Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
7 февраль, сешанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

Абдужалол ТАЙПАТОВ

04.11.2022


ЗАБАРДАСТ ЖУРНАЛИСТ, МАТОНАТЛИ ИНСОН

Ҳамкасб ҳақида сўз

Қашқадарёлик журналист Норбўта Ғозиевни нафақат вилоятда, балки мамлакатимизда соҳа вакиллари яхши танишади. Узоқ йиллар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг нашри – “Ҳуқуқ” газетасининг Қашқадарёдаги мухбири бўлиб фаолият кўрсатди. Айни пайтда вилоятда чиқадиган “Адолат кучи” газетасининг бош муҳарриридир.

1969 йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти бўлимини битирганидан кейин Чироқчи тумани “Олға” газетасида ишлади. Ҳарбий хизматга бориб келди. Бироз муддат ўзи ўқиган мактабда ёшларга сабоқ берди. Сўнг Тошкентга бориб, “Ўзбекистон совет энциклопедияси”, “Ўқитувчи”  нашриётларида ишлади, мавзу олиб илмий иш қила бошлади, аспирантурада ўқиди.

Ҳаёт экан-да, оилавий шароити Қашқадарёга қайтишни тақозо этди. 1982 йилдан “Қашқадарё ҳақиқати” вилоят газетаси таҳририятида турли лавозимларда ишлади. Маълум бир муддат Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасининг Қашқадарё вилоят бўлимига раҳбарлик қилди...

1985 йили Қашқадарё вилоят газетасига ишга борганимда биринчи бўлиб йўл-йўриқ кўрсатиб, сабоқларини аямаган бу инсон билан бутун умр дўст бўлиб қолдик. Ёшимизда анчагина тафовут бўлса-да, бу бизнинг дўстлигимизга рахна сололмади.

Норбўта ака ниҳоятда кўнгли очиқ, шалдир-шулдир, сўзи билан иши бир, самимий, дилкаш инсон. У кишининг ғайрати, тиниб-тинчимаслиги, изланувчанлигига кўплаб ҳамкасбларининг ҳаваси келади. Ҳамон ёшларга ибрат кўрсатиб мақолалар ёзади. Босма матбуот учун қийин кечаётган шу кунларда ҳам вилоят прокуратураси асосий ҳамкори бўлган газетасини эплаб, ҳеч бир нашрдан кам қилмай чиқариб турибди. “Адолат кучи”ни варақласангиз, бош муҳаррирнинг салоҳияти, изланувчанлиги, ташаббускорлигига гувоҳ бўласиз.

Норбўта Ғозиев ҳаётда кўп яхши-ёмон кунларни кўрди. Етимлик азобларини тортди. Оқил фарзандлар тарбиялади. Данғиллама тўйлар қилиб, ўғилларини уйлантирди, қизларини чиқарди. Уларнинг камолини кўрди. Бугун набиралар қуршовида бировдан кам, бировдан зиёд бўлиб яшаётган бахтиёр боболардан биридир, десак, ҳеч бир муболаға эмас.

Норбўта аканинг ҳаётида кечган ташвишли, қийин кунларнинг аксариятига гувоҳман, ёнида турганман. Қайси бир йиллари бели оғриб, тушакка михланиб қолди. Тажрибали шифокор “Операцияга кўндиринг, бўлмаса оғайнингиз ногирон бўлиб қолади” деди. “Йўқ,– деди Норбўта ака қатъий. – Мени бу ердан олиб кетинг. Ўзим тузаламан”. Қатъий иродаси ва чидами, айтиш мумкинки, матонати  туфайли оғир хасталикни енгиб, оёққа турди. Қадрдон ишига қайтди.

Ўтган асрнинг охирларида Олий Мажлис депутатлигига Ғозиевнинг номзоди қўйилганда, у кишига ишончли вакил бўлиб, вилоят қишлоқларини бирга кездик, учрашувларга бордик. Оташин нутқлар сўзладик. Шунда бир нарсага гувоҳ бўлганман: оддий одамлар журналистлар, ижод аҳлини яхши кўраркан, уларни ҳурмат қиларкан, ишонаркан. Сайловда муҳим роль ўйнайдиган “каттакон”лар билан қанча баҳсу мунозараларга киришдик. Ва бугун ишонч билан айта оламизки, биз виждонимизни ҳар хил “ўйинчи”, манфаатпараст, лўттибозларга сотмадик.

Ғам-ташвишлару, қийинчиликлар, қувончли кунлар, мағлубияту музаффарият, шодликлар – бари-бари ортда ўтмиш бўлиб қолди. Бугун Норбўта ака Ғозиев ғолиб – ёруғ юз, тоза виждон билан 75 ёшга кирмоқда. Умрнинг мана шу босқичига соғ-саломат, омон-эсон етиб келди. Бундай кунлар ҳаммамизга насиб этсин.

Норбўта ака билан қанча завқли кунларни бирга ўтказганмиз, қанча ёруғ хотираларимиз бизни бирлаштиради. Қайси куни набираларини кўргани Тошкентга келганида кўришдик. Ҳали акам қиличдай. Қанча орзу-ҳаваслари бор.

- Мазза қилиб қарилик гаштини суриб юрибсизми? – дедим бағримга босарканман ҳазиллашиб.

- Қанақа қарилик? – кулди у киши ҳам. – Бор-йўғи 45 га кирдим-ку. Энди дунё кўзимга бошқача кўринаяпти.

- Яшанг, доимо шундай бўлсин. Биз сиз билан ҳали кўп довонларни бирга ошиб ўтамиз!

- Баъзилар нега ҳалиям ишлайсиз, нафақани олиб ётавермайсизми, дейишади, – дейди Норбўта ака кулиб. - Нафақага чиқиш ишдан чиқиш, дегани эмас. Донолар кексалик – аҳмоқ учун оғир юк, жоҳил учун – қиш, ижод аҳли учун – айни ҳосил бериш даври, дейишади. Аллоҳга шукр, соғлиғим жойида, қаламим қимирлаб турибди.

Шундай бир ривоят бор экан:

Чумолидан сўрабдилар:

-         Қаерга кетаяпсан?

       Каъбага,–дебди у.

       Бу юришда қачон етиб борасан?

- Етиб боролмасам ҳам, ҳеч бўлмаса, шу йўлда ўламан-ку? – дея донишмандона жавоб қайтарибди чумоли.

Мухтасар айтганимизда, Норбўта Ғозиевдай меҳнаткаш, эзгу мақсадли одамлар бор экан, жамиятимиз янада тараққий этаверади. Ёшлар у кишининг ҳаёт йўлидан ибрат олса, сира кам бўлмайди.

Абдужалол ТАЙПАТОВ,

журналист

P.S. “Qashqadaryo” ва “Новости Кашкадарьи” газеталари таҳририяти ижодий жамоаси ҳам Қашқадарёда ўзига хос журналистика мактабини яратишга муносиб ҳисса қўшган Норбўта Ғозиевни табаррук 75 ёши билан самимий табриклаб, унга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва янги ижодий муваффақиятлар тилайди.

 

 

 

Report typo