Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

25.05.2023


1 ИЮНДАН АМАЛДА

Ҳар галгидек янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб-тамойиллар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2023 йил  1 июндан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар ҳақида тўхталамиз.

Мулкий ҳуқуқларни чеклаётган омиллар бартараф этилади

Президентнинг "Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига асосан:

тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этиш ва расмийлаштириш тартиби;

чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолият кўрсатиш вақтига нисбатан чекловлар бекор қилинади.

Юрт учун жонини фидо қилган ҳарбий хизматчилар фарзандларининг ОТМларда давлат гранти асосида таълим олиши таъминланади

Давлат раҳбарининг "Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) фарзандлари мактабгача таълим муассасаларида бепул тарбияланиши, шунингдек, профессионал ва олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида қўшимча квоталар бўйича таълим олиши таъминланади;

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ота-оналарига йилига икки марта темир йўл ва ҳаво йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Бундан ташқари, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоларига:

ушбу ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) хизматни ўтаган масъул вазирлик ва идораларнинг тиббиёт муассасаларида бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади, шунингдек, тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида тиббий ёрдамни устувор равишда олиш ва навбатдан ташқари шифохонага ётқизиш имконияти яратилади;

юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббиёт ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул тиббий ёрдам кўрсатилади;

навбатдаги йиллик меҳнат таътилидан қулай вақтда фойдаланиш, шунингдек, йилига икки ҳафтагача муддатга иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил олиш ҳуқуқи берилади.

"Soliq hamkor"га юборилган мурожаатлар назорат тадбирлари ўтказиш учун асос бўлади

Ҳукуматнинг "Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарларни ишлаб чиқариш ҳамда айланмасига чек қўйишда жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига биноан:

товар ишлаб чиқарувчининг номидан ёки товар белгисидан (шунга ўхшатиб) ёхуд товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ёки ўтказиш; муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни бузиш; ихтирога, фойдали моделга ва саноат намунасига бўлган ҳуқуқларни бузиш; озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш ва реализация қилиш жойларида ҳашарот ва кемирувчиларнинг мавжудлиги; озиқ-овқат маҳсулотини ушбу мақсадга мўлжалланмаган жойда тайёрлаш, сақлаш ва сотиш; сифати бузилган озиқ-овқат маҳсулотини сотиш; озиқ-овқат тайёрлаш ва сотиш жойининг санитария ҳолати ўта қониқарсиз ҳолатдалиги; савдо объекти томонидан сотувга қўйилган товарга нархнома қўйилмаганлиги; сотувга қўйилган товарнинг нархи касса чекидаги нархдан фарқ қилиши; яроқлилик муддати ўтган товарларни сотиш; дори воситалари ва тиббиёт буюмларини белгиланган нархдан юқори устама қўйган ҳолда сотиш; ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шарт бўлган товарларни бундай талабларга риоя этмасдан сотиш; сифатсиз ёки контрафакт дори воситалари ва тиббий буюмларни сотиш; қалбаки, сертификати бўлмаган ва давлат рўйхатидан ўтказилмаган дори воситалари ва тиббий буюмларни сотиш; рецепт билан бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмларни рецептсиз сотиш; қалбаки акциз маркали ёки акциз маркаси мавжуд бўлмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш; мажбурий рақамли маркировка коди бўлмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотини сотиш; рухсати бўлмаган ҳолда алкоголь ва тамаки маҳсулотини сотиш; сифатсиз спирт ва алкоголь маҳсулотини сотиш; истеъмолга яроқсиз гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ёки сотиш; гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда сут ва сут маҳсулотларини ветеринария экспертизасидан ўтказмасдан реализация қилиш; гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда сут ва сут маҳсулотларини белгиланмаган жойларда сотиш; гўшт ва гўшт маҳсулотларини белгиланмаган транспорт воситаларида ташиш ҳолатлари юзасидан мурожаатлар "Soliq hamkor" ахборот тизими орқали қабул қилинади ва кўриб чиқилади.

Ҳужжатда белгиланганидек, "Soliq hamkor" ахборот тизими   орқали мурожаатлар назорат ва  бошқа тадбирларни ўтказиш учун асос бўлади;

мурожаатлар ваколатли органлар томонидан 10 иш кунида мажбурий тартибда кўриб чиқилиб, натижаси бўйича мурожаат йўллаган шахс хабардор қилинади, бундан қонунчиликда белгиланган ҳолатлар мустасно;

тасдиғини топган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жариманинг 20 фоизи, жиноятлар учун эса базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда рағбатлантирилади.

Туғилганлик "роддом"лар орқали қайд этилади

Туғилганликни тиббиёт муассасалари орқали фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида қайд этиш тартиби бутун республика ҳудудида жорий этилади.

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг "Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш тартибларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўрсатиб ўтилган.

Унда белгиланганидек:

туғилганлик ҳолати фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида қайд қилинганлиги ҳақида тиббиёт муассасалари томонидан QR-код (матрик штрихли код) тасвири туширилган маълумотнома берилади ва ушбу маълумотнома туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳномага тенглаштирилади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қабул қилишни рад этиш қатъиян тақиқланади;

туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳнома фуқароларнинг исталган вақтдаги мурожаатларига асосан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари томонидан белгиланган миқдорда герб йиғими ундирилган ҳолда расмийлаштириб берилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 июндан бошлаб:

Президентнинг "2023 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлашни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўрсатилганидек, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барча субсидиялар Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга субсидия бериш" ахборот тизими орқали амалга оширилади.

*  *  *

Давлат раҳбарининг "Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилган тартибга мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ҳар йили:

"Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар" миллий танлови ўтказиб борилади;

ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида фаолияти мазкур шахслар билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилотларда ўқув курслари ва семинар-тренинглар ташкиллаштирилади.

*  *  *

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш жараёнида қарз олувчини ID-картадаги (биометрик паспортдаги) биометрик маълумотлар асосида идентификация қилиш йўлга қўйилади.

Бу норма Президентнинг "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида мавжуд. 

*  *  *

 "2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг "яшил" иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарорига асосан: маҳсулотларни ишлаб чиқаришда экология ва атроф-муҳитга таъсирни чеклаш бўйича қўйилаётган талаблар асосида "яшил сертификатлар" тизими жорий этилади.

*  *  *

Ҳукуматнинг "Ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузуридаги "Тўмарис издошлари" жамоавий гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида:

ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотли, бириктирилган ҳудудда доимий яшовчи ҳамда мулоқотга киришувчан ва ташкилотчилик қобилиятига эга хотин-қизларни кўнгилли асосда жалб қилиш орқали "Тўмарис издошлари" жамоавий гуруҳлари фаолияти ташкил этилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo