Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 май, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

20.04.2023


30 АПРЕЛЬ - ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РЕФЕРЕНДУМИ КУНИ

"Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдумда муддатидан олдин овоз бериш бошланди.

Қонунчилик талабига кўра, референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш референдумга ўн кун қолганида бошланади ва референдумга уч кун қолганида тугалланади.

Марказий сайлов комиссияси котибияти раҳбари Худоёр Маматовнинг маълум қилишича, референдумда муддатидан олдин овоз бериш 2023 йил 19 апрель куни бошланиб, 2023 йил 26 апрель куни якунланади. Референдум участкасида муддатидан олдин овоз бериш иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 12:00 дан соат 16:00 га қадар бўлиб ўтади.

- Алоҳида таъкидлаш жоизки, - деди Худоёр Маматов, - референдумда илк бор муддатидан олдин овоз бериш тажрибаси йўлга қўйилмоқда. Бу фуқароларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларидан самарали фойдаланишлари учун янада кенг имконият яратади.  

"Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида"ги Қонунида белгиланган тартибга кўра, овоз берувчи муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун референдум кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка комиссиясидан референдумда овоз бериш бюллетенини олади.

Овоз берувчи референдумда овоз бериш бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида овоз берувчи фуқаролар рўйхатига имзо қўяди.

Референдумда овоз бериш бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида овоз берувчи томонидан тўлдирилади.

Овоз берувчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган референдумда овоз бериш бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.

Report typo