҳам ўзбекда ор-у номус барқарор эканлиги ҳақида келажакка кўрсатадиган ўлмас ҳужжатларимиздандир".

Дарҳақиқат, "Ўзбекистон" қасидаси юртимизда жуда машҳур. Боғчага борган ўғлим ҳам шу қасидани ёд олган. Кўчадан ҳассасига таяниб ўтаётган кекса онахонга мурожаат қилганимизда ҳам шоирнинг ушбу қасидасидан парча айтди. Буни қарангки, чинакам илҳом билан ёзилган мисралар хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин,  китобхон қалбини бирдек забт эта олади.

Абдулла Орипов қасидада она Ватаннинг ажиб таърифлари билан бир қаторда шонли тарихига ҳам мурожаат қилади. Олис тарих бағрида буюк аждодларимизни кўради. Боболаримизни ёд этади. Мумтоз адабиёт тили билан айтганда талмеҳ санъатидан маҳорат билан фойдаланади;

  Кўкламингдан олиб сурурни,

  Довруғ солди устоз Олимжон...

Бу қуйма сатрлар даставвал устоз Ҳамид Олимжон шеърияти шоирга илҳом баҳш этганини ифодаласа, ажаб эмас. Кейинги мисраларида Ғафур Ғуломга хос ватанпарварлик руҳини қаламга олади:

  Ғафур Ғулом туйган ғурурни

  Қилмоқ мумкин дунёга достон...

Амир Темур бобомиз жасоратини  ёзиш чоғида шоирдаги юксак ғурур  шеърда ҳам жо бўлганини кўрамиз:

Забтга олиб кенг Осиёни

Бир зот чиқди мағрур, довонгир...

Буюк мунажжим  Мирзо Улуғбек қисматига ачинади, кўкдаги юлдузларни рамзий маънода адолатли ва маърифатпарвар ҳукмдор, буюк мунажжимнинг кўз ёшларига таққослайди.

Қотил қўли қилич солди маст,

Қуёш бўлиб учди тилла бош.

Дўстлар, кўкда юлдузлар эмас,

У Улуғбек кўзидаги ёш...

Беруний даҳосига қойил қолиб битган сатрлари қалбимизга шу юрт фарзанди эканимиздан   фахрланиш туйғусини уйғотади:

Денгиз ортин ёритди илк бор

Берунийнинг ақл машъали...

Ҳинд океани соҳилларида Америка қитъаси борлигини Беруний кашф этган бўлса-да, бу шуҳрат  Христофор Колумб номига ўтиб кетганлигини шоир  ўкинч, ўз навбатида, юксак ғурур ва ифтихор билан "Колумбда бор аламим, маним" мисраларига жойлайди.

Ўзбек адабий тили асосчиси, сўз мулкининг султони Алишер Навоийни тенгсиз шоир эканлигини эътироф этади;

  Беш асрким, назмий саройни,

  Титратади занжирбанд бир шер.

  Темур тиғи етмаган жойни

  Қалам билан олди Алишер...

Кейинги ўринларда Собир Раҳимов жасорати, Чўлпон ва Ойбек ижоди, Ҳабиб Абдулла матонати ҳақидаги сатрларни ўқиб улар даҳосига нисбатан миннатдорлик ҳиссини туямиз.

Ўзбек деҳқонининг ҳалоллиги, ўз меҳнатига содиқлиги ҳақидаги мисраларни илк бор ўқиганимда, кўзимда ёш мавжланган эди:

  - Ташқарида изиллар ёмғир,

  Кир, бобожон, яйрагил бир оз.

  Дединг: - Пахтам қолди-ку ахир,

  Йиғиштирай келмасдан аёз...

Абдулла Орипов қасида сўнгида эртанги истиқлол кунлари албатта келишига ишонгани, ўзбек  халқининг, жонажон Ўзбекистонимизнинг дунёга  машҳур бўлишини юракдан ҳис қилиб шундай ёзади:

  Асрларнинг силсиласида,

  Боқий тургай кошонанг сенинг.

  Ҳур халқларнинг оиласида

  Мангу ёруғ пешонанг сенинг.

  Мангу ёруғ масканим маним,

  Ўзбекистон, Ватаним маним.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, абадиятга муҳрланган шоирнинг боқий қасидаси шеърият ихлосмандлари қалбида абадий яшайверади.

Махфуза ҲАЙИТОВА,

Косон тумани ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси

Report typo