Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 июль, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

26.10.2023


1 НОЯБРДАН АМАЛДА

Одатдагидек, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2023 йил 1 ноябрдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Аҳоли хонадонларига кенг полосали Интернет тармоқларини олиб боришга қаратилган ҳамкорлик дастури бошланади

Президентнинг "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Электрон ҳукумат тадқиқоти" ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан:

 "охирги миля" тамойили асосида тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда аҳоли хонадонларига кенг полосали Интернет тармоқларини олиб боришга қаратилган ҳамкорлик дастури амалга оширилади.

Ижобий экологик экспертиза хулосасини олмаган объектларга нисбатан молия операциялари тўхтатиб турилади

Давлат раҳбарининг "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан:

ижобий экологик экспертиза хулосасини олмаган объектларга нисбатан молиялаштириш, кредитлаш ва бошқа молия операцияларини тўхтатиб туриш механизми жорий этилади;

экологик ҳуқуқбузарлик содир этганларга нисбатан зарарни қоплаш билан бир қаторда, зарар етказилган табиат объектини тиклаш ва унинг муайян муддат давомида муҳофаза қилинишини таъминлаш мажбурияти юкланади.

Маҳаллий ҳокимликлар ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарларининг шаҳарсозлик соҳасидаги билимлари оширилади

"Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ҳамда 2023-2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурларини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори ижроси доирасида:

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Компетенцияни ривожлантириш институти, Тошкент архитектура-қурилиш университети ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида маҳаллий ҳокимликлар ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарларининг шаҳарсозлик соҳасидаги билимларини оширишга қаратилган ўқув машғулотлари ташкил этилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг "Шаҳарсозлик ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳалари мутахассисларини сертификатлаш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги қарори билан:

шаҳарсозлик ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларида ривожланган давлатларда қўлланадиган таълим стандартлари асосида сертификатланадиган мутахассислар малакасини ошириш дастури бўйича таълим олган мутахассисларнинг соҳавий билимларини тест синовидан ўтказиб бориш тизими жорий этилади.

Инсон ресурсларини бошқаришга оид барча маълумотлар ва ҳужжатлар электрон платформада шакллантирилади

Ҳукуматнинг "Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини   бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланганидек:

республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини бошқаришга оид барча маълумотлар ва ҳужжатлар электрон платформада шакллантирилади ва юритилади (ҳарбийлаштирилган тузилмалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бундан мустасно).

"Умра" хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қўшимча лицензия талаблари ва шартлари жорий этилади

Вазирлар Маҳкамасининг "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига биноан, туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг "Умра" хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қуйидаги қўшимча лицензия талаблари ва шартлари жорий этилади:

100 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш ҳамда ушбу маблағларнинг етарли миқдорини таъминлаб бориш;

"Умра" хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлаш;

"Умра" хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши;

"Умра" хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатмаслик;

"Умра" хизматларини Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш.

Ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назорати такомиллаштирилади

Ҳукуматнинг "Ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан ўрнатиладиган тартибга мувофиқ:

давлат ёнғин назорати органларининг ижобий хулосасини олмасдан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини аукционга чиқариш, қурилиш объектлари лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектлардан фойдаланиш учун рухсатнома бериш тақиқланади;

давлат ёнғин назорати органлари қурилиш объектларида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш жараёнида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилади;

аҳоли гавжум бўладиган объектларда қонунчиликка мувофиқ ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан мажбурий тартибда идоравий ёнғин назорати ўрнатилади.

Давлат рақами белгисини ўн икки ой муддатдан сўнг яна бир йил муддатга сақлаганлик учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўлов ундирилади

Ички ишлар вазирининг "Рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини ва қатъий ҳисобдаги бланкаларни беришда, автомототранспорт воситалари, уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари)ни рўйхатдан ўтказишда, қайта рўйхатдан ўтказишда, мажбурий техник кўрикдан ўтказишда, шунингдек имтиҳонларни олишда ундириладиган тўловлар ставкаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги буйруғи кучга киради.

Унга кўра, автотранспорт воситаларига рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари бериш учун ундириладиган тўлов ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 бараваридан 3,5 бараварига;

мототранспорт воситалари, мотороллерлар ва тиркамалар (ярим тиркамалар)га рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари бериш учун ундириладиган тўлов ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 фоизидан 1,75 бараварига;

яроқсиз ҳолга келган, бузилган ёки шикастланган бир жуфт рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси ўрнига янгиларини бериш учун ундириладиган тўлов ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3,5 бараварига;

яроқсиз ҳолга келган, бузилган ёки шикастланган бир дона рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси ўрнига янгисини бериш учун ундириладиган тўлов ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан 1,75 бараварига оширилади.

Шунингдек, йўқотилган бир дона ёки бир жуфт рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси ўрнига янги бир жуфт давлат рақами белгиси бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,5 баравари;

йўқотилган бир дона рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси (мототранспорт воситалари, мотороллерлар ва тиркамалар (ярим тиркамалар) учун) ўрнига янги бир дона давлат рақами белгиси бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,75 баравари;

рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгисини ўн икки ой муддатдан сўнг яна бир йил муддатга сақлаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида тўлов ундирилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo