Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
6 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

30.11.2023


Жирканч иллатга нисбатан кучли иммунитет

Коррупцияга қарши курашиш ойлиги

Вилоят ҳокимининг фармойишига асосан, жорий йил 24 ноябрдан 24 декабргача Қашқадарёда коррупцияга қарши курашиш ойлиги ўтказилмоқда.

Ойлик давомида шаҳар ва туман ҳокимликларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий   тарғибот тадбирларини ўтказиш режа қилинган. Семинар-тренинглар шаклида шу ҳафтадан бошлаб ташкил этилаётган мазкур тадбирларда коррупция ва порахўрлик табиати, уларга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари ва йўллари, комплаенс-назорат тизими тушунчаси ва унинг мақсади, коррупцион ҳаракатлар учун жавобгарлик, коррупцияга қарши фуқаролик жамияти каби мавзулар қамраб олинади. Семинар-тренингларни ўтказиш режаси ва уларнинг мавзулари рўйхати фармойиш иловаларида келтирилган.

Айни пайтда мазкур ҳужжат билан вилоят суди ва прокуратурасига ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупциявий жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларни таҳлил этиш орқали уларнинг сабаблари ва келиб чиқиш омилларини аниқлаш, таҳлил натижаларига кўра, коррупция даражаси юқори бўлган соҳа ва ҳудудларда коррупцияни минималлаштириш юзасидан асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш тавсия этилган. Бунда, табиийки, коррупциявий жиноятларга оид статистик маълумотлар, тугалланган жиноятлар бўйича суд ҳукмлари материаллари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция ва манфаатлар тўқнашувига оид мурожаатларини ҳамда бу жабҳада мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганиш ва таҳлил қилиш зарур бўлади.

Шу билан бир қаторда, фармойишга мувофиқ ҳокимликлар ва уларнинг бўйсунувидаги ташкилотларда давлат харидларини амалга оширишда (яъни тендерларни ўтказиш ва энг яхши таклифларни танлашда) қонунчилик ҳужжатларига риоя этилганлик ҳолатини ўрганиб, аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан ҳам таклифларни тайёрлаш кўзда тутилган. Бунинг учун Давлат молиявий назорати инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вилоят ҳудудий бошқармаси масъулдир.

Коррупцияга қарши курашиш ойлигида вилоятимиздаги бошқа бир қатор ташкилотлар ҳам фаол иштирок этишади. Масалан, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси фуқаролар ва давлат хизматчиларининг коррупцияга нисбатан муносабатини ижтимоий сўровнома ўтказиш орқали ўрганади ҳамда коррупция масалалари бўйича ҳудудий ва соҳа даражасида тадқиқотлар, жумладан, жамоат фикри сўровлари ва ижтимоий тадқиқотлар ташкил этади. Вилоят адлия бошқармаси, ўз навбатида, ҳам  давлат хизматчилари, ҳам аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғиботни олиб бориб, 9 декабрь - Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан вилоят ҳудудидаги таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашишга йўналтирилган тадбирлар ўтказилишини  таъминлаши лозим. Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси эса таълим муассасалари билан биргаликда коррупциянинг жиноят эканини ва унга нисбатан тоқатсиз бўлиш ғоясини ёшлар ўртасида "тенгдош-тенгдошга" тамойили асосида тарғиб қилиб, "Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш биз - ёшларнинг кундалик ҳаёт тарзига айланиши шарт" тамойили асосида иш юритади. Ойлик доирасида "Коррупция соҳасидаги қонунчилик янгиликлари", "Коррупция - жамият кушандаси", "Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз", "Биз коррупцияга қаршимиз!" каби мавзуларда ижтимоий ва анимацион видеороликлар ҳамда ҳуқуқий тарғибот материалларини тайёрлаб, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳолига етказиб бориш мўлжал қилинган.

Ўз мухбиримиз

Report typo